Ошибка. Неверный логин или пароль
Авторизация
Авторизован
Личный кабинет
AYOLLAR.UZ
Дунё бўйлаб аёллар тенглиги ҳақида веб-сайти
Главная/Мавзулар/МУХОЖИРЛИК - КАСБМИ Ё ҚИСМАТ?

МУХОЖИРЛИК - КАСБМИ Ё ҚИСМАТ?

МУХОЖИРЛИК - КАСБМИ Ё ҚИСМАТ?

Ўзбекистон ва Қозоғистон, нафақат географик жойлашув нуқтаи назаридан қўшни мамлакат, шунингдек, миллий анъаналари бир-бирига яқин бўлган икки қондош халқдир. Аммо сўнгги 20-25 йиллар ичи бу “ака-ука”лар орасида қандайдир бегоналашув пайдо бўлди-ки, бунга сабаб қондошлардан бирининг молиявий инқироз туфайли пулга эхтиёжманд бўлгани сабаб бир иш сўраб, иқтисодий-ижтимоий жихатдан ўзиб кетган ака (ёки ука)нинг эшигига келиши, яъни миграция масаласи ҳам бўлиши мумкин. Нима учун бугунги кунда ўзбекистонликларнинг кўпчилиги мигрантлик мақомини олишга мажбур бўлаяпти?

Бу саволларга, ҳозирда Қозоғистоннинг Уральск шаҳрида яшаб меҳнат қилаётган мухожирлар мисолида, жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Бир ҳунар учун сарфланган 3 йил

Азамат, 38 ёшда, уйланган,3 нафар фарзанди бор. Қурувчи.

“Юртимда ўрта мактабни тугатганимдан сўнг ишга жойлашмоқчи бўлдим. Бунинг учун Ўзбекистонда ё хунаринг, ё пулинг бўлиши керак. Шу бирор хунар ўрганиш учун эса яна пул керак бўлади. Шундан сўнг, шу пулни топиш учун бошқалар қатори Россияга кетишга мажбур бўлдим. Ўша пайт 20 ёшдаги - тайинли на бир касби, ва на хунари бўлган - бир йигитча эдим. У ерда ўзбекистонлик бир устани учратиб қолдим ва у менга маошсиз иш таклиф этди, эвазига эса ўз хунарини ўргатишга сўз берди. Мен унинг қўл остида 3 йил ишладим ва бунинг учун устадан миннатдорман.

Шундан сўнг мен мустақил ишлай бошладим. Уральскка келгунимга қадар эса узоқ йиллар Россия ва Қозоғистоннинг турли шаҳарларида ишладим, асосан қурилиш ишларида. Шу йиллар ичида турли инсонларни кўрдим: кимдир мени алдаб кетди; кимдир бор-йўғимни “шилиб кетди”; бошқаси ўғирлади; мени тухматга қолдириб кетганлар ҳам бўлди. Бундай “тажриба”лардан мен буюк бир дарс олдим – бундан сўнгра менга иш керак бўлганда аввало энг муҳим фактор – ўша ердаги одамларга эътибор қаратаман. Пулни ҳамма ерда ишлаб топса бўлади, аммо атрофингдагилар мигрант бўлганинг учун ҳам сени одам ўрнида кўрмаса – бу сени алдаб кетишлари ёки ишлаб топган пулларингни бермасликларидан ҳам кўра ёмонроқ ва бундай жойда қолиб ишлаш бефойда. Мен бу шаҳарга 3 йил олдин келганман. Бу ернинг маҳаллий аҳолиси ниҳоятда самимий ва олийжаноб. Уральскка келганимдан хурсандман”.

