Қозоғистондаги «Она уйи» («АНА ҮЙІ») хайрия лойихасининг ташкил топганига бу йил 10 йил тўлди. Лойиха асосчилари таниқли ишбилармон Айдин Рахимбаев ва унинг хамкорлари – Қозоғистоннинг машҳур меценатларидир. Лойиха туфайли мамлакатда етти мингдан ортиқ боланинг тирик етим бўлиб қолишларига йўл қўйилмади. Мамлакат ғарбида жойлашган Уральск шаҳридаги “Она уйи” ҳақида ўз кўзим билан кўрганларим ва қозоғистонлик аёллар нима учун янги туғилган фарзандларини ташлаб кетишлари ҳақида ҳикоя қилмоқчиман. Шу билан бирга, бу мавзу доирасида Ўзбекистондаги ҳолат ҳақида ҳам айтиб ўтмоқчиман.
«Она, мен қизимни олиб келдим»
Ойшанинг ҳикояси. 1-қисм
Ойша ўзига тўқ оиладан, унинг ўз уйи ҳам бор, олий маълумотли. Туғруқхонага ёлғиз ўзи келди, чунки ота-онаси унинг никохсиз туғилган боласини хоҳлашмади. Ойша фарзандини туғруқхонада қолдирмоқчи эканини айтгач, орадан бир соат ўтмасдан, “Она уйи” ходимлари унинг хонасига кириб келишди: Ойша кроват четида бир бурда бўлиб ўтирар, ранги докадек оқ - чунки туғруқ қийин ўтган эди; йиғлайверганидан шишиб кетган юзи эса қўрқувдан қийшайиб кетганди – у ўз ҳаётини барбод қилганини тушуниб турарди. Ойша бундан сўнг нима қилишини билмасди: боласини ташлаб кетишга кўзи қиймас, бироқ олиб кетишга ҳам журъат этолмасди. Ахир борадиган жойи йўқ эди. «Она уйи” ходимлари Ойшани кўндириб, боласи билан бирга олиб кетишди.
“Бизнинг уйимиз Ойша каби қўлида янги туғилган чақалоғи билан оғир аҳволга тушиб қолган аёлларга ёрдам кўрсатади. Ўтган йилдан бошлаб биз ресурс маркази сифатида ишлай бошладик, яъни биз муаммоларни иложи борича ўз ўрнида ечишга ҳаракат қиламиз, муаммоси жиддий, шароити оғирроқ тоифадаги аёлларни эса марказда қолдирамиз. – дейди «АНА ҮЙІ» Ресурс марказининг минтақавий мутахассиси Замзагул Шканова. -Биргина 2022 йилнинг ўзида бизга 25 нафарга яқин аёллар мурожаат қилишди.
Бугунги кунда Қозоғистоннинг 18 та шаҳарларида жами 21 та «АНА ҮЙІ» ишлаб турибди”.
Ойша «АНА ҮЙІ»да бир йилдан ортиқ яшади. Вақт ўтиши билан у боласига қаттиқ боғланиб қолди ва тез орада уни парвариш қилишни ҳам ўрганди, унга лойиха мутахассислари ёрдам беришди, психолог доимо ёнида бўлди. Шу ерда, битмай қолган ўқишини давом эттириб, иккинчи олий маълумотни қўлга киритди, қисқа муддатли қандолатчилик ва сартарошлик курсларида ўқиди. Бу муддатда давлат томонидан боласига бериладиган пуллари анчагина йиғилиб қолган эди («АНА ҮЙІ»да бутун яшаш харажатлари, курслар бепул бўлиб, бу ердаги аёллар ўзлари учун ҳам, фарзандлари учун ҳам бир сўм пул сарфлашмайди). Ойша ўзи ва фарзандининг келажаги учун Олма-отага кетишга қарор қилди: аввал у ердан иш, ижарага уй топди, қизи учун болалар боғчасини ҳам дараклади, тўпланган пул илк эхтиёжлар ва иккисининг сарф-харажатлари учун бемалол етарди. Ва у қизини олиб катта шаҳарга жўнаб кетди. Аммо орадан 2 ой ўтгач, Ойша «АНА ҮЙІ»га қўнғироқ қилди ва...
