Ошибка. Неверный логин или пароль
Авторизация
Авторизован
Личный кабинет
AYOLLAR.UZ
Дунё бўйлаб аёллар тенглиги ҳақида веб-сайти

МАРЯМНИНГ ҲИКОЯСИ ҚАЕРДАН БОШЛАНДИ?

МАРЯМ

ЭПИЛОГ

Қисмат, тақдир деймиз. Инсонларнинг фарқли ҳаёти бизга ғализ туюлади, ижирғанамиз, хато деймиз. Аммо бундай қисмат бизнинг ҳам бошимизга тушиши мумкинлигини ўйлаб кўрмаймиз, у пайт ҳаётимизда нималар содир бўлиши-ю, биз қандай йўл тутишимизни билмаймиз, билолмаймиз. Биз – инсонлар ҳаётимиз давомида ҳамиша танлаш мажбуриятидамиз. Баъзан тўғри, баъзан нотўғри танлов қиламиз. Хато қилганимизда афсусланиб, ич-этимизни еймиз. Ундай бўлса, нега атрофимиздагиларнинг тақдирини муҳокама қиламиз? Улар ҳам хато қилиши мумкинлигини ўйлаб, нега ёрдам қўлини чўзмаймиз?

Бугунги ҳикоямиз муҳожирликда яшаб, тақдир зарбаларига учраган аёл ҳақида. Унинг ҳам ўз танлови бор: аммо бу танловни биз тўғри ё нотўғри деёлмаймиз, чунки Марямнинг ҳаётини бизлар яшаб кўрмадик...

photo_2024-04-25_09-40-44

Марям тасаввуримдагидан ҳам гўзал аёл эди..

Бир қариндоши Истанбулдаги тикув цехларидан бирига ишга чақирди. Келди. Тикувчиликдан хабари йўқ, аммо уқувли эди. Ишни дазмоллашдан бошлади ва бир йил ичида уни андоза бўлимига ўтказишди. Ойлиги кўп эмасди, аммо борини оиласига, болаларига юборарди. Цех бошқарувчиси Меҳмет унга кўп ёрдам берди, бошқалардан қўриди, қўллади. Ўзидан 20 ёш катта Меҳмет Марямнинг муҳаббатини қозонди...  

МАШҲУРА ОПАНИНГ ҲИКОЯСИ

90-йиллар эди. Машҳура опа 35 ёшида икки боласи билан бева қолди.  Эридан икки хонали кичиккина уй мерос қолди.  Машҳура опа ўрта-махсус маълумоти билан тумандаги нуфузли ташкилотлардан бирига ҳисобчи ёрдамчиси бўлиб ишга кирди. Қийинчилик йиллари эди, маоши болаларига етмас, оиланинг ками сира тугамасди. Аёл ўзи ишлаётган ташкилот раҳбари (унинг хотини вафот этган эди)га турмушга чиқди, яна бир фарзандли бўлди. Катта ўғли ва Марямни рус мактабида ўқитди, қўшимчасига, уларни инглиз тилидан репетиторга берди. Мақсади фарзандларини олий маълумотли қилиш эди. Аммо тақдир экан, бу орада аёлнинг иккинчи эри ҳам вафот этди.  Кичик ўғли номига олинган катта ер участкасини эса эрнинг ака-укалари олиб қўйди. Машҳура опа уч фарзанди билан икки хоналик уйига қайтиб келди...

               Она ўғли ва Марямни институтларда ўқитолмади. Фарзандлари ишлашга мажбур бўлди. Бу орада 17 ёшга кирган Марямни турмушга узатди. Сўнгра Машҳура опа кичик ўғлини қўшнисига ташлаб, қарз-ҳавола қилиб, тўнғичи билан Россияга ишлаш учун жўнаб кетди.

 

ОРЗУСИ ОҒЗИДА ҚОЛГАНЛАР

               Марямнинг турмуши бузилиб уйига қайтди,  фарзанди ҳам онасининг уйида дунёга келди. Фарзанди бир ёшга тўлгач, уни ва мактаб ёшидаги кичик укасини холасига ташлаб, онасининг ёнига, Россияга жўнади.. Марям гўзал аёл эди. У ҳам бошқалардек бахтли бўлишга ҳақли эди. У  Маҳкам билан Россияда танишди, сўнгра турмуш қурдилар. Бироқ...

- Эрим билан кечган 2 йилим азобда ўтди. Калтак емаган куним йўқ эди. Ишлардим. Арзимаган баҳона билан урарди. Деярли ҳар куни юз-кўзимнинг кўкарган жойларига упа суртиб юрардим. Маҳкам билан ўғиллик бўлдик, аммо турмушимиз ўнгланмади. Калтаклардан тўйиб кетдим ва эримдан ажрашдим. Ўғлимни олиб, онам билан бирга қишлоққа қайтдик...