IMG_3249

“Ғарбий Қозоғистон вилоятининг Полиция Департаменти маълумотларига кўра, ҳудудда жами 5794 нафар ўзбекистонлик мигрантлар бўлиб, жорий 2023 йилнинг январь ойининг ўзида вилоятга 132 нафар меҳнат мухожири келган. Бу ерга, асосан, Ўзбекистон, Тожикистон, Озарбайжон ва Грузиядан меҳнат мухожирлари кириб келишади. 2023 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, ўзбекистонлик мигрантларга ишлаш учун 231 та рухсатнома янгитдан ёки муддати чўзиб берилган, 151 нафар Ўзбекистон фуқаролари эса мамлакатдан чиқариб юборилган”.

-Оилангиз-чи? Уларни ҳам бу ерга олиб келишни ўйлаб кўрмадингизми? Ҳарқалай, ёнингизда бўлишармиди..

“Ҳа, - сўзида давом этади Азамат,- оиламнинг менга эхтиёжи бўлганда, ёнларида бўлолмайман, кундан-кунга ўсаётган болаларимни бўйларига боқолмайман – бундан эзиламан. Аммо уларни бу ерга олиб келиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмадим. Чунки мен ватанимни қанчалик соғинсам ҳам бир кун уйимга-оиламга албатта қайтиб боришимни биламан ва бу ишонч билан яшайман – бунга ўрганиб кетганман. Болаларим, хотиним бу ерда қариндош-уруғлар, дўстларидан узоқда яшай олишмайди ва мен каби соғинишади – мен бунга чидолмайман. Бир менинг мусофирликда юрганим етади, болаларим ўз юртида бек бўлиб, ота-онам ва яқинларим даврасида яйраб яшашсин.Қашқадарё вилоятида ўз уйимиз ва боғимиз бор. Мен ҳар ой уларга 8-9 миллион сўмдан пул юбораман, отам ва укаларим бу пулга ҳайвон олиб кўпайтиришади. Келажакда болаларимни Ўзбекистондаги энг яхши ўқиишларда ўқитаман. Улар мендан кўра омадлироқ бўлишсин”.

Азамат ишлаб топган пулидан 2 миллион сўмни ўзи учун ишлатади. “Етади”, - дейди. Уральскда уч киши бўлиб битта квартирани ижарага олишган, навбат билан озиқ-овқат сотиб олишади, кийимни 2-3 йилда бир марта сотиб олишади.

IMG_3246

Миграция масаласи Ўзбекистондаги муҳим муаммолардан бири. Расмий маълумотларга кўра, 2023 йил 1 январь ҳолатига кўра, ўзбекистонлик меҳнат мухожирлари сони ўртача 4,8 млн кишини ташкил этади (улардан 24,1% - аёллар, 35,1% - ёшлар). Аммо яқинда Ўзбекистон ИИВ тарқатган маълумотларга қараганда, 2022 йилнинг январь ойидан сентябргача 4 465 692 меҳнат мухожирлари ишлаш учун Ўзбекистондан Россияга чиқиб кетишган. Демак, умумий олиб қараганда, бугунги кунда жами 10 млн.га яқин мигрантларимиз бегона юртларда ишламоқдалар.

Эркаксиз қолган қишлоқ

Ҳаёт 43 ёшда, унинг 4 та фарзанди бор. У Азаматнинг ҳамқишлоғи. Бу икки йигит, мана 12 йилдирки, бирга ишлашади.

“Қишлоғимизнинг ярмидан кўп эркаклари Россия ёки Қозоғистонда ишлайди. Ҳар бир оиладан ҳеч бўлмаганда 2 киши мигрантлардир. Қишлоқда, асосан, чоллар ва болалар қолишган. Биздан узоқ бўлмаган туманимиз марказида завод ва фабрикалар бор, аммо уларга ҳатто оддий ишчи бўлиб жойлашиш ҳам мушкул, у ернинг ўзига хос “тошу тарозуси” бор. Бу ерга бир амаллаб ишга кирган тақдирингда ҳам, оладиганинг озгина маош билан бола-чақангни  боқолмайсан. Шунинг учун биз кетиб, бошқа юртларда ишлашга мажбурмиз. Менинг 2 ўғлим ва 2 қизим бор. Каттам 16, кичигим 5 ёшда. Мен уйга бир йилда бир марта бораман ва ҳар сафар уйга келсам кичик ўғлим кунлаб мен билан гаплашмайди – ёнида бўлолмаётганим учун. Кетаётган пайтимда эса “Дада, кетманг!” дея бақириб йиғлаб қолади. Шундан сўнг яна 1-2 ойгача телефон орқали ҳам гаплашмай қўяди. Бундай пайтларда баъзан: ”Бу ерда нима қилаяпман? Менсиз катта бўлаётган болаларимни кўролмасам, мен керак бўлган пайтим улар билан гаплашолмасам – мен ахир қандай отаман?” дея ўйлаб қоламан, кўзларимга ёш келади”.

