Украиналик аёл биринчи ўринда, эрксевардир, бўйсунмасдир. У ўзига тегишлини охиригача ҳимоя қилади – у хоҳ инсон бўлсин, хоҳ Ватан. Украин аёли нафосатли бўлиш билан бирга, қаттиққўл ҳамдир. Биз туғилгандан бошлаб мустақилмиз, ҳарҳолда. Бизнинг эркимиз мана бу ерда, кўксимизнинг ўнг тарафида – юрагимизда бўлса керак ва эрксеварлик бизга она сути орқали ўтади. Эрларимиз ёнимизда бўлса ҳам, улар бизни ҳамиша қўллаб-қувватласа ҳам, нималарнидир биз ўзимиз қилишни хоҳлаймиз. Ўз кучимизга кўра, ақлимиз билан, шахсимизга тегишли “ниманидир” яратиш, мустақил фикрлаш – украин аёлига хосдир. Бизлар, айниқса, эркакларга қарам бўлиб яшашни севмаймиз. Биз гендер тенглик бўлиши керак деб ҳисоблаймиз – мана, биз қандаймиз!
Оилада 6 та қиз, 4 ўғил эдик. Отамиз бизни “сиз”лардилар, айбимиз бўлган ҳолатдагина “сиз” калимаси “сен”га айланар ва биз нотўғри иш қилганимизни дарҳол тушунардик. Отамиз бизга ҳеч қачон бировларни ғийбат қилишимизга изн бермас ва бунинг гунох эканини англатардилар, қалбларимизни китобга ошно этган, ўзларининг ҳеч бир қарорини бизга зўрлаб сингдирмаган, фарзандларига яширин севги-ю, ошкора иззат берган – дунёнинг энг хуш инсони эди отамиз. Мен жудаям бахтли оилада катта бўлганман. Балки шунинг учун бўлса керак, эрк ва руҳан озодлик тушунчаси жинс танламаслиги, аёллар ҳам ғурурли, мустақил бўлишлари шарт деб ҳисоблайман.
Кўпчилик ўзбек хонадонларида фарзандларни - айниқса, қиз болаларнинг юрагига қўрқув солиб, ундаги эркинликни бўғиб - тарбия қилишади. Аслида озодлик тушунчаси ҳар бир юракда мавжуд – кимда яширин, кимда ошкор. Уни минг карра бўғсангиз ҳам, бу руҳ ҳолати - албаттта бир ерда ўзини ошкор этади – портлайди. Кўп ҳолларда у, афсуски, салбий ҳолларда намоён бўлади. Оиладаги оғир муҳитдан бўғилган қизлар вояга етгач, бу ердан узоқларга кетиш ёки кимга бўлса ҳам тезроқ турмушга чиқиб, бу мусибатли хонадонни тездан тарк этишни хоҳлайди. Айнан шу нуқтада уларнинг кўпчилиги хатога йўл қўяди – оиладаги эрксизлик туфайли бир хунарнинг этагидан тутмасдан, қўллари қабарса ҳам, “ички хотиржамлиги” учунгина чидашга мажбур бўлади ёхуд яхшими-ёмонми, бир инсонни суриштирмай ёки билатуриб иккинчи, учинчи ва ҳатто тўртинчи хотин бўлишга ҳам розилик бераверишади. Ишқилиб, тезроқ бу – юрагидаги эркка изн бермаётган, муҳаббатсиз, ғурбатли, уруш-жанжалли хонадондан кетиб, қалби осойиш топадиган бир ерга кетса бўлгани. Мен болаликдан таниган жуда кўплаб оилаларда ва уларнинг-да фарзандлари орасида бу воқеаларни кўп учратганман.
Севгисиз оилаларнинг кулфати шудир.
“Ҳар бир украин солдати ортида украин аёли турибди”
(Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси иккинчи котиби - Максименко Наталья Виталиевна билан суҳбат)
Савол: - Украин аёли ким аслида?
