Ошибка. Неверный логин или пароль
Авторизация
Авторизован
Личный кабинет
AYOLLAR.UZ
Дунё бўйлаб аёллар тенглиги ҳақида веб-сайти
Главная/Мавзулар/"Аёлларни эрларидан, болаларни оталаридан ҳимоя қилишга тўғри келаяпти"

АЁЛЛАРНИ ЭРЛАРИДАН, БОЛАЛАРНИ ОТАЛАРИДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШГА ТЎҒРИ КЕЛЯПТИ

"Аёлларни эрларидан, болаларни оталаридан ҳимоя қилишга тўғри келаяпти"

Майрамни бўлажак эри ўғирлаб кетди ва уйланди. Биргаликдаги умри давомида аёл эрнинг калтакларига чидаб яшади, тўнғичини  қайнонаси тортиб олди. Майрам ўғлини фақатгина эмизгани келтиришганда кўрарди. Йўқ, бу ўрта аср воқеасимас. Бу ҳикоя Ғарбий Қозоғистон вилоятида яшовчи ёш бир аёлнинг бошидан кечирганлари. Нима учун аёллар зўравонликка чидаб келади, нега шикоят қилишмайди – бу ҳақда кризис марказидан тайёрланган мақоламиз орқали ҳикоя қиламиз.

Бу йил кризис марказининг ташкил топганига 10 йил тўлади. Бу ерда фуқароларга юридик ва психилогик ёрдам кўрсатилади, шунингдек, улар ижтимоий йўналтирилади. Марказда - жабр кўрганларнинг хавфсиз яшашлари ва уларга турли хил ҳунар ўргатувчи курсларда ўқишлари учун етарли шароит яратилган. Биргина 2022 йилда марказга ёрдам сўраб мурожаат қилганлар сони 455 тани ташкил этди, улардан 144 нафари марказда яшаш учун қолдилар ва уларнинг тегишли хужжатларини қайтадан тиклаш, ишга жойлаштириш, яшашга уй-жой топиш ва фарзандларини мактаб ва болалар боғчасига жойлаштиришда кўмак берилди.

“СевМАган – УРАДИ!”

25 ёшли Майрамни аввал қамалиб чиққан бир одам ўғирлади ва у бу киши билан турмуш қуришга мажбур бўлди. Эр оилавий ҳаётнинг илк кунларидан бошлаб хотинига зўравонлик кўрсата бошлади. Ўғли туғилгач, қайнона уни тортиб олди ва ўзи тарбия қила бошлади. Майрам боласини фақат эмизгани келтиришганда кўрарди, холос. Бошқа пайт уни чақалоқнинг яқинига ҳам келтиришмасди. Эр онасининг бу ишини қўлларди ва ўз навбатида эр хотинини калтаклаганда қайнона аралашмасди. Орадан 2 йил ўтиб Майрам иккинчи боласини туғди ва қизига ўзи қарай бошади. 

Майрамнинг оилавий ҳаёти калтак ва зўравонлик билан кечди. Бир неча йил сўнг ўғли ҳам Майрамни камсита бошлади. Қизи 7 ёшга тўлганда, она-қиз уйдан қочишди ва даштлар оралаб пиёда шаҳарга йўл олишди...

61974

“Кўплаб аёллар зўравон эрларнинг устидан ариза ёзмайди, чунки қариндош-уруғ ва таниш-билишларнинг гап-сўз қилиши, “уят бўлибди” дейишларидан қўрқишади, - дейди Кризис маркази директори Талшиной Жунис. – Бундай аёллар ўзи ва фарзандини боқиш учун пул топа олмаслиги; боласини отасиз ўстиришдан қўрққани; борадиган жойи йўқлиги – уй-жойсиз экани каби сабаблар аёлларнинг оёқ-қўлларини боғлайди. Айрим аёллар хотинбоз ёки зўравон бўлган эрини кўришни ҳам истамаганидан, ажрашганидан сўнг болалари учун ҳатто алимент ҳам талаб қилишмайди. Бу ҳолатда аёл собиқ эрини шунчаки унутишни истайди, ишқилиб ўзи ва фарзандларини ҳеч қачон безовта қилмаса бўлгани. Бу ҳам аёлларнинг зўравон устидан милицияга шикоят қилмаслигининг сабабларидан биридир”.