IMG_3248

“Уйимиздан кетинг, амаки!”

«Бир сафар мен, ҳатто, ҳеч қаерга кетмасликка, оиламнинг ёнида қолишга аҳд қилдим. Иш ҳам топдим: қишлоққа яқин жойдаги бир қурилиш ташкилотига оддий ишчи бўлиб бордим. Ойлик маош – 2 миллион сўм эвазига кунига 12 соатдан ҳафтада 7 кун ишлардим. 5 ой шу зайлда ўтди, бу вақт ичида 15 килога озганим ҳам майли, аммо шу 2 миллионни рўзғорга ҳам етказолмаганимдан – оиламни боқиш учун - Россияда 5 йил ишлаб орттирган қорамолларимнинг тенг ярмини сотишимга тўғри келди. Бир куни навбатдаги қорамолни сотишга олиб кетаётиб, йўлда бирдан тўхтадим ва ўз-ўзимга алам билан ”Бас, етар!”, - дедим. Эртаси кундан бошлаб қурилишдаги ишни йиғиштирдим ва 3-4 кун ичида мажбур Россияга пул топиш учун яна чиқиб кетдим. Бу сафар у ерда анча йил қолиб кетдим: анча пайтгача ишлар ўхшамади. Қайтганимда 6 ёшли қизимни таний олмадим – катта қиз бўлиб қолганди. Уйга ярим тунда қайтдим. Болалар ухлаб ётишарди, уларни бирма-бир ўпиб чиқдим, уйқуларида уларни узоқ томоша қилдим ва сахарга яқин ухлаб қолибман. Ўша пайтда уйимизнинг қурилиши тўлиқ битмаганлиги учун фарзандларим билан бир хонада ухлардик. Эрталаб болаларнинг бақир-чақиридан уйғониб кетдим. Хотиним уларни тинчлантиришга уринарди. Менинг болаларим мени кўрсатиб: “анави амаки уйимиздан кетсин!” – деганча уввос солиб йиғлашарди. Кўзларимга қалққан ёшни кўрсатмаслик учун тезда хонадан чиқиб кетдим."

“Ўзбеклар тегирмондан бутун чиқадиган халқ, чунки улар меҳнаткашдир. Бор гап – шу”, - дейди биз билан сухбатда Уральск шаҳри фуқароси Михаил.Т.

IMG_3247

Ўзиникилар ичида бегона

“Биз – мигрантларни оиламизга бўлган соғинчимиз ушлаб туради ҳамда бизни руҳлантиради. Улар бизнинг олисдаги яқинларимиз, - дейди  8 ойдан буён Уральск бозорида савдо қилувчи Машхура, - Мен ёлғиз онаман, ягона фарзандимни онамга ташлаб келганман. Ўзбекистонда менинг уй-жойим йўқ. Ажрашгач, акамни уйида яшадим, зуғумлардан чарчадим ва ёлғиз оналар учун бериладиган субсидия асосида 1 хоналик хонадон олмоқчи бўлдим. Навбатга турдим. Хужжатлар йиғиш пайтида менга уй учун бошдаги 22 миллион сўм пул келтиришимни айтишди. Бу пулни қарз-ҳавола қилиб тўплаганимда ҳам, субсидиянинг ўзини тўлай олмас эканман – бунинг учун мен давлат ташкилотида ишлаб, ҳар ойда 4-5 миллион сўм ойлик  олишим керак экан. Шундагина субсидиянинг ойлик фоизини тўлай олар эканман. Ўша пайтда мен қишлоғимдаги мактабда фаррош бўлиб ишлар, ойлик маошим 600 минг сўм эди. Мактабда ҳатто ўқитувчилар ҳам 4-5 миллион сўм маош олмайди. Шундан сўнг ишдан бўшадим. Бир дугонам шу ердан – Қозоғистондан менга иш топди ва шу ерга келдим."

