Аёлларга кўпроқ қайси машинани миниш ярашади, ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? “Спарк” ми ёки “Жентра”? Ёки энг сўнгги русумдаги “иномарка”ми? Пул бўлса, ҳар қандай машина ҳам ярашаверади, дейдиганлар топилади.
Тўғри, кейинги пайтларда автомашина ҳайдайдиган аёллар сони кўпайган. “Матиз”, “Спарк”, “Нексия”, “Ласетти”... Хуллас, уларни барча автомобиллар бошқарувида кўришимиз мумкин. Фақат “Дамас” минадиган аёллар бироз камроқ.
- “Дамас” - аёллар учун анча ноқулай, - дейди 35 йилдан буён ҳайдовчилик қилиб келаётган Ҳамрохон Шералиева. – Нозик хилқат вакилаларига бу машина ярашмайди, чунки қаттиқ, худди юк машинасидай. Аммо, “тирикчилик қиламан”, деган одамга “Дамас” - яхши мошина!
Ҳамро опанинг айтишича, ҳайдовчилик аввалига унинг учун севимли машғулот(хобби) бўлган. Аммо, бора-бора ҳаётий зарурат, даромад топиш манбаига айланган. Аёл савдо-сотиқ қилиш билан бирга, “Дамас” автомашинасида киракашлик ҳам қилади.
- Аёл киши тадбирли бўлиши керак-да, - дейди у. - Оилада ҳар-хил вазиятлар бўлади. Эркак кишининг топиш-тутиши яхши бўлса-ку, нур устига - аъло нур. Аммо, рўзғорга етказа олмасачи? Тўрт мучаси соғ, ишлашга имконияти бўла туриб, “берсанг – ейман, урсанг – ўламан!”, деб ўтирган аёлдан қандай қилиб яхши хотин чиқиши мумкин? Эримга харна енгиллик бўлади, сармоямизга сармоя қўшилади, деб ёнига кириб, биргаликда савдониям юргизамиз, кирагаям чиқамиз.
Бир пайтлар маҳалламизда эски озиқ-овқат дўкони бўларди. Болалигимда ўртоқларим билан дўкондан лимонад олиб ичганларимиз, йигитлар байрамида атирсовун, рўмолчалар харид қилганларимиз эсимда. Кейин...Матлубот жамиятига қарашли бу дўкон анча йиллар қаровсиз ётди. Бир йили “дўконни эр-хотин савдогарлар сотиб олибди, энди туну кун ишлар эмиш” деган гап эшитдим. Ҳамро опани ўшанда таниганман. У пайтлар ўзимизда ишлаб чиқарилган автомобиллар қаёқда дейсиз? Аёл эски “Москвич” машинасида дўконга маҳсулот таширди.
- Афсуски, аёл кишининг ҳайдовчилик қилишига салбий муносабатда бўлувчи кишилар орамизда кўп, - дейди аёл таассуф билан. - Гўёки, аёл киши учун машина миниш – гуноҳ, аёл киракашлик қилса, қиёмат қўпадигандай. Ҳа-ҳа, кулманг, рост айтяпман, шунақа негатив фикрлайдиган жоҳил кимсалар борки, баъзан йўлда дуч келиб қолсалар, машинаси билан қисиб ўтиб кетадилар, ёки қўлларини пахса қилиб бақирадилар. Шунақа пайтда, озгина дилим ранжийди. Бироқ, кейин “бор-ей!” деб ўтиб кетаман. Чунки, мен ўғирлик қилаётганим йўқ, ғарлик қилаётганим йўқ, ҳалол меҳнатим билан оиламга, турмуш ўртоғимга кўмаклашяпман. Мен учун муҳими, эримнинг тушуниши ва оилам кўмаги.
Ҳамро опа ҳалол меҳнати билан дўконини кенгайтирди. Эски “Москвич”ни эса “Дамас” га алмаштирди. Барча оила аъзоларини ишга солиб, савдо-сотиқни ривожлантирди. Дўкон олди нақ бозорнинг ўзгинаси, дейсиз. Минимаркетда эса жондан бўлак ҳамма нарса бор. Сотувчиларнинг қўли-қўлига тегмайди. “Дамас”ни эса навбатга қўйиб, орада ғир этиб, шаҳарга йўловчи ташиб туришади.
- Бу кунларга осон етиб келмадик. Эҳҳе, не-не қийинчиликларни кўрмадик, дейсиз. Уч нафар ёш болам билан ижарама-ижара сарсон бўлганмиз. Кези келганда бозорда юк ташидик, киракашлик қилдик, фаррошлик, деҳқончилик билан шуғулландик. Нима бўлгандаям, тинмадик. “Эр-хотин – қўш хўкиз” дейишади-ку, ахир. Мана, ҳозир ўз уй-жойимиз, иккита машинамиз бор, фарзандларни уйлаб-жойлаганмиз. Ҳаракат қилганга - Оллоҳ бераркан, - дейди аёл.
Касбнинг яхши-ёмони бўлмайди. Тўғри, киракаш аёллар жуда кам. Боз устига “Дамас” минадиганлари. Аммо, менимча, киши қайси касб-корнинг этагидан тутиши аҳамиятсиз, муҳими, топгани ҳалол бўлсин! Ҳалол меҳнат билан топилган ризқда эса - барака бор!
Муаззам СОБИРЖОН қизи