-Қиролликданмисиз?
Истанбулдаги вазирликлардан бирига борганимда, паспопртимни рўйхатдан ўтказган қўриқчининг илк саволи шу бўлди.
-Қиролликданми?
Саволга савол билан жавоб бердим ва бирдан савол берувчининг сўроғидаги асл маънони тушундим. Жавоб бермадим ва лутф билан вазирликдаги масъул шахснинг хонаси қаердалигини сўрадим қўриқчидан.
Ишларимни битириб, вазирлик биносидан чиққанимда қироллик мамлакатим эсимга тушди.
Авваллари ҳам бир неча марта келганман ва ниҳоятида бу шаҳарни ўзим учун макон этишга қарор қилганим онлар ҳам бу қароримнинг не қадар тўғри ё нотўғри эканлигини ўйлаганман, албатта. Энг аввало, болаларимга бир қадам яқин бўламан деб ўйладим ва сўнгра андижонлик турк эканлигим, тилни яхши билишим, бу ернинг китоблари кўп (Ўзбекистондаги китоб дўконларида мен ўқийдиган китоблар аллақачон тамом бўлган), ҳайвонлар эъзозланадиган мамлакат эканлиги (тунов куни Қашқадарёда бўрини қийнаб ўлдирганларнинг видеосини йиғлаб кўрдим) натижасида Истамбул айни муддао деган қарорга келдим.
Кўпчилик Туркия ҳақида турли фикрлар билдириб ёзишади: иқтисодини “ўтирғизиб” қўйган гунохкор халқ дейди кимдир, яна бошқаси товламачи дейди, бири эса бешукур. Аммо мен бошқа фикрдаман: гунохкорлар Ўзбекистонда ҳам тўлиб ётибди, эркак-аёл масаласида ҳам, виждон масаласида ҳам етукмиз. Товламачилик ва айниқса, порахўрлик эса гунохларнинг “қаймоғи”дир Ўзбекистонда. Туркияда инсонлар орасидаги илтифот, маданият менга ёқади. Турклар виждони уйғоқ халқ. Мамлакатига нисбатан қўлланилган ҳар қандай нохақликни ўз шахсига нисбатан хақорат деб билади. Шукур қилмайди улар ва шу сабабли ҳам ривожланишда давом этмоқда.
Эскидан уларда бошланғич мактабдан бошлаб, ҳар бир бола ватан ва юрт ҳақидаги қўшиқларни куйлаши шарт экан, балки шунинг учун ҳам ватан ишқи уларнинг юраги ва руҳига сингдирилгандир.
Аёллари, энг аввало, мағрур ва иродали. Қироличалар каби. Хисоб-китобни биринчи ўринга қўйишади. Давлат ҳимоясига олган аёлларни. Турмушга чиққанларида меҳмонлар тақадиган олтинлари фақат келинга тегишли, бундан ташқари, агар ажрашса, ҳатто фарзанди бўлмаса ҳам, собиқ эри то турмушга чиқмагунича собиқ хотинини иқтисодий таъминлайди. Агар Ўзбекистонда ҳам аёллар хуқуқлари шу шаклда таъминласа, бизнинг аёллар қийин вазиятларга тушмаган, эрлари томонидан кўчаларга улоқтирилмаган, хор бўлмаган бўларди ва улар тарбиялаган болаларнинг психикаси бузилмаган, ҳеч бўлмаганда, бахтсиз бўлишмасди.
Уйланмоқчи бўлиб юрган бир турк йигит бугун телефон қилиб сўради. “Сизларда Андижон телевидениесида қизларни 1000 доллардан сотишяпти экан, шу тўғрими? Бир дўстим пулини тўлаган экан, ўша ерлик аёл киши бир қизни юборибди”...
Албатта, унга муносиб жавоб бердим.
P.S.
Расмдаги воқеа алоҳида ҳикоя. Балиқчиларни томоша қилаётгандим, кекса бир балиқчи қармоғини таклиф қилди ва мен бажонидил қабул қилдим. 2 килоча балиқ тутганимдан сўнг, “сен қаердан биласан балиқ тутишни?” – дея сўради.
-Биз ўзбекистонлик аёлларнинг бисотида “билмайман” деган сўз йўқ!
Балиқчига термосимдан бир финжон қахва қуйиб бердим, у эса тутган балиқларимдан 1 килочасини менга ҳадя этди ва уни қандай пиширишни ҳам ўргатди.
Сабоҳат Раҳмон