“Даштлар оралаб”

Дашт оралаб ўнлаб километр пиёда йўл босиб ўтган Майрам ва қизи оғир аҳволда, оч-нахор шаҳарга кириб келар экан, уларни бегона йўловчилар кўриб қолиб, кризис марказига олиб келишди. Мутахассислар она-болага ҳар томонлама ёрдам кўрсатишди. Марказда туриб эри билан ажрашишга ариза топширган Майрам эри уни топиб жазо беришидан қаттиқ қўрқди. Аёл ўзига бўлган ишончини буткул йўқотган ва узоқ йиллар давомида эри ва қайнонаси томонидан жисмоний, психологик зўравонлик ва қийноққа солингани учун ниҳоятда аламзада эди.  Майрам, ҳаттоки, сухбатлашаётганда иккита жумла тузиб гапиришни ҳам билмасди. “Шитир” этган товушдан чўчиб кетарди. У марказда тиббий ва психологик ёрдам олди. Майрам марказда  бир неча ой яшади, анчайин ўзгарди: ўзига бўлган ишончи ортди, марказдагилар билан суҳбатлашишни ўрганди ва унинг жисмоний ҳолати ҳам яхшиланди.

 

Бизга мурожаат қиладиган деярли барча аёллар чорасиздир - ўзи ва фарзандларини зўравонликдан қутқара олмайдилар, чунки улар ўз юридик ҳуқуқлари ҳақидаги билимга эга эмаслар. Агар аёлларимизнинг барчаси ўз ҳуқуқини билганларида эди, уй зўравонлиги ҳолатлари анчагина камайган бўларди. Биз марказимизда  зўравонликка учраган аёлларнинг нафақат юридик жихатдан саводли бўлишлари, шунингдек, ўз ҳақларини талаб қилишлари ва кейин ҳам ўзларини ҳимоя қила олишлари  учун махсус тренинг ва семинарлар уюштирамиз, - дейди Талшинай Жунис.

photo_2023-02-28_18-57-59

 

Нима қилса бўлади?

“Аслида, ҳар бир эркак ўз оиласи – хотини ва болаларини бошқалардан ҳимоя қилиши керак, - дейди Кризис маркази директори, - афсуски баъзан аёлларни уларнинг эрларидан, фарзандларни эса ўз оталаридан ҳимоя қилишимизга тўғри келяпти. Бу – жуда оғир. Биз марказга келган ҳар бир аёлга алоҳида эътибор кўрсатамиз. Бу ерда кутубхона бор, дам олиш кунлари эса аёлларни музей ва кинотеатрларга олиб борамиз. Улар марказдан кетганларидан сўнг ҳам биз уларга психологик ва юридик ёрдамларимизни беришда давом этамиз. Мақсадимиз – оилаларни қутқариб қолиш, истаймизки, оиланинг барча аъзолари хавфсизлик ва тинчликда яшасин, эр-хотин, болалар ва ота-оналар ўртасидаги муносабатлар яхшилансин. Ҳар  бир аёл ўз уйида яшаши керак!”

Сўнгги сўзни у айтади!

Майрам Кризис марказида бир неча ой яшади. Консультациялар, тренинглар, якка ва гурухлардаги машғулотлар унга ўзини танишида ёрдам берди. Майрам бу ерда бир нечта ҳунар ўрганди, ишга жойлашди ва қизини мактабга чиқарди. Биринчи ойлигини олиши билан қишлоғига, ўғлини олиб келишга борди. Бироқ ўғли онасини танимади, у бувисини ўз онаси деб биларди...