“Кўплаб аёллар ўз ҳуқуқларини билмайдилар, қийин аҳволга тушиб қолганда қаерга ва кимга мурожаат қилишни тасаввур ҳам эта олмайдилар. Биз уларни йўналтирамиз. Улар марказимизда экан, биз уларни ишга жойлашга ҳаракат қиламиз ёки маҳаллий тадбиркорларнинг корхоналарида қисқа курсларга ўқитамиз. Шу тариқа уларни бирор ҳунарга ўргатамиз. Аёллар бу марказдан кетаётганларида ўз эрталарига ишонч билан чиқадилар ва уларнинг кўпчилиги бу ерда ўрганганлари асосида кейинроқ ўз ишларини очадилар”, - дея сўзида давом этади Замзагул Шканова.
... ва йиғлади: “Уйимга кетаман, онамни соғиндим!”. Шу куниёқ Ойша Уральскка қайтиб, тўғри ўз уйига келди ва дарҳол онасига қўнғироқ қилди: “Онажон, сизни соғиндим, мен қизимни олиб келдим! Хоҳланг – мени қизим билан қабул қилинг, хоҳланг – йўқ, бу сизнинг ҳаққингиз. Нима десангиз ҳам розиман”. Онаси жавоб берди: “Қизинг борлигини билардим...”
“Етимлар сонини оширмаслик учун нима қилиш керак?”
«Она уйи» - Қозоғистондаги «АНА ҮЙІ» Жамоат фондининг ижтимоий лойихаси. У 2013 йилда ташкил топган. Унинг асосий мақсади – янги туғилган чақалоқларнинг ташлаб кетилишига йўл қўймаслик ва болани ўз онаси ёнида қолдириш. Мамлакат худудларидаги «Она уйи» она ва болага ёрдам қўлини чўзади ва қийин вазиятларда керакли кўмакларни беради. Сўнгги 9 йил ичида 230 нафар аёл бу марказдан манзилли ижтимоий ёрдам олдилар”.
«Она уйи» лойихасининг ғояси:
-Янги туғилган чақалоқлардан воз кечиш ҳолатларига максимал даражада бартараф этиш;
-Болани ўз оиласида қолдириш ва шу йўл билан етимхоналар сонини камайтириш.
Бир қараганда, ғоя - икки қатордан жой олган иккитагина гапдан иборат, аслида эса унинг кучи жамиятдаги бир қатор муаммоларни бир зарбада йўқ қила олади. Ва бу, чиндан ҳам, ишлайдиган механизмдир.
Кристинанинг ҳикояси.
Кристина – уй бекаси, оилали. Унинг икки нафар фарзанди бор. Учинчи фарзанди туғилганда, туғруқхонадаёқ боласидан воз кечди. «Она уйи» мутахассислари дарҳол етиб келишди, суҳбатлашдилар ва сўрадилар: ”Нега?”. Кристина, болани жон деб олиб кетиши, аммо уни боқа олмаслигини айтди. Эри яқинда қамалиб қолибди. “Ташлашга мажбурман, чунки уни боқа олишимга кўзим етмайди. Икки боламни зўрға эплаяпман, учинчи болага пулни қаердан оламан?” – дейди аёл йиғлаб. Мутахассислар болани олиб кетишга аёлни кўндиришди. Кристинага иш топишда ёрдам беришди, ҳозирда у ярим ставкада ишлаяпти, унинг икки боласини боғчага бепул жойлаштириб беришди. «Она уйи» Кристина ва унинг чақалоғини назоратга олган ва қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Нега бундай бўлаяпти?
