Ғарбий Қозоғистон вилоятининг Уральск шаҳрида жойлашган Пугачев уй-музейи
Ҳозирги ёшларнинг кўпчилиги Пугачев ҳақида билмасликлари тайин. Аммо 40 ёшдан юқори бўлган ўзбекистонликлар уни яхши билишади. Бор-йўғи 33 йил умр кечирган Пугачев (1742-1775) фирибгарликда айбланган бўлсада, ўзини ёлғондан Пётр III деб эълон қилгани ортидан асрлар оша тарихда қолди. Донлик казак оиласида туғилган Пугачев 18 ёшида Софья исмли бой қизга уйланади.
Орадан бир ҳафта ўтиб, казаклар сафида урушга – Пруссияга жўнатилади. 1756-1763 йиллар орасида давом этган Етти йиллик урушда иштирок этади. 1963 йили Пётр III нинг ўлими орқасидан Россияга қайтади. 1769 йили Пугачев рус-турк урушида қатнашди. Аммо 2 йил сўнгра қаттиқ касал бўлиб, тузалиш эхтимоли чўзилиб кетади. Сўнгра бир қатор саргузаштлардан сўнг у синглисининг уйига келади, синглиси, куёви ва куёвининг бир нечта дўсти урушдан қочмоқчи эканини эшитгач, уларга ёрдам бериш учун Дон дарёси орқали қайиқда олиб ўтади (бу ерларда казаклар йўқлигини Пугачев биларди). Хавфли ерлардан ўтиб олган қочоқлар барибир қўлга тушади ва сўроқ пайти “бизни Пугачев қочирди, дарёдан ҳам бизни у олиб ўтди” дея гувохлик берадилар. У вақтларда урушдан қочган киши ўлимга хукм этиларди.
Екатерина II га қадар Урал дарёси Яик деб аталарди ва казаклар унинг атрофида ўтроқлашган, балиқчилик билан шуғулланишарди. Пётр I даврида дарёга эгалик қилишдан маҳрум қилиниб, қисувга олинган казаклар, ундан сўнг тахтга ўтирган Ёкатерина Iiдан умид қилишганди, аммо умидлари пучга чиққач, уларнинг қўзғолон учун қулай вазиятни кутиб, узлатга чекинишдан бошқа чоралари қолмаганди. Айнан шу даврда даврага қўрс, ҳеч нарсадан қўрқмас Емельян Пугачев кириб келади. Гарчи у казакларни турк султони олдига қочишга даъват этиб, чегарада уларга катта пул ва ёрдам берилишини айтса-да, казаклар юртни ташлаб кетишга рози бўлишмайди.
Қамоқдан чиққан Емельян Пугачевни казаклар ўзларига бошчи қилиб олишади. Ниҳоят, Екатерина IIга қарши Пугачев бошчилигидаги қўзғолон бошланиб кетади. Одамлар орасида “Петр III тирик экан” деган миш-мишлар тарқайди. Сохта-шох тарафига ўтмаганлар ўлдирилди. Пугачевни фақат казакларгина эмас, шунингдек, татарлар, қалмиқлар ва бошкирдлар ҳам қўллай бошлади. 2 ҳафтада катта қўшин тўплаган Пугачев Оренбург томонга юриш бошлайди..
Қўзғолон 2 йил давом этди. Бу даврда Пугачев буйруғи билан танга пул ва қўзғолон қахрамонлари учун махсус орден ҳам ясалган эди (уларнинг айримлари Уральскдаги Пугачев уй-музейида сақланмоқда). Бу даврда, гарчи Пугачевнинг хотини ва 3 нафар фарзанди бўлса-да, казаклар уни – подшох Петр III сифатида (сохта-подшо) Петр Кузнецовнинг қизи 16 ёшли Устина Кузнецовага уйлантиришади. Пугачев уй-музейи жойлашган бино айнан Устинага тегишли эди. Улар 2,5 ой бирга яшашади, холос.
Қўзғолон 1775 йили Екатерина II томонидан тор-мор қилингач, казаклар Пугачевни тутиб беришади, у қатл этилиб, ўлиги бурда-бурда қилинади. Пугачевнинг ҳар икки хотини – Софья ва Устина ҳамда Емельяннинг 3 нафар фарзанди эса зиндонга ташланади ва улар ўша ерда халок бўлишади. Икки кундош, ҳаётининг сўнгги кунларини биргаликда ўтказганликлари, сохта-подшо – Пугачевнинг фарзандларига охиригача ғамхўрлик қилганликлари ҳақидаги ҳикоя узоқ йиллар тилларда достон бўлди.