Н.М.: Украиналик аёл биринчи ўринда, эрксевардир, бўйсунмасдир. У ўзига тегишлини охиригача ҳимоя қилади – у хоҳ инсон бўлсин, хоҳ Ватан. Украин аёли нафосатли бўлиш билан бирга, қаттиққўл ҳамдир. Биз туғилгандан бошлаб мустақилмиз, ҳарҳолда. Бизнинг эркимиз мана бу ерда, кўксимизнинг ўнг тарафида – юрагимизда бўлса керак ва эрксеварлик бизга она сути орқали ўтади. Эрларимиз ёнимизда бўлса ҳам, улар бизни ҳамиша қўллаб-қувватласа ҳам, нималарнидир биз ўзимиз қилишни хоҳлаймиз. Ўз кучимизга кўра, ақлимиз билан, шахсимизга тегишли “ниманидир” яратиш, мустақил фикрлаш – украин аёлига хосдир. Бизлар, айниқса, эркакларга қарам бўлиб яшашни севмаймиз. Биз гендер тенглик бўлиши керак деб ҳисоблаймиз – мана, биз қандаймиз!
Бугунги кунда ўз Украинаси билан фахрланмаган, жанг майдонида юрти мустақиллиги учун курашаётган ҳарбийларимиз, оддий инсонларимиздан ғурурланмаган, ғурурланмаётган бирорта украиналик аёл йўқ десам, муболаға бўлмас. Мамлакатимиз узра илк бомбалар портлай бошлагандаёқ, украиналиклар бир бутунга айланди - эркакларимиз Ватан ҳимоясига отланган бўлсалар, аёлларимиз жангчиларимиз ортида туриб, уларнинг томирига қон, юрагига шиддат бўлдилар – Украинани қалбидан туриб ҳимоя қила олди украин аёллари; кўнгиллилар отрядлари тузди, керак бўлса, қаҳрамонларимиз учун кийимлар, рамз сифатида минглаб Ватан байроқларини тикди, аскарларимизга далда бериш, кучларига куч қўшиш учун ўз қўллари билан уй таомлари тайёрлаб жанг майдонларига жўнатдилар. Украин аёллари жасурдирлар, улар қараб ўтирмайди, балки ғалаба учун, Ватан озодлиги учун ўз ҳиссасини қўшишга бор кучини сарфлайди. Чунки бу бизнинг Ватанимиз ва унинг эртасининг қандай бўлишига биз бефарқ бўлолмаймиз, чунки эртага бу юртда бизнинг фарзандларимиз яшайди. Менинг ҳам ўғлим бор. У мактабни тамомлаяпти ва Украинага бориб, ўша ерда ўқишни жуда хоҳлайди. Бу уруш бизнинг ягона халқ эканимизни бизга англатди.
Савол: - Сиз - украин аёллари қаҳрамонлик хислатини қаердан олгансиз?
Менимча, тупроқдан, биз туғилган ва яшаётган тупроқдан. Биз ҳамиша озодлик учун курашган халқмиз ва шунинг учун ҳам бу куч бизнинг руҳимизда ҳамиша уйғоқ, йўқолмайди у. Бу тупроқда яшаб ўтган казак боболаримиз руҳи бор бизда, биз бошқача бўлолмаймиз. Уруш туфайли кўпчилик украин аёллари вақтинча дунёнинг турли ерларига кетишга мажбур бўлишди, аммо улар қаерда бўлишларидан қатъий назар, барчалари Ватан учун, унинг озодлиги йўлида ёрдам бермоқдалар. Бизнинг украин номли руҳимизни синдириш мумкин эмас!
Ватаннинг қандайлигини аёлдан сўра, юртнинг жамолини аёл таъриф этсин, демишлар. Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси иккинчи котиби бўлмиш Наталья хоним Максименко юртидан узоқда, аммо зиммасидаги мамлакати юкламиш вазифаларни бажараётган бўлса-да, қалбида украин аёли жасоратини кўтариб юрибди. Ватани ҳақида сўзларкан, бармоқлари титрагани, юзлари лов-лов ёнганидан юрагида юрт ишқи борлигини ҳис этдим..
Нима учун юқорида ўзбек хонадонларидаги қиз тарбияси ҳақида сўз бошладим? Юракдаги жасорат оилада туғилади, менимча. Оилада севилиб вояга етказиладиган қизлар саодатли, ҳур аёлларга айланади. Сўнгроқ фақат уларгина ватанини ўз ота-онаси каби сева олишади, унинг учун жонларини фидо этишади.
Агар ўз мамлакатимда шундай аёллардан юз нафарини топа олсам – бахтли бўлардим. Умид қиламанки, улар сони бундан-да кўпроқдир...
Сабоҳат Раҳмон