Бугунги кунга келиб, Ўзбекистондаги жами ташкилот ва муассасалар сони 500 мингга етди ва уларда бор-йўғи 13,6 млн фуқаро меҳнат қилади. Айни пайтда Ўзбекистон аҳолиси сони 36 млн кишидан ошди.

Интервью.00_38_49_10.Still013

Олий маълумотли мухожир

"Мен Уральск шаҳрига бундан 4 йил аввал хотиним ва укам билан келганман ва мана шу дўконни очганман. Биз кунига 300-400 тадан сомса сотамиз. Мижозларимиз кўп, маҳаллий аҳоли биз тайёрлаётган сомсаларни ёқтиришади, - дейди Саид, - Мен бу иш билан 8 йилдан бери шуғулланаман. 5 нафар фарзандим бор, улар Самарқандда – менинг ота-онам қарамоғида яшайдилар. Хотиним билан ҳар ойда ишлаб топган  пулимизнинг ҳаммасини оа-онамга жўнатамиз.  Мен оилада катта фарзандман ва хонадон харажатларининг катта-кичиги менинг зиммамда: ука-сингилларимнинг тўйлари, улар учун уй-жой қуриш ва ўқишлари учун ҳам мен сарфлайман. Қачонки ўз жигарларимнинг ҳаётларини йўлга қўйиб бўлганимда, ундан сўнг ўз оилам ва фарзндларимга навбат келади – қурилиши чала қолган уйимни қуришим, болаларимни ўқитишим керак. Буларнинг ҳаммаси учун анчагина пул керак, яъни оиладан бир киши албатта чет элда ишлаши керак бўлади, Ўзбекистонда бу қадар пулни тополмайсиз, ойликлар оз, чиқим эса ниҳоятда катта.

Менинг энг кичик укам Тошкент Политехника институтини тамомлаган. Ўз соҳасида 10 йил ишлади, 2 та фарзанди бор. Маоши 3 миллион сўм эди. Бу пулга укам ота-онам у ёқда турсин, кичик оиласини ҳам боқолмади. Шундан сўнг 2 йил аввал укамни шу ерга олиб келдим – ўзим билан ишлаяпти. Ҳар ой оиласига 7-8 миллион сўм жўнатиб турибди. Мен таниган мигрантлар орасида олий маълумотлилари анчагина."

photo_2023-04-05_07-57-39

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги маълумотларига кўра, 2022 йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистонга хориждан 12,6 миллиард доллар пул ўтказмалари келиб тушган. Хажмнинг ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,2 баробарни ташкил этди, деб хабар қилмоқда Марказий банк матбуот хизмати. 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга  5,745 миллиард доллар ўтказилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 34 фоизга кўпдир. Жумладан, МДХ давлатларидан деярли 3,423 миллиард долларни ташкил этди.

Ҳалол инсонлар дунёда бормиш..

