-Тиллани яхши кўрмайдиган аёл аёл эмас!
Менинг, кумушдан бошқа тақинчоқларим йўқлигини билган аёл, ўз саволини ўринли ҳисоблади.
Бахслашиб ўтирмадим.
Туркияга келганига 5 йилдан ошган Дилобар (исми ўзгартирилган) шу кунларда касал бўлиб ётиб қолди. Айтишича, истанбуллик янги оиласиги Хоним (уй сохибаси) тозалик “жинниси” экан ва 3 қаватли уйидаги 10 та хонани электр чангютгич эмас, қўли билан артиб-тозалашга мажбур қилар экан. Дилобар ҳар куни 3-4 соат пол артганидан сўнг овқат пишириш, кир ювиш, дазмол ишлари билан ҳам машғул бўлиши керак. Тўладан келган, аммо ғайратли 38 ёшлардаги бу аёл “шу пайтгача бундай золим Хоними бўлмагани”ни айтди.
-Ётиб қолганимдан сўнг, кетишимга рухсат берди. Пулига қизиқиб боргандим уникига.
Бировнинг уйида хизмат қилиш қандай бўлиши ҳақида сўрадим.
-Келишувдан сўнг хонадонга борасиз ва эшиклар ёпилади сиз учун. Бундан сўнг бир хонадоннинг истакларини бажарувчи хизматкорга айланасиз. Эътироз қилолмайсиз. Улар хоҳлаган ишни бажарасиз. Баъзан кечалари ҳам чақириб қолишади, “чой ёки бирор ичимлик олиб кел” деб. Шунинг учун ҳар бир пункт ҳақида аввалдан келишиб олиш керак. Айни шу нуқтада, яъни келишувга қадар сиз ва сизни хизматкорликка олаётган оила бошлиғи билан икки маданий инсон каби гаплашасиз ва келишув битгандан сўнгра, бирингиз Хоним (Бей)га, иккинчингиз унинг хизматкорига айланасиз.
Бундай қараш барча турк оилаларида борми, дея сўрадим.
-Йўқ, яхши, инсофли оилалар ҳам бор. Масалан, мен ишлаган аввалги оилалардан иккитаси зўр эди. Биттаси унга келтирилган, аммо ўзига ёқмаган совға-саломларни менга берарди, эх-хе, Ўзбекистонга шунақа ажойиб нарсалар юборганман! Иккинчи оила ўқитувчи эди ва мен уларнинг дастурхонида улар билан бирга овқатланардим. Хонимнинг фарзандлари мени яхши кўрар, аёл ҳам мени ўртоғи каби кўрарди. Сўнгроқ маошимни тўлашга қурби етмай қолди ва мен у ердан кетдим..
Дилобарнинг бу ерда турк эри бор. Яъни эркакнинг оиласи бўлгани учун улар шаръий никохдалар. Дам олиш кунлари улар ижара уйда учрашишади.
-Бир ҳафталик оғир меҳнатдан сўнг, одам бирисига кераклигини ҳис қилгиси келади. Биз ҳам одаммиз, ахир. Уйга, болаларга ишлаган бор пулни жўнатаяпмиз, эрим ҳам ёрдам беради – пулимга бир оз бўлса-да қўшимча қилади. Бу ерда яшаш учун, эхтиёжлар учун ҳам пул керак-ку? Уйдагилар бирор марта “тўхта-чи, бизга пул юборяпсан, лекин ўзингга қолдими? Тирикчилигингга етарли пулинг борми? Ўзинг нима қиляпсан, қийналмаяпсанми?” деб ҳеч қачон сўрашмайди. Бой-бадавлат оилада яшаяпти, ҳамма нарсаси етарли деб ўйлашади. Аммо бир оилада ХИЗМАТКОР бўлиш қанчалар қийин эканлиги, баъзан ғурурингни оёқости қилишинг кераклиги ва ҳафтада бир бўлса-да бу стресни отишга эхтиёж туғилиши ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди.
Дилобар Ўзбекистонда узоқ йил ҳамшира бўлиб ишлаган. Мен ундан ўз касби бўйича иш топишга ҳаракат қилиб кўрган-кўрмагани ҳақида сўрадим.
-Келган пайтим ўйладим бу ҳақда. Аммо узоқ вақт талаб этади бу жараён деб воз кечдим. Хизматкорлик иши осон: иш кўп ва бошқотирмайсиз, ойлиги ҳам тузук: 500-1000 доллар атрофида. Албатта, қиладиган ишингиз хажми ва оилага боғлиқ.
Мен ундан “қандай аёллар бу ишда ишлолмайди?” деб сўрадим. Зеро, бу энг муҳим савол эди.
-Ғурур ёпган (“ғурурини ҳар нарсадан устун қўйган” демоқчи (муаллиф)), дангаса, ўзини осмонда деб билган аёллар. Ҳа, яна тиллани севмаган.
Дилобар – яхши аёл. Одамохун, қувноқ, меҳрибон. Аммо ҳар нарсани пул билан ўлчайди. Балки бу айни жамият учун ўринлидир ва балки мен замондан ортда қолиб кетдим. Зеро, буни Дилобар ҳам таъкидлади. “Опа, сиз замондан чўўўўўқ қолиб кетибсиз” деб. Ўзбекистондан бу ерга яхши ният, пул топиб оиласини боқиш, ҳам иш, ҳам саёхат учун келаётганлар кўп. Шунингдек, Дилобар айтганидек, “тиллолар, пулдор эркаклар” учун келаётганлар ҳам, афсуски, йўқ эмас. Менимча, мамлакати қадрламаган, эри, оиласи томонидан камситилган, хақорат қилинган аёлларимизни яшаб турган давлати ўз ҳимоясига ололмаётгани, қонунан уларга ЭГА ЧИҚА ОЛМАЁТГАНИ, гулдек аёлларимизни баъзи бир золим эрЛАРнинг ўткир панжалари ихтиёрига ташлаб қўйгани учундир Туркиядаги хизматкор ўзбекларнинг кўпайишига сабаб!
Бу ерда иш юзасидан ора-сира Туркиянинг давлат идораларига бориб тураман. Бошланишига ҳурмат билан гаплашиб турган ходим ёки раҳбар “Ўзбекистонданман” дейишим билан уларнинг кўзларидаги ифода бирровга ўзгариб-қайтади – давлат идорасидаги иши хаёлига келади, менимча.
Дилобарнинг “тиллани севмаган аёл аёл эмас” деган хулосасига ўз жавобимни бердим. Сўнгроқ.
-Мен эса ҳайвонларни яхши кўраман!
Сабоҳат Раҳмон