Муборакхон Ўрозова Жалақудуқ туманидаги 13-болалар мусиқа ва санъат мактабида тасвирий санъат, чизмачилик фанларидан ёш авлодга сабоқ бериб келади.
У педагог бўлиш билан бирга ҳунарманд, рассом, қўли гул тикувчи ҳамдир.
Аёл Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Нодира, Увайсий каби буюк аждодларимиз тимсолидаги миллий қўғирчоқлар орқали мурғак қалбларга алломаларимизга, амалий санъатимизга бўлган қизиқиш ва ҳурматни муҳрлайди.
Шунингдек, ижодкор "Лайли ва Мажнун", "Фарҳод ва Ширин" каби асарлар қаҳрамонларининг қовоқларга миниатюра ва наққошлик услубида сайқал берилган тимсоллари, қутичалар, кичик хажмли "Карвон", "Ипак йўли" деб номланган ҳайкалчалари, алоҳида дид билан ясалган гуллар, миллий кашталар орқали аллақачон амалий санъатимизнинг моҳир усталаридан бири сифатида шаклланган. Муборакхоннинг ижод намуналари турли ярмаркаларда намойиш этилиб, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар эътиборига тушган.
-Замон билан ҳамнафас қадам ташламаган инсон жамиятдан, инсонлар эътиборидан четда қолади, қолаверса, аёлларимизнинг талаб ва таклифларидан келиб чиқиб, шогирдларим билан рўмол ва шарфларимизга замонавий услубда безак бериб савдога чиқараяпмиз. Кийган кўйлакларига мослаб тикиб бераётган бош кийимлар аёлларимизга жуда маъқул келяпти, - дейди Муборакхон опа.
Муборакхон Ўрозова - табиат шайдоси. Жанубий Оламушук шаҳарчасининг сўлим табиати, бетакрор манзаралари унинг натюморт жанридаги суратларида ўз аксини топган. Бу борада у турмуш ўртоғи, таниқли рассом, Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси Рустамжон ака Ўрозовнинг тажрибасига, қўллаб-қувватлашларига суянади.
Эр-хотин – мисоли қўш кабутар. Санъатнинг жуфт қаноти ўз ижоди ва бебаҳо санъат асарлари билан юртимиз жамоли, тарихи, анъана ва қадриятларини дунёга ёйишга ҳисса қўшиб келмоқда.
– Санъат одамларимиз. Табиатдан илҳом оламиз. Борлиқ мўъжизалари билан истеъдод бир-бирини тўлдиришига имкон берамиз. Юртимизда оёғимиз етмаган бирор гўша қолмади, - дейди Рустамжон ака.
Айни пайтда Муборакхон опа сайёҳлар учун совғабоп миллий буюмлар тайёрлаш бўйича ўқув қўлланма тайёрлаш устида иш олиб бормоқда. Мақсади халқ амалий санъати, миллий ҳунармандчилигимиз анъаналарини келажак авлодга қолдириш.
Муаззам Ибрагимова