Ошибка. Неверный логин или пароль
Авторизация
Авторизован
Личный кабинет
AYOLLAR.UZ
Дунё бўйлаб аёллар тенглиги ҳақида веб-сайти
Главная/Мавзулар/Менинг эрим - мигрант!

Менинг эрим - мигрант!

Менинг эрим - мигрант!

Миграция ишсизликка ечимми?

Қаҳрамонимиз Нилуфар 26 ёшда. Ўғли ва қайнонаси билан бирга тўрт ойдан бери Олмалиқ шаҳрида яшаб келмоқда. Унинг турмуш ўртоғи 32 ёшли Сардор Шерматов Россияга ишлаш учун кетган. Бир ёшли ўғли ҳали гапира олмайди. "Ўғлимнинг кўзларидан отасини соғинаётганини кўраман. Телефонда дадасини кўрса, кўзлари чақнайди, отасини бағрида бўлгиси келаётганини ҳис қиламан”, — дейди Нилуфар. Ишсизлик Сардорни кетишга мажбур қилди. Аёли эса бир нафар фарзанди билан моддий ёрдамга муҳтож. Моддий етишмовчиликлар юз минглаб ўзбек эркакларини хорижда ишлашга мажбур қилмоқда.

photo_2023-05-08_17-31-35

“У Россияга кетганидан сўнг, аҳволимиз янада ёмонлашди. Озиқ-овқат  учун пул етарли эмас. Гўштни жуда кам истеъмол қиламиз, асосан ейишимиз гуруч ва картошка. Баъзан тушлик ва кечки овқатда шунчаки пиёз қовурамиз”, - дейди бу оила аёллари. Нилуфар ўз ҳикояси орқали уйидан минглаб чақирим узоқда ишлаётган эри ва усиз ҳаётида қандай ўзгаришлар бўлгани ҳақида гапириб беради.

Турмушнинг «мушти»

Нилуфар Шерматова ўз ҳикоясини шундай бошлайди:

- Турмуш ўртоғим билан 2020-йилда совчилар орқали танишганмиз. Тақдир экан, тез орада тўйимиз бўлиб ўтди. Бир нафар фарзандли ҳам бўлдик. Аввалига яхши яшадик. Ҳаётимдан мамнун эдим. У вақтда Сардор акам ишларди. Кўп ўтмай иш жойида ойликлари негадир вақтида бўлмай қолди. Кредитларимиз борлиги сабабли оилада етишмовчиликлар бошланди. Эрим маошини вақтида ололмаганлиги учун ишдан бўшашга мажбур бўлди. Қурилиш ишларига ҳаракат қилмоқчи эди, бироқ совуқ бошланганлиги сабабли иш тополмади. Фарзандимга дори-дармон, тагликлар, қўшимча овқат учун ҳам анча-мунча харажат қилардик. Ўз уйимиз йўқ, Ижара нархи эса қиммат. Турмуш ўртоғим ишсизлиги сабаб моддий қийинчиликларимиз кўпайиб, пулсиз қолиб кетдик. Ишсизлик ва пулсизлик Сардор акамни Россияга кетишга мажбур қилди. Кўпроқ ишлаб уй оламан, деган мақсадда кетдилар.

photo_2023-05-08_17-31-30

Сардор Шерматов ҳали Россияда иш топмагани учун ўзи ҳам у ерда қийналаяпти Оиласи эса буёқда. Нилуфар квартира пулини тўлай олмагани учун, ижара шартномаси қилиб, бир йиллик ижара ҳаққини тўлаб беришга ҳокимиятдан ёрдам сўради.

Соғинч тилга кирганда...

Нилуфар турмуш ўртоғисиз ўтаётган кунлари ҳақида сўзлар экан, уни сўзсиз соғинаётганини таъкидлади: 

Турмуш ўртоғингиз ёнингизда бўлса, суянган тоғингиз бўлади, ўзингизни анча енгил ҳис қиласиз, қийинчиликлар бу даражада сизни эзиб қўймайди. Усиз бир нимангиз йўқдай бўлади. Масалан, оилада эркак киши бўлса, керакли нарсани топишга ёрдам қилади, рўзғор юки уни гарданида бўлади. Ҳозир икки аёлмиз, ожизамиз. Қўлимиздан ҳеч нарса келмаяпти. Сардор акам телефон қилсалар, аҳволимизни уларга рўй-рост айта олмаймиз, сиқилмасин, ўйланмасин бегона юртларда деб индамаймиз, - дея ҳикоясида давом этди Нилуфар.

photo_2023-05-08_17-28-06

Борини фарзандига бағишлаётган қаҳрамонимиз турмуш ўртоғи ҳақида сўзлар экан, у билан бир мартагина тоққа саёҳат қилгани, ундан кейин бирор марта ҳеч қаерга бормагани, бу охиргиси бўлгани, яна шундай саёҳатларга Сардор ва фарзанди билан боришни, яна бир оила бўлиб тўкис ҳаёт кечиришни орзу қилиб яшаётганини таъкидлайди.

