Ошибка. Неверный логин или пароль
Авторизация
Авторизован
Личный кабинет
AYOLLAR.UZ
Дунё бўйлаб аёллар тенглиги ҳақида веб-сайти
Главная/Янгиликлар/Мегасумалак ёхуд Лўғумбекдаги раққоса ким эди?

Мегасумалак ёхуд Лўғумбекдаги раққоса ким эди?

Избоскан туманидаги Лўғумбек боғи бир пайтлар нафақат республикамиз, балки бутун Марказий Осиёга ўзининг сўлим табиати, тоза ҳавоси, зилол сувларию, гўзал товуслари билан машҳур бўлган. Табиати ўша-ўша сўлим бўлсада, йиллар силсиласида боғ анча кўркамлигини йўқотди,  таровати кетди. Бу ердан сайёҳларнинг қадами узилгач эса, мутлақо қаровсиз аҳволга келди.

DLM_5955.MOV.00_18_22_18.Still001

Туманнинг бу йилги Наврўз байрамини Лўғумбек боғида нишонланиши  қишлоқ аҳли қалбига умид ва қувонч олиб келди. Улар ўша машҳур аския кечалари, турли ош мусобақаларию, халқ сайлларини жуда соғинишганди.

Маданият уйи олдида бошланган дастурни маҳалла раислари “Андижон полкаси” билан бошлаб бердилар. Улар орасида бошига чорси танғиб олганча, оқ яктакда шох ташлаётган Ойсуда опа алоҳида ажралиб турарди.

DLM_5982.MOV_snapshot_00.03_[2023.03.20_14.11.22]

- Оиламизда ўғил фарзанд бўлмаган, биз беш қиз эдик, - дейди “Юқори” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ойсудахон Ибрагимова. – Дадам “ўғлим йўқ” деб ўксимаслиги учун ўғил болалар қиладиган барча юмушларни ҳам ўзимиз бажарардик. Баъзан дадам хурсанд бўлиши учун бошимга дўппи, эгнимга яктак кийиб “Андижон полкаси” га ўйнаб берардим. Ёшим 60 га кираётган бўлсада, ҳозир ҳам рақсни анча-мунча ёшлардан қойиллатаман.

Избоскан туманида 63 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Уларнинг 15 тасини аёл раислар бошқарадилар. Ойсуда опа узоқ йиллар маҳалла тизимида самарали фаолият юритиб келган. Дастлаб маслаҳатчи,  сўнгра мутахассис, маҳалла раисининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари вазифаларида ишлади. Нафақага чиққач эса  “Юқори” маҳалласига раис этиб сайланди. Айни кунларда маҳалла ободлиги, оилалар тинчлиги, ҳудуд фаровонлиги йўлида бор куч-ғайратини аямай меҳнат қилиб келмоқда.

-Маҳалламиз бу йил дастурга тушди. Жорий йилда ўйдим-чуқур, қишда лой, ёзда чанг кўтарилувчи кўчаларимизда асфальтлаш ишлари бошланади”, - дейди Ойсуда опа.

DLM_6128.MOV.01_45_24_20.Still001

 

Наврўз кунлари Лўғумбек боғида Избоскан тумани ҳокимлиги ташаббуси билан 8 тонналик мегасумалак тайёрланди.

3,2 тонналик ўчоққа 7,7 тонналик қозон ўрнатилди. Сумалакни тайёрлаш учун 5,5 тонна буғдой, 4,5 тонна ун, 2,5 минг литр пахта ёғи, 7 минг литр сув, 200 кг тош солинди.

DLM_6087.MOV.01_37_49_25.Still001

Рекорд даражадаги сумалак тайёрлашда Ойсуда опа ва унинг жамоаси ҳам фаол иштирок этди.

- Сумалак пиширишда тажрибали, 20 нафар фаол аёлларга туманимиз бош отинойиси бош-қош бўлди, - давом этади Ойсуда опа. - Ёши улуғ онахонлар маслаҳати, кўмаги, кўпчилик дуоси билан сумалакни эсон-омон пишириб олдик. Таом айнан байрам куни тушга яқин тайёр бўлиб, аҳоли ва меҳмонларга иссиғида тортиқ этилди.

Эътиборлиси, Избосканнинг мегасумалагидан ким қанча истаса, шунча тановул қилди, уйларига олиб кетди. Қолаверса, бу таом кам таъминланган, уйида бемор бўлиб ётган инсонларга, шифохоналарга тарқатилди.

Сумалак сайлида 25 мингдан зиёд фуқаролар иштирок этдилар, 7 та саҳна тикилиб, меҳмонлар учун хизмат қилди, 90 дан зиёд сўрилар безатилиб, турли ноз-неъматлар билан тўлдирилди.Палов тайёрлаш, миллий ўйинлар мусобақалари ўтказилди.

DLM_5952.MOV.00_18_02_19.Still001

Наврўз тантаналарига  Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Россия Федерацияларидан меҳмонлар ташриф буюрдилар. Вилоятимиз туманларидан, қолаверса Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Наманган, Фарғона, Сирдарё, Жиззах, Навоий ҳамда Самарқанд вилоятларидан меҳмонлар келдилар.

DLM_6014.MOV.00_33_13_06.Still001

Концерт дастури давомида рақс тушиб чарчамаган Ойсуда опанинг кайфияти чоғ, руҳи кўтаринки эди. “Чарчамадингизми?” деб берган саволимизга “ўйинга тушсам чарчамайман, аксинча, қоним юришади, ўзимни соғлом ва тетик ҳис этаман, кайфиятим кўтарилади”, деб жавоб берди.

- Келин бўлиб тушганимга 35 йилдан ошди. Шаҳарда ўсганлигим учун мени “бу қиз қишлоққа кўниколмайди”, деб гапиришган. Аммо, ҳозир қизлик уйимга бориб, бир кун ётолмайман. Қишлоғим мен учун жондай азиз, Ватан ичра – Ватан. Маҳаллам - жон томирим. Лўғумбекнинг бир бўлаги эканлигимдан фахрланаман. Инсон ҳаракатда бўлса ҳеч қачон мақсадига эришмай қўймайди. Мақсадларимга эришдим, бахтлиман, Оллоҳ яна қанча умр берса, шунча вақт қишлоғим, маҳалла-кўйим орасида бўламан! – дейди у.

DLM_6009.MOV.00_32_15_15.Still001

Шу куни кечгача Лўғумбекда қолиб кетдик. Сумалак яладик, Ойсуда опага қўшилиб рақсга тушдик, моҳир ошпазлар санъати-паловхонтўрадан баҳраманд бўлдик. Оқшом оёқларимизни зўрға судраб, аммо зўр кайфиятда шаҳарга қайтдик. Бу - мен кўрган ва нишонлаган Наврўзларнинг энг зўри эди.

 

Муаззам СОБИРЖОН қизи

 

Қайта чоп этиш, шунингдек ушбу сайтдаги материаллардан фойдаланишга фақат эгасининг розилиги билан рухсат берилади.
Напишите нам
это поле обязательно для заполнения
Ваше имя*
это поле обязательно для заполнения
Телефон:*
это поле обязательно для заполнения
Комментарий*
это поле обязательно для заполнения
Галочка*
Спасибо! Форма отправлена