- Бу қандай тақдир бўлди? Нега садоқатли умр йўлдош топиш бунчалар қийин? Ёки виждонли эркаклар қолмадими юртда? Ўша пайтдаги аҳволим жуда ёмон эди. Депрессияга тушдим. Болаларимни боқишим, онам ва укамга ҳам қарашим керак эди. Оиламизнинг мендан бошқа таянчи йўқ эди. Пул топишга мажбур эдим, - дея ҳикоясини давом эттиради Марям. - Орадан бир неча ой ўтгач, икки ўғлимни онамга ташлаб, Туркиядаги бир қариндошимизнинг олдига кетдим.

    photo_2024-04-25_09-48-18

                                                         ИСТАНБУЛЛИК КЕЛИН

            Марямнинг Истанбулга келганига 4 йил бўлди. Ўша узоқ қариндоши уни ўзи ишлайдиган тикув цехига олиб борди. Тикувчилик қўлидан келмагани учун Марямни дазмоллаш ишига қўйишди.  Уқувли бўлганидан бир йилда андозалаш бўлимига ўтказишди. Ойлиги кўп эмасди, аммо борини оиласига, болаларига юборарди. Цех бошқарувчиси Меҳмет унга кўп ёрдам берди, бошқалардан қўриди, қўллади. Ниҳоят, ўзидан 20 ёш катта Меҳмет Марямнинг муҳаббатини қозонди...

Орадан 1,5 йил ўтиб, Марям Ўзбекистонга келди, унинг ҳомиладорлигини билган онаси изтиробга тушди: ”Одамлар нима дейди?” Таниш доктор аёлга олиб борди, аммо доктор Марямнинг қорнидаги 5 ойлик ҳомиласини олишдан бош тортди.

-Нима қилай, тақдир экан, - дейди Машҳура опа куюниб, - агар мен иккинчи бор турмуш қурмаганимда, балки қизим менинг қисматимни такрорламас, биринчи турмушида бахтли бўлиб, бундай сарсон бўлмасмиди?..

                Агар Ўзбекистонда ўғилларни оналардан кўра кўпроқ оталар тарбиялаганида, эркакларимиз балки бироз масъулиятли, бироз шафқатли бўлармиди? Оиласи, аёли ва фарзандлари эркакнинг шарафи эканини англаб етган бўлишарди, балки...

Истанбуллик Муҳаммед К. ўзбек аёллари ҳақида куюниб гапиради:

-Қаерга борсанг, ўзбек аёллари! Гўзал, ақлли, фаросатли кўпчилиги. Ориятлилари ҳам кўп учрайди. Бу аёлларни эгасиз бегона юртга юбориш увол эмасми? Қайси эркак ўз жуфти ҳалолини, бўйга етган қизини ва ҳатто сочига оқ оралаган кекса онасини бегона юртга пул топиш учун юбориб қўйиб, ўзи мамлакатда бемалол бош кўтариб юради? Бу - шарафсизлик. Бизникилар аёлларимизга ҳамиша соҳиб чиқамиз, ҳатто ажрашиб кетган тақдирда ҳам собиқ рафиқаларимизни иқтисодий таъминлаймиз, уларни шарафимиз каби қўриқлаймиз.

 

Орадан бир неча ой ўтгач, Марям Истанбулда учинчи ўғлини дунёга келтирди. Яна 1-2 ой ўтиб эса, у Истанбулга келин бўлди...

                                                     

МАРЯМНИНГ РОССИЯЛИК АКАСИ

Марямнинг акаси бор. Фақат номига ака.  Узоқ йиллардан бери Россияда яшайди. Уйланиб ажрашган, юртидаги 2 боласи ва рафиқаси билан умуман иши йўқ, улар нима еб-нима ичяпти – ўйламайди ҳам. Ўзбекистонда кенг тарқалган ҳолат бу.  Марямнинг акаси кўпчилик ўзбекларнинг  тимсоли десак бўлади. Яъни, эркак бўлиб, оиласи шарафига тупуриб қўйганлардан. Россияда ўз кайфи учунгина яшаб юрибди. На онаси, на синглиси ва на укасидан ҳол сўрайди. Аммо Марямга ҳар замон ўдағайлаб қўнғироқ қилади: ”Агар бири билан юрсанг, сўйиб ташлайман!”