 Моддий жихатдан қийналган Нилуфар турмуш ўртоғининг ёнида бўлган дамларини эслаб, “турли ерда вақтинчалик ишлаб бўлса-да, пул топиб келар, фарзандимизни ҳеч нарсадан кам қилмасликка ҳаракат қиларди”, дейди. Эри кетгандан кейин фақат бола пулига қараб қолган қаҳрамонимиз борига ҳам, йўғига ҳам, битта нон билан қолиб кетса ҳам қора қозонини қайнатиб, борини еб ўтиришга мажбур бўлиб қолди. Қариндошлари орада оз-оздан ёрдам беришиб туради.

photo_2023-05-08_17-43-59

Нилуфарнинг айтишича, энг кўп ейдиган овқатлари гуручли мастава ва шавла, баъзан картошка пиширишади, аммо гўштсиз. Аёл саноат касб-ҳунар коллежини тамомлаган, бироқ ҳеч қаердан иш топа олмаган, ишсиз. Эри ёнида эмаслиги етмагандек, ўзи учун иш топа олмаётгани уни яна ҳам кўпроқ азоблаяпти.

777.000 сўм нафақага 1.200 000 сўмлик ижара

Олмалиқ шаҳрида истиқомат қилаётган Бувизайнаб Шерматова, 63 ёшда, нафақада.  Сардорнинг онаси, Нилуфарнинг қайнонаси.

Аёл ўз ҳикоясини баён қилар экан, ёши ўтганлигини, ишлаб келинига ёрдам бера олмаётгани, ўғлини соғинаётганлиги, лекин шундай бўлса-да ҳаётидан нолимаслигини айтди.

- Ўғлим дастлаб “киракашлик билан пул топаман”, деб машина ҳайдади. Авария бўлди, уни таъмирлашга маблағ бўлмади. Сўнгра кунлик ишларга чиқа бошлади ўғлим, лекин ҳар куни ҳам иш бўлмасди. 2-3 кунлаб ишсиз уйда ўтириб қоларди. Кейин мажбур чет давлатга ишлаш илинжида кетиб қолди. Қизларим ўз оиласи билан. 777.000 сўм нафақа пули оиламизга етмаяти. Ижара пули 1.200 000 сўм бўлгани учун жуда ҳам қийналиб қолдик.

photo_2023-05-08_17-31-47

Ишлай десам, ишлай олмас эканман. Бир марта таваккал қилиб ишга бориб келдим. Гандираклаб, бошим айланиб, кўзим қоронғулашиб кетди, худди очликдан силласи қуриб қолган одамга ўхшаб. Бир ишга ярамай қолибман. Ҳали ҳам ёш қизлар бор эди, ёрдамлашди. Бир кун амаллаб ишлаб келдим. Келинни чиқазай десам, неварам ёш. Бир укам бор, лекин у ҳам ишсиз. Паспортини яқинда олди, бир бойнинг моллларини боқади. Ҳар замонда шунга дардимни айтаман. Ўзини аҳволи бир танг, шундай бўлсада, 200-300минг бериб тур, деб бораман. Нафақам чиқса, қарзларимни бераман. Яна пулсиз қоламиз, - дейди Бувизайнаб она.

Қийинчиликлардан қадди букилган она тўшакка узанади, қариганида пиёз қовуриб еган кунлари ҳам ўз тақдиридан нолимайди. Россияга кетган ўғлининг ортидан  қийинчиликлар гирдобига тушиб қолди она. Олаётган пенсияси рўзғорга етмаяпти.

Меҳнат мигрантлари юристи

Юрист Ботиржон Шермуҳаммедов анча йилллардан бери Москва шаҳрида истиқомат қилади. У Россия давлатида чорасиз қолган ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимояси билан шуғулланиб келади. Ботиржон меҳнат мигрантлари масаласида ўз фикрларини шундай изоҳлайди:

photo_2023-05-08_17-31-15

-Кўп нарса иқтисодий ҳолатга боғлиқ. Нилуфарнинг оиласига келсак, эри Россияга кетса-да, хабар олиб турибди. Кейинчалик  пул юбориб турса, иқтисодий аҳволи ёмон бўлмайди. Лекин шунақа инсонлар борки, четга кетиб, бир неча ойлаб, хатто йиллаб хабар олмайдилар. Бошқа давлатга бориб, оила қуриб олаётганлари ҳам йўқ эмас. Ўзбекистондаги ўз оиласидан хабар олиш у ёқда турсин, пул юбормайдиганлари бўлади. Юртда қолганларга албатта қийин. Чунки аёллар ўзини ўзи боқишга мажбур, кўчага чиқиб савдо билан шуғулланади ёки ёш болалари билан бошқа иш қилишади. Бунақа ҳолатлар жуда кўп.

