Ошибка. Неверный логин или пароль
Авторизация
Авторизован
Личный кабинет
AYOLLAR.UZ
Дунё бўйлаб аёллар тенглиги ҳақида веб-сайти
Главная/Дунё/ЧЕЧАК ЮҚҚАН ЮРАКЛАР МАМЛАКАТИ

ЧЕЧАК ЮҚҚАН ЮРАКЛАР МАМЛАКАТИ

 

Агар сени 1-2 киши ёмон кўрса ҳам, сен яхши инсон ҳисобланаверасан, сени 5-10 киши ёмон кўрса ҳам, барибир у қадар ёмон эмассан. Сени юзлаб инсонлар севмасалар, билгинки, унчалик яхши шахс эмассан. Мабодо сендан дунёнинг яртиси нафратланса, тўхта! Демак сен инсон эмассан ортиқ, жохил, қалбсиз, шафқатсиз махлуқсан. Шу ерда сенга нисбатан “инсон” атамаси тугайди.

Дунёни ларзага солган ва солаётган бу уруш - сенинг урушинг, сенинг ўзингга қарши очган урушингдир! Бир неча кун ичида сени ҳурмат қилган ва ҳаттоки сенга сиғинган кўплаб (барчаси эмас) инсонларнинг ҳафсаласини “пир” қилдинг, душманларинг сони янада ортди, балки дўстларинг сони деярли қолмагандир. Нафрат буриштирган (айтишадики, дунёдаги жамики хасталикларнинг аввали хасадгўйлик, ичиқоралик, душманлик каби ботуний хислатларданмиш) қалбинг хасталигини оламга сочдинг – юракларга чечакни юқтира бошладинг. Бу – вабо! Бир қанча йил олдин дунё батамом қутулган касалликни бу сафар сен таналарга эмас, юракларга эмлай бошладинг.

Урушдан сал аввалроқ дўстларим олдида сени ҳимоя қилганим, бу урушга кирмаслигинг, шунчаки пўписа этаётганингни айтганим учун бугун пушаймонман. Мен сенпараст эмасман, шунчаки, дунёдаги бир нечта кучли сиёсатчилар қатори сенга ҳам ҳурматим баланд эди. Энди эса у йўқ. Вайрон бўлган мамлакат, қочоққа айланган миллат, бошпанасиз қолиб, бегона юртларга кетишга мажбур бўлган оналар, болалар.. (улар сендан нафратланади). Кўз олдида хотини ва 2 нафар фарзанди отиб ташланган эркак йиғлаяпти, яраланган оёғини касалхонада кесиб ташлаганлари учун эмас, болалари чинқириғи қулоқлари остида ҳамон жаранглаётгани учун.. “Энди бу дард мен билан бир умр яшайди” дейди у. (у сендан нафратланади)

Сен бутун дунёни қайғуга солдинг. Миллиардлар юрагига дарди бедаво чечакни юқтирдинг. Дунё мамлакатларининг иқтисодиёти, бугуни, келажагини барбод қилдинг, осмонни урушнинг қора тутунига тўлдирдинг, миллиардлар қўлидан сўнгги умиди, истиқболини тортиб олдинг. Гарчи булар айнан сенинг қўлинг билан бу ҳолга келмаган бўлсада, айбдорлар рўйхатининг энг бошида сенинг отинг бор. Албатта, сен билан жанг қилаётган ҳам жохилдир. Унинг ҳам қўллари қон – ахир сенинг аскарларингни қириб ташламоқда, бу жангчиларнинг бегунох ота-онаси, рафиқаси, гунохсиз фарзандлариниг уволи шаксиз унинг бўйнида. Аммо сен янада айбдорсан. Ахир вайронагарчилик билан ғолиб бўлолмайсан, балки қонхўр деган ном билан тарихда қоласан. Сен ва сенинг рақибинг. Дунёдан яна нима истаяпсан?

Мамлакатларни майда парчаларга бўлиб ташладинг, интернет тармоқларига кириб бўлмай қолди – у ерда ҳам уруш кетмоқда, мафкуравий уруш. Фикрлардан қулоқлар шанғиллайди, Сенинг урушинг ҳақида ёзган ҳам ёзяпти, ёзмаган ҳам. Бетарафлар – урушдан нафратланган кишилар ҳам бу олатўполоннинг ичкарисида қолиб кетмоқда. Бу ерда 2 та фронт бор: “путинпарастлар” ва “америкапарастлар” ва улар бир-бирларини у қадар ғажимоқдаларки, қўрқиб кетасан киши. Кўрдингми, асл дунёни барбод қила туриб, инсонларнинг ботуний оламини ҳам хароб қилганингни! Сен ҳар икки дунё юрагига чечакни юқтирдинг, хаста этдинг - бедаво этдинг.

Уруш ҳеч қачон ўзини оқламайди. Гарчи у зарурият юзасидан амалга оширилган ва миллатни, динни, чегараларни ва ниҳоят тинчликни (қандай бемаънилик!) кўзлаган бўлсада! Инсон бошига келиб тушган снаряд зарбаси инқилоб эмас, таназзул дебочасидир. Бундан буён сен дунё пойида тиз чўкиб узр сўрасанг ҳам авф этилмайсан. Инсонга тасалли берадиган биргина умид бор, у ҳам бўлса сенинг кўзларинг тўядиган кун. Балки англарсан ва балки йўқ!

                                                                        Сабоҳат Раҳмон

Қайта чоп этиш, шунингдек ушбу сайтдаги материаллардан фойдаланишга фақат эгасининг розилиги билан рухсат берилади.
Напишите нам
это поле обязательно для заполнения
Ваше имя*
это поле обязательно для заполнения
Телефон:*
это поле обязательно для заполнения
Комментарий*
это поле обязательно для заполнения
Галочка*
Спасибо! Форма отправлена