“Туркиядаги ўзбеклар” туркумидан
Аслида исми Жонона эмас. Уни Истамбулдаги салонлардан бирида учратдим. 18 ёшли бу қиз узун, жимжимадор тирноқларини кўз-кўз қилиб ўтирарди. Ўзбекистонлик эканини англаш мушкул эмасди. Бир оз гаплашдик.
-Олти ой бўлди бу ерга келганимга. Ота-онам билан жанжаллашиб қолдим ва бор пулимга билет олиб кевордим.
-Ота-онангиз хавотир олишгандир? Гаплашиб турибсизми?
-Йўқ. Гаплашмайман. Улар хавотир олишмайди. Ўзлари зўрға 4 та укамни боқиб ўтиришибди. Ўзбекистонда нима бор? Ҳеч нарса йўқ.
-Нега ундай дейсиз? Минглаб ёшлар ўқишяпти, ишлашяпти. Ижтимоий ҳаётлари бор уларни. Билим орқасидан муваффақиятга эришаётганлар ҳам йўқ эмас.
-Сиз айтаётганлар пойтахтда бўлиши мумкин. Мана масалан менинг қишлоғимга бир боринг. Кўрасиз аҳволини. Одамлар зўрға яшаяпти, куним ўтса, свет ўчмаса бўлди, печкасига ёзи билан тўплаган тезагини ёқади. Ҳамма ердан қашшоқлик, ночорлик ҳиди келади. Ўқиш, иш дейсиз. Қаерда экан у иш? Мен у ерда битта безделникка ё россиячига эрга тегиб ўтирардим. Бола туғиб, йилларча Россияга кетган эримни кутиб..
-Бу ерга қандай келдингиз? Танишларингиз бормиди?
-Ҳааа... Бир танишим бор эди.. Аммо келганимдан сўнг бошқа жойга чиқиб кетдим ва у ерда яшаяпман.
Бу саволимга жавоб шу бўлди, холос.
-Ўзи нима учун келдингиз Истамбулга? Ишлаш учунми? Ҳозир нима иш қиляпсиз?
-Вой, тентакмисиз, опа? (?) Шу тирноқларим билан ишлайманми? Мен бу ерга бой эр топишга келганман. Қийинчиликлар жонга тегди: пул йўқ, овқат йўқ, кийим йўқ. Умринг бехудага ўтиб кетади одамни. Мен ишламайман.
-Унда қандай яшаяпсиз? Яъни ниманинг хисобига?
Жононанинг сўнгги русумдаги айфонига қарадим (бир эмас, иккита).
-Спонсорларим бор.
-Яъни?
-Сиз тушунгандек эмас, қўрқманг. Мен эркаклар билан унақа ишлар қилмайман. Фақат менга уйланадиган бойваччаси чиқса, кейин. Ҳозирча бойваччаларнинг пулини “шиляпман”, холос. Турклар осонликча уйланмайди. Улар 5-6 ой синайди. Кейин бир қарорга келади.
Жононанинг қўлидаги телефон жиринглади. “Қаердасан, хавотир оляпман?”
-Хавотирланма. Салондан чиқяпман. Бу гўзал тирноқлар учун каттакон раҳмат. Кўришгунча!
Жонона тирноқларига жилмайиб қаради ва менга “хайр” ҳам демай, салондан чиқиб кетди.
Сабоҳат Раҳмон