Ошибка. Неверный логин или пароль
Авторизация
Авторизован
Личный кабинет
AYOLLAR.UZ
Дунё бўйлаб аёллар тенглиги ҳақида веб-сайти
Главная/Мавзулар/Ғассоллик – ҳар бир аёл билиши керак бўлган вазифа

Ғассоллик – ҳар бир аёл билиши керак бўлган вазифа

Ғассоллик – ҳар бир аёл билиши керак бўлган вазифа

Дунёда шундай бир касб-кор эгалари борки, уларга шоҳнинг ҳам гадонинг ҳам бирдек иши тушади. Улардан бири гўрковлар бўлса, яна бири – кишини сўнгги манзилга, охират  уйига поклаб жўнатувчи ғассоллардир. Айрим маҳаллаларда бу савоб юмуш билан шуғулланувчи алоҳида кишилар  бор.  Аммо, ғассол йўқ пайти майитни ювиш ва кафанлашни асосан отинойилар бажарадилар.

Ойтожихон Ҳамроқулова 30 йилдан зиёд вақт давомида туман туғруқхонасида доя бўлиб ишлаган. Нафақага чиққач, маҳалла ишига шўнғиди. Одамларнинг тўю-тантана, маърака- маросимларида беминнат хизмат қилиш учун бел боғлади. Ғассол онасидан ўрганганлари, доя бўлиб ишлаган жойидаги тажрибаси қўл келиб, аза маросимларида майитни ювиш, кафан бичиш ва кафанлаш каби юмушларда ёрдам бера бошлади. Мана, 10 йилдирки, Ойтожи Ҳамроқулова отинойилик қилиб келмоқда.

photo_2023-02-25_09-11-26

- Ёшлигимда - қувончу шодликлар билан дунёга келган чақалоқларни кутиб олиб, поклаб йўргакка ўраган бўлсам,   ёшим ўтганида - охиратга рихлат қилаётганларни яна поклаб, кафанга ўраб, сўнгги манзилига кузатаяпман. Яратган шундай масъулияти, савоб ишни бажаришни тақдиримга битибди, алҳамдулиллаҳ! – дейди Ойтожи отин.

Отиннинг айтишича, бу юмушни аслида вафот этган инсоннинг яқинлари бажариши керак. Аммо, баъзи бир одамлар майитдан қўрқадилар. Шу сабаб, хонадон эгалари дарров ғассол чақирадилар.

photo_2023-02-25_09-12-25

- Ўлим ҳақ, у эшик тақиллатиб, олдиндан хабар бериб келмайди. Шундай бўлгач, майит ювиш, кафанлашни ҳар бир мусулмон киши билиши шарт. – дейди ғассол. – Оналари вафот этса қизлари ё келинлари, оталари ўтса ўғиллари ювиши керак. Борган хонадонларимизда “қўрқиш керакмас, майит ўзингизни яқин одамингиз, фақат руҳи чиқиб кетди холос, яқин келинг, у ҳозир сизга муҳтож” деб, уларга ювиш сирларини, қонун-қоидаларини ўргатамиз.

-Илк марта майит ювганингизда нималарни ҳис қилгансиз?

-Фақат қайғу бор эди, чунки, илк марта онам раҳматлини ювишга кирганман. Оилада беш қиз эдик. Онам “Агар вафот этсам, ювгани фақат ўзинглар кирасизлар”, деб васият қилган. Яна, “руҳим ажралиши билан кўзимни уқалаб-уқалаб юмиб қўйгин, одамларнинг кўзига қўрқинчли кўриниб қолмайин, жағимни танғиб, чиройли қилиб ясантириб қўйинглар, ювинтираётганингларда сувга райҳонлардан солиб қўйинглар хушбўй бўлиб турсин!”, деб айтарди. Раҳматли райҳонларни яхши кўрарди. Ҳеч қанақа сесканмасдан онамни чиройли ҳолатда ювинтирганман.

photo_2023-02-25_09-12-20

-Майит ювишда қандай амаллар бажарилади?

-Аввало, ният қилинади. Ювишдан олдин маййитни нажосатлардан холи қилиш учун бир оз ўтиришга мойил қилиб, қорни силанади. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, майитни усти очиқ ҳолатда ювишлик, кўз ташлашлик макруҳ саналади. Майитни усти барча авратлари беркитилган ҳолда, мато билан ёпилган бўлиши керак. Сўнг истинжо қилдирилади.

Ғассол қўлига қўлқоп кийиб(кафанликдан ошган матодан тикса ҳам бўлади, тиббиёт қўлқопи ҳам ишлатиш мумкин), у билан аврат аъзоларини сув қуйган ҳолда ювиб чиқади. Қўлқопсиз, қўл билан ушлаш - харом. Сўнг инсон тириклигида қандай таҳорат олса, шундай таҳорат қилдирилади, лекин оғиз-бурнига сув олдирилмайди. Негаки, ичига сув кириб кетса, уни чиқариш қийин. Қўлқопни хўллаб, маййитнинг лаби ва бурнининг атрофларини ювиб чиқади. Мато остидан чиқариб, аввал ўнг қўлини, сўнгра чап қўлини тирсаклари билан қўшиб ювилади. Оёқлари ҳам шундай тартибда, тўпиқлари билан ювилади.

photo_2023-02-25_09-13-02

Таҳорат қилдирилгач, совун билан аввало маййитнинг боши, юзи ювилади. Сўнгра маййитни чап ёни билан ётқизилади ва босиб ётган жойларигача сув борадиган қилиб ўнг елкасидан бошлаб, оёғигача сув қуйиб, совунлаб, ишқаланади. Сўнг сув қуйиб, чайилади.
Кейин эса ўнг тарафига ёнбошлатиб, худди шундай қилинади. Мана шундай тартибда ўгириб ювиш уч марта такрорланади. Ювиб бўлингач, кафан ҳўл бўлмаслиги учун маййитнинг бутун бадани тоза латта билан артиб, қуритилади.

