Бу аёл билан Истамбулда танишдим..
Бу ерга 4 ой аввал келган экан. Бир турк оиласида хизматчи бўлиб ишлайди. Самимий, сарвиқомат, гўзал аёл. 30 ёшларда. Фарғоналикман деди. Айтишича, Оқсаройдаги ўзбек ошхоналаридан бирида хоразмлик бир аёл билан танишиб қолибди ва у аёл Шохистани (фарғоналик қаҳрамоним) уйига таклиф қилибди, “изн кунларинг (ҳафтада бир бериладиган дам олиш куни) меникида қол, 150 доллар берсанг етади. Ҳафтада бир кун келиб оёғингни узатиб дам оласан” дебди.
-Унгача изн кунисиз ишлаётгандим. Яъни шанба кунлари эрталабдан кечгача шу Оқсаройни айланаман (Истамбулда бошқа жойни билмайман), қизим ва онамга совғалар оламан ва кечки пайт ишлаётган уйимга қайтаман. Бундан ташқари, ҳар 15 кунда бир изн кунларим бошқа бир оилада кунлик ишим ҳам бор. Бу иш учун кунлик маош оламан – ойлигим бутунича уйга жўнатаман ва ойда 2 кунлик маошимга эса қизим ва онамга совғалар оламан. Ўзим учун ҳеч нарса сотиб олмайман. Менга нега ҳам керак, ҳар кун уй ичида ишлайман?
Хуллас, Шохиста кейинги дам олиш куни хоразмлик аёлнинг уйига борибди. У аёлнинг 3 нафар фарзанди собиқ эрида экан. Улар ажрашган ва эр бошқасига уйланган. Аёлнинг эса Истамбулда севгилиси бор, яшаётган уйи ҳам у одамники. 5 йилдан бери бирга эканлар. Шаръий никохлари бор эмиш. У аёл Шохистага “сени бир турк эркак билан таништириб қўяй, яхши одам. Сенга пул бериб туради” дебди. Аммо Шохиста “мен бу ерга ишлагани келганман, уй олишим керак. Керакли маблағни топганимдан сўнг уйга қайтаман. Менга севгили керакмас” дебди.
-Ҳозир мен фақат ишлашим керак. Агар эр қилиш керак бўлса, фақат собиқ турмуш ўртоғим билан ярашаман.
Шохиста аввал 3 ой бир яхудий оилада ишлаган экан. Уч қаватли уйни ҳар куни тозалар, овқат қилар, 5 кишидан иборат оила кирларини ювар, дазмоллар, улар келгач эса, уларнинг инжиқликлари, қўполликлари, менсимасликларини кўтаришга мажбур бўларкан. Оила овқатланган пайт Шохиста уларнинг қаршисида тик турар, истакларини жойига қўяркан, аммо уй сохиблари Шохистага ейиш учун фақат ўз сарқитларини қолдиришаркан.
-Сўнгра у ердан чиқиб кетдим ва хоразмлик опа ёрдамида бошқа оила топдим.
Шохиста ўзи ишлаётган янги оиласи ҳақида гапириб берди. Иймонли, инсофли, бой-бадавлат бир турк оиласи экан. “Менга яхши муомала қилишади” деди. Аммо уй сохибаси ҳақида гапираркан, “5 та фарзанди бор бу озғин рўмолли аёл мени эридан қизғонади, чунки мен ундан кўра чиройлиман, фақатгина хизматкорман мен” деди. Шу онда унинг кўзларига боқдим – уларда ўз ҳолатини тан олган, яъни бир оилада хизматкор эканлигини қабул этган руҳнинг эзик юзи бор эди. Бу ерда (ўзга юртда) яшам ва тирикчилик орасидаги кўзга кўринмас чизиқ қайсидир нуқтада йўқ бўлади. Худди “самолётда ўқилган дуо тезроқ ижобат бўлади” деган ғалати фикрга монанд - ўзга юртда яқинларинг ва сенинг ўртангизда тортилган харир бир парда ортидаги воқеалар мутлақо сенгагига тегишли, ҳаттоки виждон ҳам унинг орқасида каби бир гап..
Шохиста бир кун келиб хоразмлик аёлнинг таклифини қабул қилмаса ҳам, бу соддадил ва ишонувчан аёлнинг ҳаётида ундан фойдаланувчи бошқа инсонларнинг пайдо бўлиши турган гап. Худди Шохистанинг телефонидаги кундан-кунга ортиб бораётган “хожатбарор” инсонлар қайди каби...
Сабоҳат Раҳмон