Шунингдек, Майрам ўз онаси билан алоқасини тиклади (аёлнинг сўзларига кўра, куёви унга қизи билан кўришишни тақиқлаган экан). Она қизи ва неварасини ўз уйига олиб кетишга тайёр эканини, моддий ва маънавий ёрдам беришини билдирди. Энг муҳими, эндиликда Майрам ўз ҳаётига доир мустақил қарорлар қабул қила олади.

photo_2023-02-28_17-46-38

 

“Оила” («Отбасы») маркази

“Марказ ўз фаолиятини 2020 йили кризис маркази қошида бошлади. Бу ерда нафақат кўпболали, кам таъминланган оилалар, шунингдек, қийин вазиятга тушиб қолган барча фуқаролар ижтимоий қўллаб-қувватланади. “Оила” маркази ҳуқуқий, психологик, ижтимоий муаммолар ҳамда бизнес юритиш соҳасида ахборот-консультатив ёрдам кўрсатади. Бугунгача марказ 4210 мурожаатчиларга 7350 та хизмат кўрсатди”, - дейди “Оила” (“Отбасы”) маркази раҳбари Бўтакўз Зайнуллина.

IMG_3385

Уйғониш

Динора, 36 ёшда, оилали. 4 фарзанднинг онаси.

Мен Чингирлау туманиданман. Қишлоқдан келиб, шаҳарда Унинверситетда ўқидим. Уни тамомлаганимдан кейин эса турмушга чиқдим ва бошқа ишлай олмадим. Фарзандларим туғилди, қайнонам ва қайнотам бор. Уй юмушлари, болалар тарбияси билан уйда қолиб кетдим. Орадан 12 йил ўтди. Болаларим улғайишди, эрим ишда. Бундан сўнг мен оддий уй бекасига айлангандим, (фарзандлар ҳамиша ота-оналардан ақллироқ бўлишади), улар менга ҳаёт тарзимни ўзгартиришим ва бирор иш билан шуғулланишим кераклигини айтишди. Бир куни уйимизга қайинсинглим келди ва битта марказ очилгани, у ерда бепул курслар борлигини айтиб қолди. Эртаси куниёқ, биз бирга “Оила” марказига бордик. Бизни илиқ кутиб олишди ва мендан қайси курсда ўқимоқчи эканлигимни сўрашди. Мен анчадан бери қуроқ кўрпа тикишни ўрганмоқчи бўлиб юрганимни айтдим. Марказдагилар менга шундай ўқув курси борлиги, аммо бир оз кутиб туришим кераклиги, курсга етарли киши тўпланганда менга хабар беришларини айтишди.

IMG_3521

Мен бу курсни бекорга танламагандим. 2019 йили онам, мен ва синглим қуроқ кўрпа сотиб олгани бозорга бордик, чунки ўша пайтда синглим турмушга чиқаётганди. Аммо бозорда бундай кўрпаларнинг нархи қиммат эди – 18 000 тенге (500 минг сўм) дан бошланарди. Ўша пайтда “менинг икки қизим бор, агар бу ҳунарни ўзим ўрганиб олсам жуда яхши бўларди” деган фикр хаёлимдан ўтди. Ўшанда (пандемия пайти эди) қуроқ кўрпа курси онлайн ўтиларди, аммо нархи жудаям қиммат эди, бунинг устига, уни онлайн ўрганиш мушкул эди. Мана, орадан 2 йил ўтиб, ота-бобомиздан қолган бу ҳунарни “Оила” марказида бепул ўрганиш имконияти пайдо бўлганди ва мен бундан жуда бахтли эдим!

Вақт синовидан ўтган бахт

“Оила” марказига ҳар куни 16-25 киши келади. Бу ерда турли хил хунарларни ўргатадиган мастер-класс ва тренинглар ўтказилади. Одатда, машғулотларимиз тушликдан сўнг бошланади, чунки кўпчилик аёллар оила ва уй ишларини бажариб, куннинг иккинчи ярмидан сўнггина бўшай олишади. Агар болаларини қолдирадиган кишиси бўлмаса, шу ерга олиб келишади. Оналари хунар ўрганиш курсига кириб чиққунларигача бизнинг энагалар уларнинг фарзандларига қараб туришади”, - дея сўзида давом этади Бўтакўз Зайнуллина.