-Ғассолликнинг қандай шартлари бор?

- Ғассол - ювиш ишларини яхши биладиган, таҳоратли (таҳоратсиз бўлса ҳам жоиз), ишончли, тақводор бўлгани афзал. Майит эркак бўлса, эр киши, аёл бўлса, аёл киши ювиши керак. Эркакни аёл киши ёки аксинча, аёлни эркак киши ювиши мумкин эмас. Ҳанафий мазҳаби уламолари “киши ўз хотинини ҳам ювиши мумкин эмас”, дейдилар. Чунки, аёл вафот этиши билан ўрталаридаги никоҳ узилади ва  хотин эрига номаҳрам бўлиб қолади. Аммо истисно тариқасида хотин ўз эрини ювиши мумкин. Балоғатга етмаган ўғил ёки қиз болани эркак ҳам, аёл ҳам ювишлари мумкин. Ғассол ёлғиз ўзи ювишга қийналса, бошқани ёрдамга таклиф қилиши дуруст. Маййитни ювганда авратига қараш мумкин эмас. Шунингдек, ғассол маййитнинг баданидаги айб ва нуқсонларни бошқаларга айтмаслиги шарт. Ювинтириладиган сув қайнатилган бўлиши, иссиқроқ бўлиши лозим.

photo_2023-02-25_09-12-12

-Кафанни олдиндан бичиб қўйса бўладими?

- Баъзилар, “менга олдиндан бичиб беринглар, сақлаб қўяман”, дейди. Баъзилар эса, “вафот этганимда, кўпчилик бўлиб, ҳислатларимни гапириб ўтириб, тайёрлайсизлар”, дейди. Ҳар кимнинг ўз хоҳиши. Унисиям маъқул, бунисиям. Аввалдан бичиб қўйсаям, зарари йўқ. Ана шу кунда бичилсаям нур устига аъло нур.

-Кафанлик учун неча метр мато керак бўлади?

-Агар эни энлик сурп матоси бўлса, 25 метр, эни энсиз бўлса, 30 метр кетади. Уни ҳаммасиям ўраш учун ишлатилмайди. Бичаётган пайтимизда ёнидан ёндамалари чиқиб қолади. Ана шулардан фартук, қўлқоп тикилади. Сочлари, баданларини артиб қуритиш учун ҳам ана шу қийқимлари ишлатилади. Эркак киши ва аёл кишининг кафанлигида фарқ бор. Эркакларга уч, аёлларга беш қаватлик кафанлик буюрилган.

Ойтожи опа илми, ҳаётий тажрибаси, жамоатчилик ишига меҳри сабаб қадр топди. Жалақудуқ туманига бош отинойи этиб тайинланди. Унинг қўл остида 30 дан ошиқ отинойилар фаолият кўрсатадилар. Уларга “Сўфиқишлоқ” жоме масжиди биносидан хона ажратиб берилган.

photo_2023-02-25_09-12-53

- Туман бўйича 63 та маҳалла бор. Тан олиш керак, отинойиларимиз етишмайди. Шу сабаб маҳалланинг келинлари, қизлари орасидан ўзлари хоҳиш билдирганларини шогирдликка оламиз. Уларга  Ўзбекистон Мусулмонлар идораси томонидан берилган қўлланмалар, китоблар асосида дин аҳкомлари, шариатимиз мезонларини ўргатамиз. Отинойи ё ғассол эмас, ҳар бир аёл билиши ва бажариши лозим бўлган вазифаларни тушунтирамиз, - дейди у.

Инсон - моддий таъминот учун ишлайди. Меҳнатига яраша ҳақ олади, тирикчилик ўтказади. Аммо, отинларнинг ойлик маошлари йўқ. “Бепул қандай ишлайсиз?” деб берган саволимга, Ойтожи опа “савоб учун ишлайман”, деб жавоб берди.

-Ғассоллик  - касб ҳам, ҳунар ҳам эмас, отинойининг елкасидаги вазифа саналади. Ҳар бир отинойи ғассол бўлмаганда ғассоллик вазифасини, кафанловчи бўлмаса кафанлаш ишини бажариши лозим. Лекин, унга ҳақ олмаслиги керак. Баъзан,  “ғассолга, кафанлаганга кўп нарса берилади”, деган гапларни эшитиб қоламиз. Бу - ҳар бир отинойининг виждонига ҳавола. Холис хизмат қилаётганда гўрковлар ҳам, ғассоллар ҳам ҳақ олмаса, нур устига - аъло нур бўлади. Шунингдек, майитни юваётганда бўладиган ҳар-хил ҳолатларни гапириб чиқиш катта гуноҳ. Шундай экан, ўлган одамнинг айби, нуқсонларини ёймасдан, чиройли ҳолатда ювиб-кафанлаб, Аллоҳнинг ҳузурига, қабрга кузатишимиз керак. Ҳаёт - аслида бешик ва тобут орасидаги синовли йўл! Уни қандай босиб ўтиш - ҳар кимнинг ўзига боғлиқ.

photo_2023-02-25_09-12-41

 

Муаззам СОБИРЖОН қизи

 

 

 

 

 

Қайта чоп этиш, шунингдек ушбу сайтдаги материаллардан фойдаланишга фақат эгасининг розилиги билан рухсат берилади.
Напишите нам
это поле обязательно для заполнения
Ваше имя*
это поле обязательно для заполнения
Телефон:*
это поле обязательно для заполнения
Комментарий*
это поле обязательно для заполнения
Галочка*
Спасибо! Форма отправлена