“Кўплаб аёллар ўз ҳуқуқларини билмайди, улар кўпинча ўз муаммолари билан ёлғиз қолишади, қийин вазиятларда эса қаерга бориши ва кимга мурожаат қилиши ҳақида ҳеч қандай таассуротга эга бўлмайдилар. Биз уларни ишга жойлаштирамиз ёки маҳаллий тадбиркорлар ёрдамида қисқа курсларда ўқитамиз. Яхшики, тадбиркорларимиз бизни қўллаб-қувватлаб, ўз хизматларини бепул таклиф қилишади.
Энг муҳими, сўнгги йилларда фонд кўмаги билан Қозоғистон миқёсида онаси ташлаб кетган етим чақалоқлар сони кескин камайди ва ўз навбатида, ижтимоий етимлик муаммоларини ҳал этишда ижобий динамика кузатилмоқда”, - дейди Замзагул Шканова.
Ўзбекистон: “Аҳволинг қалай, болакай?”
2021 йилнинг август ойида Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг қарори билан Қорақалпоғистон, Навоий, Фарғона, Наманган ва Хоразм вилоятларидаги “Болалар уйлари” ёпилганди. Хўш, у ердаги болалар қаерда? Самарқанд вилоятидаги васийлик органи ходимининг сўзларига кўра, 8-16 ёшгача бўлган “Болалар уйлари” тарбияланувчиларини, асосан, иш фаолиятини тўхтатаётган ташкилотлар ишчилари, туман ва вилоят хокимликлари, Миллий гвардия, ички ишлар ходимлари ҳамда маҳаллий тадбиркорлар асраб олишган. Аммо уларнинг аксарияти бунга мажбур этилган. Ҳар бир бола учун асраб олувчига давлат томонидан ойига 120, ногирон бўлса 250 АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилган. Бундан ташқари, ҳар бир болага бир йилда биттадан қишки куртка, спорт кийими ва бир жуфтдан этик учун алоҳида маблағ ажратилган. Аммо ҳозирда бу болаларнинг тақдири билан шуғулланадиган бирорта ҳам ташкилот мавжуд эмас.
Бугунги кунда мамлакатдаги қолган 1475 ўринли 6 та “Меҳрибонлик уйлари” ва 11 та “Болалар уйи”да жами 897 та, 133 та оилавий етимхоналарда 836 та, васийлик асосида эса 2161 та 16 ёшгача бўлган болалар тарбияланмоқда.
Қозоғистон:
«Бунчалар ширинсан!»
“Биласизми, 9 йил аввал бизнинг вилоят «Болалар уйи» да тарбияланувчилар кўп эди. Ҳозир эса улар сони анчага камайди. Агар туғруқхонада бирор аёл боласидан воз кечса, дарҳол бизга хабар беришади ва биз бир зумда етиб келамиз. Сўнгра онани ҳам, болани ҳам «Она уйи»мизга олиб кетамиз. Аёлнинг ҳолатини ўрганганимиздан сўнг, унинг вазияти қандайлиги ҳақида хулоса қиламиз. Сўнгра биз болаларнинг биологик оталарини аниқлаймиз, қариндошлари, бобо-бувисини излаймиз. Чунки ёш оналар ўз яқинларидан, уларнинг “гап-сўзи”дан қўрқади. Бола дунёга келганда, бундан хабар топган қариндошлар, ота-оналар, аввалига фарзандларидан юз ўгиришади, хақоратлашади. Кейинроқ – болани кўрганларидан сўнг эса, ҳамма нарсани унутишади: хафагарчиликни ҳам, уятни ҳам, одамларнинг “гап-сўзи”ни ҳам. Ҳозирги пайтда боласидан воз кечадиган оналар сони кундан-кунга камаймоқда ва бу қувонарли ҳолат, албатта” – дейди Замзагул Шканова.
Барча муаммолар ҳал бўлаяптими?
“Биз, асосан, муаммоларнинг 80 фоизинигина ҳал эта оламиз. Баъзан ҳал бўлмасдан қолиб кетадиганлари ҳам бор, бусиз мумкин эмас”.
Байранинг ҳикояси.