Комилнинг бу шаҳарга келганига 4 йилдан ошди. У шўрва, лағмон, манти, сомса каби таомлар тайёрловчи ошпаз. У Уральск шаҳрига оиласини ҳам олиб келган. Комилнинг 3 нафар фарзанди бор, улардан 2 таси ўқувчи. Улар фарзндлари ўқийдиган мактабга яқин жойдан бир уйни ижарага олишган, ойига 3 миллион сўм тўлашади. “Бу шаҳар бизга жуда ҳам ёқди, келгусида Қозоғистон фуқаролигини олиб, шу ерда қолмоқчимиз”,- дейди Комил. “Уральскнинг айнан нимаси кўпроқ ёқди?” – деган саволимга Комил шундай жавоб берди: “Бу ерлик аҳоли ниҳоятда ҳалол, инсофли ва самимий инсонлар экан”- дея сўзида давом этди у- “Биласизми, фарзандларим мактабда жуда яхши ўқишади. Қозоғистон мактаблари бизникидан минг маротаба аъло ва шунинг учун мен болаларимнинг келажагидан кўнглим тўқ. Бу ердаги мактаб, шунингдек, жамики ўқув муассасаларида ўқитувчилар ўқувчилардан бир дона конфет ҳам олмасликларини билганимда, тўғриси, ҳайратга тушдим, барча болани тенг кўришар экан. Уларда тартиб шундай экан. Мен фарзандларимни айнан шу ерда катта қилишга қарор қилдим. Айтишади-ку, “ўзингни қаерда бахтли сезсанг ўша ер Ватанингдир”.

Узбек мухожирлари акционер-Ўзбекистоннинг қимматбахо қоғозидир, яъни фьючери. Улар мамлакатдаги оиласини боқиш учун ўзга юртларда ишлашга мажбур бўлгани етмагандек, яна ўз давлати бюджетини қаппайтиради – мамлакатга миллиардлаб сўм кириб келиши туфайли халқнинг фаровонлиги ортади, шунингдек, мамлакатдаги энг оғриқли нуқта – ишсизлик даражаси камаяди. Ўзбекистон ривожининг катта улуши ўзбекистонлик мухожирлар ишлаб топаётган ва юртга олиб кираётган маблағ ҳиссасига тўғри келади.

IMG_3243

“Олисдаги уйим...”

P.S.  Уральскда кўплаб ватандошларимни учратдим. Улар ўз ҳаётлари, ишлари ва оилалари ҳақида менга гапириб беришди. Бу маълумотлардан ўз мақолам учун фойдаланишимни эшитиб, бу ҳикояларда ҳақиқий исмлари, яшаш жойларини кўрсатмаслигим, ҳеч бўлмаса, буларни ўзгартиришимни сўрашди.Расмга олишимни эса умуман хоҳлашмади. Уларнинг вазиятини тушунаман. Ўзбеклар шундай кишиларки, ватанда яшаётган фарзандлари оталари, оналари қанчалар машаққат чекиб пул топаётганларини билмасликларини истайди. Ўзбек мухожирларининг кўпчилиги оиласининг даромад манбаи бўлган бу қора меҳнатидан, аслида бу ишга лойиқ бўлмаганидан орият қилади, оиласини боқиш учун нималардан воз кечганини ҳатто ўзи учун тан ололмайди ватандош. Ундан ҳам кўра кўпроқ бу мухожирлар ватанда уларсиз ўсаётган фарзандлари, йилдан-йилга кексайиб бораётган ота-оналарининг ёнларида эмаслиги туфайли уларнинг юзларига қарашдан уялади. Меҳнат мухожирлари “бу тақдирни ўзим танладим” деб ўйлайдилар. Аслида ундай эмас. Халқингиз сиз билан фахрланади. Сизни саргардон қилганлар, ватансиз қолдирганлар уялсин – сиз эмас!

Ўз меҳнатини севишга мажбур бўлган одам ўз ишидан ор қиладиган одамдир!

                                                                                                  Сабоҳат Раҳмон

 

 

Теги мигрант Россия ватан Қозоғистон мухожир
Қайта чоп этиш, шунингдек ушбу сайтдаги материаллардан фойдаланишга фақат эгасининг розилиги билан рухсат берилади.
Напишите нам
это поле обязательно для заполнения
Ваше имя*
это поле обязательно для заполнения
Телефон:*
это поле обязательно для заполнения
Комментарий*
это поле обязательно для заполнения
Галочка*
Спасибо! Форма отправлена