Ошибка. Неверный логин или пароль
Авторизация
Авторизован
Личный кабинет
AYOLLAR.UZ
Дунё бўйлаб аёллар тенглиги ҳақида веб-сайти

Хадаф

 

           Кемада ўтирганча, денгиз мавжларига соллана-соллана эшлик этган ёлғиз чағалайнинг ҳаракатларини кузатаман. Ён-атрофларда ҳам бор чағалайлар, фақат улар жуфт-жуфт ёки бир нечаси бир тўпламда сузмоқдалар. Қанотларини-қанотларига ёндашиб, тумшуқларини-тумшуқларига туташтиришади баъзи-баъзида. Худди бошқаларни ғийбат қилаётгандек, ҳеч бўлмаганда берироқдаги ёлғиз чағалайни майна қилаётгандек.. Жуфтлари эса бир-бирларига сўзсиз боқишади, гўё “ошиқлар кўзлар орқали гаплашишади” деган фикрни тасдиқлаган каби... Бирининг тумшуғи иккинчисининг ўмузида, бошқасининг чап қаноти бирининг боши устида – худди уни шивалаб ёға бошлаган ёмғирдан ҳимоя қилаётгандек... Фақат ёлғиз чағалайгина булардан мустасно – мағрур бошини алплар каби баланд кўтарганча, нигохини денгиз ортидаги чексиз уфқларга тиккан. У ерда нима бор экан, дея мен ҳам чағалай кўзлаган тарафга боқаман. Уфқ томонда худди уч замон – уч қадар – уч ҳаёт яшалаётган каби: шундоққина бошимиз узра сузиб, ёмғир томчилатаётган булут наздида, худди 10-15 қадам (булутга кўра ўлчов) нарироқда кимлардир 18 даражали қуёш тафтида исинаётгандек; ва яна шунча оралиқдан сўнградаги булут остидаги одамлар устидан яна-да қизғинроқ ёмғир ёғаётгани, аммо ниҳоятида, уфққа яқин оралиқдаги булут остидаги кишилар энг бахтли одамлар каби қуёш ботимини томоша қилаётганини – осмон харитасига боқиб англаётганди бу ёлғиз чағалай. Буларни тушуниб етмоқ учун албатта шу миттигина чағалай бўлиб туғилмоқ керакми? 
Худди шу нуқтада мен ўтирган кема шошқинлик билан чағалай ёнидан сузиб ўтди ва тез орада у бутунлай кўздан йўқолди...

IMG_9699


        Ғала-ғовурда нигохимни ташқаридан олиб, кема ичкарисида ўтирган йўлдошларимга қаратдим – тўғрироғи, атрофни тутган мусиқа ичида бироз тўпори, аммо инсон руҳиятини  тўлқинлантирувчи сўзларни ташиган овоз янгради. Қўшиқ куйчисини дарров топа олмадим, чунки бу ернинг одатига кўра, улар ўтирган йўловчилар орасида бўлади. Ниҳоят, бошини бир оз эгиб, қайғули дардларини гўё одамлар учун эмас, ерга сўйлаётгандек тасаввур уйғотувчи -  50 ёшлардаги гўзал аёлни кўрдим. Агар қўлидаги овоз мосламаси бўлмаганда, балки уни ўнлаб йўловчилар орасидан қидираётган хануз қидираётган бўлармидим. Аёлнинг қаршисидан кичик сандиқча жой олган. Унда-мунда кишилар майда чақа ташлаб туришибди. Аммо аёл худди пул ишлаш учун эмас, ўз дардини бу кемага, бу одамларга улоқтиргани келган каби ердан кўзини олмасдан қўшиқ куйлашда давом этади.. “ай, мен ҳеч нарсани унутмадим..”
Кема манзилга етиб келганда ҳам, йўловчилар бирин-кетин уни тарк эта бошлаганда ҳам, ва хатто энг охирда кемадан тушаркан ортимга қараганимда ҳам – аёл ҳамон қўшиқ куйлаётган эди. Бунгача у бир маротаба ҳам на сандиқчага, ва на ундаги сочилиб ётган пулларга қаради. У ҳамон эзилиб-эзилиб қисматини мусиқа ичига яшириб ҳикоя сўйларди...