Байра шароити оғир оила фарзанди бўлиб, олийгохда ўқиётган эди. У туғруқхонада фарзандли бўлди, аммо боласини истамади. Унинг ота-онаси ичкиликка берилган эди ва ёш она уйига боласи билан қайтишни истамади. Байра она бўлишга тайёр эмасди. Лойиха мутахасисслари вазиятдан келиб чиқиб, унда оналик туйғулари йўқлиги ҳақида хулосага келди. Байра болани боқа олмасди.
“Бизнинг асосий йўналишимиз - бу «Она уйи». Мақсадимиз - оналарнинг ўз боласини ўзи тарбия қилиши, етимхонага топширмаслигига эришишдир. Иккинчи йўналишимизни сўнгроқ, 2016 йилда ташкил этдик ва бу етимхоналардаги болаларни асраб олиш бўйича Миллий агентлик ҳисобланади. Бу ерда “Асраб олувчи ота-оналар мактаби” курси мавжуд. Бу мактабни ташкил этишдан мақсад, бўлажак отани, онани бола асраб олишга тайёрлаш, уларни керакли маълумотлар билан таъминлаш, бола билан боғлиқ кўникмаларга ва уларни ҳақиқий ота-она бўлишга тайёрликни ҳис эттиришга ўргатишдан иборатдир”, - дейди лойиха мутахассиси.
Қутига яширилган қанд
Ойшанинг ҳикояси. 2-қисм.
Орадан 2 кун ўтгач, «Она уйи»га Ойшанинг онаси кириб келди ва қизининг қўлига 150 000 тенге бериб, ”шуни ол, бу пулни истаганингча сарфла. Аммо бундан сўнгра мендан ҳеч қандай ёрдам кутма!” - дея чиқиб кетди.
Бу пулга Ойша кичик бир дўкон очди, маҳсулот учун турли шаҳарларга қатнади. Кейинроқ иккинчи дўконини очди. Орадан бир неча йил ўтгач, Ойша ўзига муносиб бир инсонга турмушга чиқди. Унинг турмуш ўртоғи Ойшанинг қизини ўз боласи каби қабул қилди ва ҳозирда уларнинг фарзандлари 3 нафар бўлди. Ойша бахтли оилада яшамоқда.
Ҳар йили август ойининг сўнгги кунларидан бирида марказда яшаган оналарнинг 7 ёшга тўлган фарзандлари «Она уйи»га таклиф қилиниб, байрам уюштирилади, уларнинг мактабга чиқаётганликлари муносабати билан тайёрлаган совғалар топширилади. Болалар хурсанд бўлиб келишади, чунки бу ердаги ходимлар улар учун энг яқин инсонларидан ҳисобланади. Марказ ходимлари ҳам бу болаларни ўз фарзандлари каби кўришади, ахир уларнинг ҳар бирига оналари қатори алла айтган, касал бўлса, тепасида турган, ухлатган, овқатлантирган - лойиха ходимлари эди-да!. Шу куни «Она уйи» қувончга тўлади, гўё.
Ўтган йили анъанавий байрамга Ойшанинг қизи ҳам келди. Қадрдон «Әже»сини кўриши билан қучоғини очиб югурди (у онаси билан бу ерга тез-тез келиб туради). Тадбирда мириқиб ўйнади. Кетаётиб эса «Әже-Замзагулни» маҳкам қучоқлаб, унинг қулоғига шивирлади: “«Әже, мен кетганимдан сўнг анави қутини очинг – у ерда сиз учун бир нарса қолдирдим, фақат онамга айтманг, хўпми?» - деди.
Қутичада - «Әже»нинг ўзи болаларга тарқатган ширинликлардан - бир донагина қанд турарди.
Хулоса
Айтишларича, дунёдаги энг чиройли аёл - бу хомиладор аёл экан. Кўчада кетаётганимизда болали аёлни учратганимизда эса, гўёки бахт ёнгинамиздан ўтиб бораётгандек туюлади. Аммо аниқ биладиганимиз шуки, ҳар бир бола ўз онасининг ёнида, ўз уйида яшаши керак.
Сабоҳат Раҳмон