Шу ўринда бир сўз. Орият қилишдан олдин сингилга эга чиқиш керак. Яхши-ёмон кунида ёнида бўлмаса-да, ёнида бўлгани каби ҳис эттириш керак. “Аҳволинг қалай, сингилжон!” дея олиш керак, унинг муаммоларини биргаликда ҳал қилиш ёки ҳал қилишга ёрдам бериш, қўлдан келганча иқтисодий тарафдан таъминлаш, тенги чиқса, яхшилаб сўраб-суриштириб, сўнгра биргалашиб бир қарорга келиб, узатиш керак. Агар буларни уддалай олмасанг, ўз ҳолига қўйишни ўрган. Хатолар қила-қила тўғри йўлини ўзи топсин. Ака бўлиш ҳар кимга эмас...

          Марям ора-сира бўлса-да, акасига қўнғироқ қилиб туради. У мусофирчиликда юриб, ака-сингиллар бир-бирига қон билан боғлиқ бўлишини тушуниб етган. Ака онаси ва укаларига умуман ёрдам бермайди. Марям Туркиядан юборадиган пулни Машҳура опа неваралари ва эндигина институт талабаси бўлган кичик ўғлининг харажатларига ишлатади. Шу йилдан кенжаси ҳам дарсдан бўш пайтлари бир кафеда ишлай бошлади. Демак, Марямнинг харажатлари бироз камаяди. Мени бир нарса ҳайрон қолдирди: Россиядаги ака синглисининг Туркияда турмушга чиққани-ю, фарзанд кўрганидан бехабар экан! Синглисининг ҳаётидаги муҳим воқеани эшитмагани муҳим эмас,  иштироки муҳим эмас, гап аканинг буларни ҳис этмаганида.

Истанбуллик келин фарзандини туққунича тикув цехидаги ишини давом эттирди. Туғуруқдан сўнг ҳам бир ойга қолмасдан ишига чиқди. Боласи иш столи ёнидаги қўлбола супачада катта бўлди. Чунки Марямнинг бошқа чораси йўқ, ишлаши лозим эди: Ўзбекистонда  яна икки ўғли, онаси ва талаба укаси унинг юборадиган пулига кўз тикишган.

-Яхшики, эрим ёнимда, ҳар доим ёрдам беради. Ойлигим оз, аммо Меҳмет бу пулга ўзидан ҳам қўшиб, Ўзбекистонга жўнатади. Ҳам бу ердаги ижара уйимиз, емоқ-ичмоқ, ўғлимнинг харажатлари – буларнинг ҳаммаси эримнинг зиммасида. Ҳаётимда ҳали ҳеч ким мени бу қадар қўллаб-қувватламаган...

                                 photo_2024-04-25_09-51-55

САХИЙ МЕҲМЕТ

Меҳмет 53 ёшда. Икки фарзанди собиқ хотини билан Меҳмет олиб берган уйда яшашади. Яқинда қизи турмушга чиқди. Аммо тўй арафаси касалхонага тушиб қолди. Айтганча, унинг юраги касал, тўғрироғи, юрагида кардиостимулятори бор. Буни Марямга уйланганидан сўнг айтган. Меҳметнинг ота-онаси Марямни оилаларига қабул қилишган. Чунки у Меҳметга яхши қарайди. У тез-тез касалхонага тушиб қолади. Шундай пайтларда Меҳметнинг ота-онаси ё опалари “ўғлингга биз қараб турамиз, сен ишингга бориб келавергин” дея бир неча марта таклиф қилишган. Аммо Марям ўғилчасини уларга  ишонмайди. “Эримга бир гап бўлса, ўғлимни мендан олиб қўйишади”, деб қўрқади. Марям Туркия фуқаролигини олмаган. Чунки у бу ерда қолишни истамайди - ўғиллари ёнида эмас.

-Мен, қачонки, ёнимда уч фарзандим бўлса, ишдан келганимда болаларим уйимда яйраб-ўйнаб юришганини кўрсамгина хотиржам ва бахтли бўламан. Ҳозир менинг тинчим йўқ. Чунки болаларимнинг уччаласи ҳам бағримда эмас, - дейди Марям.

               Бир ой аввал Марямнинг эрини оғир аҳволда яна касалхонага ётқизишди. Оиласидагилар қарашяпти, ҳартугул. Марям эса уйда, 2 ёшли Эмин билан қолди. Аммо ишлаши керак. Харажатлари бор. Эрининг қариндошлари, қўшнилари ёрдам бериб туришди, аммо қачонгача? Марям Ўзбекистондан онасини чақирди. “Ўртанча ўғлимни олиб келинг, сиз уйда невараларингизга қарайсиз, мен эса ишлайман”, - деди.  Онаси ўртанча набирасини олиб, Истанбулга келди. Икки болага қараб ўтирибди. Марям эса тикув цехида ишлаяпти, эрта кетиб, кеч қайтади. Унинг катта ўғли Бакир эса...

“МЕН ҲАММА ИШНИ ҚИЛА ОЛАМАН!”