 

Ғоя учун грант

“Тез орада мен қуроқ кўрпа тикишни ўрганиб олдим. Лекин бу иш ниҳоятда машаққатли эди. Нуқтадек хато учун устозимиз кунлаб тиккан этакдек чойшабни охиригача сўкиб чиқишга мажбур этар, хатони тўғрилагач, яна бошдан тикиб чиқардик. Мен бу қийинчиликларни енгдим, чунки бу хунарни эгаллашимга шубҳам йўқ эди. Бундан ташқари, қуроқчилик менинг қонимда бор эди: бобом қўлигул хунарманд бўлиб, қуроқ кўрпа тикишда ҳам моҳир бўлганлигини билардим.

IMG_3446

Қуроқ кўрпа курси ва тренингини тамомлаганимдан сўнг, марказдагилар бу ҳунар бўйича давлатдан бепул грант олишим мумкинлигини айтишди. Мен грант олиш учун меҳнат биржасига керакли хужжатларимни топширдим. Орадан оз вақт ўтгач, мен ўз бизнес-режамни махсус комиссия олдида муваффақиятли ҳимоя қилдим. Бир неча кундан сўнг менга қўнғироқ қилишиб грант ғолиби бўлганим билан табриклашди... Ўша пайтнинг ўзида мендан ташқари яна 11 киши бепул грантни қўлга киритибди.

2021 йилнинг 15 июнь кунидан бошлаб мен грант пулига олинган 3 дона тикув машинаси билан ўз ишимни бошладим”.

photo_2023-02-28_19-12-40

Майрам ва Динора

Икки хил тақдир эгалари – бир-бирларига бегона бўлган бу икки аёлни бир ерда бирлаштириб, иккисига ҳам ўз ҳаётларини янгидан бошлашларига имкон берган майдон – Кризис маркази бўлди. Бу ерда Майрам хотиржамлик ва эркни қўлга киритиш учун ўзида куч топди, марказ мутахассислари билан бирга умрини захарлаган ўтмишидан кечиб, аёл ва инсон сифатида янги ҳаётини бошлади. Бугун у ўзини “ярим она” сифатида ҳис этаяпти, чунки унинг ёнида ўғли йўқ, аммо Майрам вақти келиб ўғлининг  ҳақиқий онаси ёнига қайтиб келишига ишонади ва ўшанда аёл болалари ёнида ҳақиқий бахтга эришади.

photo_2023-02-28_19-01-48

Ўз ҳаётини оиласига бағишлаган Динора ҳам шахс сифатида шакллана олишини исботлади. Ва чиндан ҳам, ўз меҳнати билан эри, болалари, яқинлари ва таниш-билишларининг ҳурматини қайтадан қозона олди. Динора бундан сўнгра қуроқ кўрпа бизнесини кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратишни режалаштирмоқда.

Бу икки аёл миллати ва мамлакатидан қатъий назар, барча аёлларнинг рамзидир. Аёлларни турли лойихалар доирасида қўллаб-қувватлаган давлат, шунингдек, аёлнинг оила ва жамиятдаги ўрнини мустахкамлашга ҳам ёрдам беради ва уларнинг ўзларига бўлган ишончларини оширади. Бу ҳақиқий мўъжиза ярата оладиган оқилона қарорлардан биридир.

IMG_3523

   Ва нима бўлишидан қатъий назар, кризис маркази ва “Оила” нафақат уй зўравонлиги қурбонлари, шунингдек, кўпболали, кам таъминланган оилалар ва оғир вазиятга тушиб қолган инсонлар учун янги ҳаётнинг бошланиши нуқтаси бўлиб қолади.

                                                                                                                       Сабоҳат Раҳмон

Теги насилие зўравонлик
Қайта чоп этиш, шунингдек ушбу сайтдаги материаллардан фойдаланишга фақат эгасининг розилиги билан рухсат берилади.
Напишите нам
это поле обязательно для заполнения
Ваше имя*
это поле обязательно для заполнения
Телефон:*
это поле обязательно для заполнения
Комментарий*
это поле обязательно для заполнения
Галочка*
Спасибо! Форма отправлена