Кўпчилик эътибор қаратмайдиган яна бир ижтимоий томони борки, йиллаб Россиядан уйига бормайдиган эркак оила-аъзоларининг соғлиғидан бехабардир. Уларнинг фарзандлари эса ота-онаси, айниқса, ота тарбиясини кўрмасдан улғайяпти. Бу ижтимоий таназзул дегани.

photo_2023-05-08_17-48-06

Бир танишимиз Россияга кетди. Ўн - ўн беш йилдан бери ўша ерда. Ўша одамнинг қизи улғайгач, бир куни “18 ёшга киргунимча бирор марта туғилган кунимга келмагансиз, дада”, деб йиғлаганини отаси изтироб билан гапириб берганди.

Шунақа ҳолатлар ҳам борки, четда ишлаётган мигрантлар бир йилда бир марта, бир ойга уйга келиб кетишади. Уларнинг йиллари, умрлари  Россияга бориб-келиш билан ўтади. Бунинг қачон тугаши номаълум. Шундай қилиб, фарзандлар отасиз катта бўлишяпти, аёллар эса эрсиз яшаяпти. Бу ҳолатнинг жамиятга таъсири ёмон бўлади ҳали.

Масалан, Шаҳрихонда шунақанги қишлоқлар борки, худди уруш пайтига ўхшайди, яъни қишлоқларда фақат қариялар, аёллар ва ёш болалар қолган. Кимники билагида кучи, белида қуввати бўлса, Россияга ишлагани кетган. Яна бир аянчли ҳолат бор-ки, баъзи аёлларнинг “гап-сўзлар”га қолиб кетиши билан боғлиқ. Бегона эркаклар ҳамда эри Россияга ишга  кетган баъзи аёллар ўртасида содир бўлиб турадиган “ишқий” муносабатлар тўғрисидаги турли “гап-сўзлар” оила таназзулига ҳам сабаб бўлмоқда, дея фикрларига якун ясади юрист Б.Шермуҳаммедов.

photo_2023-05-08_17-27-48

Ташқи миграция сиёсатидаги ўзгаришлар

 

Ўзбекистонда меҳнат муҳожирлари ва меҳнат миграциясига оид ислоҳотларга ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, Ислом Каримов даврида меҳнат муҳожирларига эътибор қаратилган бўлса-да, улар мамлакат иқтисодий жараёнининг бир қисми сифатида тан олинмаган эди. Яъни Россияга ишлаш учун кетадиган меҳнат муҳожирларининг мамлакат ташқарисига чиқиш визасини олишлари билан боғлиқ муаммолар кўп эди. Паспорт олиш ва Россияда муҳожирлар дуч келадиган муаммоларга нисбатан ҳукумат йилларча сукут сақлади. Аммо Президент Шавкат Мирзиёев давлат тепасига келиши билан, сиёсий жараёнлар тубдан ўзгарди. Биз бу йўналишда бирмунча ўзгаришларни кўряпмиз. Мамлакатдан ташқарида меҳнат миграциясининг мавжудлиги ҳақида очиқ сўз юритила бошланди. Эндиликда хукумат томонидан амалга ошириладиган муҳим вазифалардан бири – бу четда меҳнат қилаётган мигрантларнинг оила-аъзоларини етарлича қўллаб-қувватлаш тизимларини яратиш. Бу, ўз-ўзидан, оилалардаги меҳнат тақсимотига катта таъсир қилади. Мисол учун, агар ота-оналардан бири оилани тарк этса, катта ёшдаги болалар учун рўзғор юки кескин ортади, улар кичик болалар ва бошқа тенгқурларига нисбатан ота-оналарнинг оиладаги роли ва мажбуриятларини ўзлари бажаришга мажбур бўладилар.

migrants

Бундан оилаларнинг фарзандлари 9-синфдан кейин мактабни тамомлаб, ишлашга мажбур бўлишгани боис, 11-синфни тўлиқ тугата олмайдилар ва меҳнат бозорига эртароқ киришга мажбур бўлиб қолишади. Бу ҳолат ўша болаларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигида салбий оқибатларга олиб келишини ҳам кўрамиз. Бу юк болаларга хос эмаслиги, улар ҳам жамиятдаги бошқа болалар каби улғайишини таъминлаш учун ҳамда миграция натижасида юзага келадиган қатор қийинчиликларни енгишга ёрдам берадиган баъзи қўллаб-қувватлаш дастурлари бўлиши керак.

                                                                        Темир Исмаилов

                                 

Теги мигрант аёл ишсизлик ўзбек
Қайта чоп этиш, шунингдек ушбу сайтдаги материаллардан фойдаланишга фақат эгасининг розилиги билан рухсат берилади.
Напишите нам
это поле обязательно для заполнения
Ваше имя*
это поле обязательно для заполнения
Телефон:*
это поле обязательно для заполнения
Комментарий*
это поле обязательно для заполнения
Галочка*
Спасибо! Форма отправлена