     Бакир онасининг ёнига кетолмайди. Унинг Россияда қолган отаси бунга рухсат бермайди. Ўғли учун алимент тўламайди, молиявий ёрдам кўрсатмайди, аммо шунда ҳам “ўғлим Ўзбекистондан ташқарига чиқмайди” дея қаттиқ туриб олган. Бола бу ёшда ҳам отасиз, ҳам онасиз ўсмоқда..

Бакир 2-синфда ўқийди. Гаплашсангиз, ҳеч ҳам 8 ёшли бола демайсиз, ақлли бола. Машҳура опа уни қўшнисига ташлаб келган. Якшанба кунлари шаҳардаги институтда ўқиётган кичик ўғли келиб, Бакирни олади ва ўз уйларида бир кун бўлса-да, бирга қолишади. Душанбадан Бакир яна қўшниникига кетади.

Қўшни аёл инсофли, диёнатли аёл экан. Бакирга ўз набиралари қатори қараяпти.

-Бу ерда яхши юрибсанми? – дея савол бераман Бакирга.

-Ҳа яхши. Мен ҳамма ишни қила оламан! Сув ташийман, экинларни парвариш қиламан, уй супураман, йиғиштираман, - дейди сўрамасам ҳам.

Шунчаки, бола бегонаникида яшаётгани ва қўшнининг оила-аъзолари ундан норози бўлмасликлари учун ҳам уй ишларини бажара олиши ва бунинг учун катталардан олажак мақтови билан онаси ва бувисини хурсанд қилишни хоҳлайди. Буни биз катталар яшаш инстинкти деб атаймиз.

-Катта бўлсанг ким бўлмоқчисан, Бакир?

-Бизнесмен бўламан! – қатъий охангда жавоб беради у.

        Бироздан унинг акаси (кичик тоғаси) келганини хабар қилишди. Бакир сакраб ўрнидан турди ва биз билан хайрлашганча, ташқарига отилди. Унинг ортидан чиқдим. Йўлакда муҳожирлар каби сўзсиз бир-бирини қаттиқ бағрига босиб турган ака ва уканинг ғам қоришиқ бахтли юзларини кўрдим. Уларга қараб туриб, “муҳожирлик фақат ватандан ташқарида эмас, юрт ичида ҳам яшанар экан”, - деган хулосага келдим. Ота-онасиз, яқинларидан узоқда қолган бу икки йигитча шунчалар ғариб келди менга.

photo_2024-04-25_09-53-59

Андижондаги умумтаълим мактабларидан бирининг исми сир сақланиб қолишини сўраган ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Зулфия К.нинг сўзларига қараганда, у ишлаётган мактабда ҳар бир синфдаги ўқувчиларнинг 45-50 фоизининг ота-оналари меҳнат муҳожирлари экан.

 

ХУЛОСА

- Марям, бундан сўнг нима қилмоқчисиз?

- Эримнинг ҳолатини айтдим. Яна қанча умри борлиги Аллоҳга аён. Аммо унга бирор кор-ҳол бўлса, билмайман, бу ерда қоламанми ёки йўқ. Айни пайтда болаларимнинг ёнимда бўлишларини хоҳлайман. Мен учун шу муҳим. Иккинчи ўғлимни ўз номимга расмийлаштирганман, у билан боғлиқ муаммо йўқ. Лекин катта ўғлим учун собиқ эримдан рухсат ололмаяпман. Яқинда ўзбекистонлик бир адвокат билан гаплашдим, 800 доллар билан болангни оталик ҳуқуқидан маҳрум қилиб бераман деяпти. Зеро, Туркияда айнан шу қоғоз бўлмаса, чет эллик болани мактабга олишмайди. Менда эса ҳозирча бунча пул йўқ. Аммо яқин-орада пулни тўплаб бераман адвокатга...

Сўнгсўз ўрнида. Марям ҳар куни 11 соат ишлайди. Ойлиги 4,5-5 миллион сўм атрофида. Ўзбекистонга жўнатадиган пулидан ташқарисини емай-ичмай тўпласа, 4 ойда адвокат учун 800 долларни тўплай олади. Ва бу умид ўғлини унга қайтариб берадиган сўнгги чорадир. Буни Марям яхши билади.

                                                                                                                               Сабоҳат РАҲМОН

Теги мигрант туркиядаги аёллар ўзбекистонлик аёллар ўзбекаёли
Қайта чоп этиш, шунингдек ушбу сайтдаги материаллардан фойдаланишга фақат эгасининг розилиги билан рухсат берилади.
Напишите нам
это поле обязательно для заполнения
Ваше имя*
это поле обязательно для заполнения
Телефон:*
это поле обязательно для заполнения
Комментарий*
это поле обязательно для заполнения
Галочка*
Спасибо! Форма отправлена