IMG_9730


         Мавжлар узра оёқларимни юқоридан олиб сохилга чиқдим. Пўртанадаги денгиз томчилари каби вижирларди бу ерда одамлар. Хатто сохилбўйига қиёслаб, “бир чағалайга минг киши тўғри келади-ёв” десам менимча лоф бўлмас. Юрган йўлингизда ўз қадамларингиз ёки ўз оёқ кийимингизни эмас, бегона қадамлар ва ўзга оёқ кийимлар рўбарў келаверади ва хатто бир зумга “у менинг оёғим-ку!? Ээ, бу менинг кроссовкамми?! Вой, мен қачон олгандим буни, ахир жигарранг оёқ кийимни ёмон кўраман-ку?! Вой, туфлим чанг бўлибди-я!?” каби ўйларимдан чарчаб кетаман ва ғала-ғовур бўлиб турган ўриндиқлардан бирига ўтираман. Йўловчи камроқ бўлган бирор тарафни мўлжаллайман. Шу ондаёқ ёнимга бири келиб ўтиради:
-Мерхабо! – дейди кексалигидан эмас, балки кўринишига жиддийлик бериш учун бўлса керак иягида узун соқол ўстирган нусхалардан бири.
Жавоб бермайман.
-Танишсам бўладими? Мен дўст излаяпман-да...
Ва хоказо, ва хоказо...

                                            IMG_9771

      Йўлда кетаркан, бирор марта ортимга боқмайман. Аслини олиб қарасак, ҳаётда ҳам шундайман – ўтмишимда қолган инсонларга иккинчи имкониятни бермайман. Ҳеч қачон! Дўст изламиш соқолли ҳам ортда – ўша ўриндиқда, айтилмай қолган чала сўзлари билан қолаверди. Инсонлар менинг фақат биттагина умрим борлиги ва у ҳам бўлса уфқларга ёндаша бошлаганини билмайдилар чоғи.. Ниҳоят, ўз пойафзалимни “топиб олдим”. Бу айланма кўчада, ҳар қалай, йўловчилар ўз оёқларини кўра олмоқда. Шукур.
Бу денгиз ўзига ошиқ этмоқ хунарини ҳеч ташламади-я. Унинг атрофида кимсасиз ерни топиш амримахол. Ҳар ерда балиқчилар. Улар орасида бутун умрини шу сохилда балиқ овлаб ўтказганлар анчагина. Анави кекса кишини ҳар сафар бу ерга келганимда кўраман. Ҳеч ким билан иши йўқ, гаплашмайди. Назаримда дунёни унутган. Балки фақатгина денгиз-у тутган балиқлари билан сухбатлашса керак. Ора-сира ёнгинасидаги ўриндиққа яқинлашиб, у ердан тушлик овқатидан тотинган бўлади ёки қоғоз қутига ўроғлиқ ичимлигидан кичиккина пиёлага бир оздан қуйиб, шимириб ичади. Сўнгра яна қармоғини қўлига олади.. У – денгизда кўрганим – чағалайга жуда ўхшайди. У каби кекса, у каби ғариб, у каби ёлғиз... Атрофидагилар балиқчига боқмайди. Ишлари йўқ. Балки танимасалар ҳам керак, гарчи одам йилларини бу сохилда кечирган бўлса-да.. Хатто ундан кейин келишгандир бу ерга бошқа балиқчилар. Ва хатто илк бора бу ерларга кела бошлаган пайтлари қолганлар эндигина туғилган бўлишлари ҳам мумкин.. Негадир бу эски балиқчини бу ернинг сохиби аслида деб тушуна бошладим хатто. Нима бўлибди? Унинг ҳаммадан кўп тажрибаси бор балиқ тутишда. Ажабо, унинг овози қанақа экан? Балки шу пайтгача унинг овозини ҳеч ким эшитмагандир? Балки мен биринчи бўларман?
Яқинлашдим.
-Кечирасиз, сиз балиқчисиз-а?
У қовоғини уйганча мен томонга қаради. “Нима ишинг бор менда?” деган ифода бор эди бу юзда.
-Мен балиқ сотиб олмоқчи эдим-да.. Шунга...
Балиқчи мени эшитмаган каби юзини бурди. Мен гапимни такрорламоқчи эдим, одам нари кетди ва бошидаги қалпоғини пешонасига қаттиқроқ бостирди. 
Тушундим албатта. Бир қадам ортга чекиндим ва йўлимда давом этмоққа чоғландим.
Қаршимда қора соқолини селкиллатганча, ўзига дўст излаган киши турарди. 
-Э, одам сенинг юзингга ҳам боқмади-я! Худди сен менга боқмаганинг каби..
У ростмана кулаётганди устимдан.
Бу сафар дунёни, жамики одамларни денгиздаги ёлғиз ва мағрур чағалайга, ўзимни эса унинг ғийбатчи қўшниларига ўхшатдим.. 
Разиллик!
                                  Сабоҳат Раҳмон

Қайта чоп этиш, шунингдек ушбу сайтдаги материаллардан фойдаланишга фақат эгасининг розилиги билан рухсат берилади.
Напишите нам
это поле обязательно для заполнения
Ваше имя*
это поле обязательно для заполнения
Телефон:*
это поле обязательно для заполнения
Комментарий*
это поле обязательно для заполнения
Галочка*
Спасибо! Форма отправлена