Ошибка. Неверный логин или пароль
Авторизация
Авторизован
Личный кабинет
AYOLLAR.UZ
Дунё бўйлаб аёллар тенглиги ҳақида веб-сайти
Главная/Фикр/ХИЗМАТКОР

ХИЗМАТКОР

    Кеча америкалик режиссёр Тейд Тейлорнинг “Хизматкор” (“TheHelp“) фильмини томоша қилдим. 1960-йилларда америкалик оқ танли кишилар хонадонларида хизмат қилган ҳуқуқсиз ва безабон қора танлиларнинг қисмати ҳақидаги кинороман. “Оскар” ва “Олтин Глобус” мукофотларига чиндан ҳам арзиган фильм. Рўзғор тебратишга етадиган ҳақ эвазига ўз фарзандларини бировлар қўлига ташлаб, бошқаларнинг болаларини тарбия қилган, бегона оила хизматидаги аёлларнинг кечинмалари талқин этилган унда. Ҳуқуқлари каби орзулари, туйғулари ҳам топталган аччиқ қисматнинг эгалари.

Фильм тугагунча кўз ёшларим тинмади. Юртимдаги севаралар, гулноралар, наргизалар, салималар кўз олдимга келди, улар орасида ўзим шахсан танийдиганлари ҳам бор. Улар каби юзлаб, минглаб гулдек ўзбек аёллари ҳам мен томоша қилган фильмдаги қора танли аёллар каби жондан азиз фарзандларини ота-онаси, опа-сингиллари, келинлари, кўп ҳолларда эса бегона қўлларга ташлаб, Россия, Қозоғистон, Туркия, Араб Амирликлари каби мамлакатлардаги пули кўп одамлар хонадонида ҳақсиз, ҳуқуқсиз, кўпинча ўрни ҳам йўқ хизматкор сифатида ишлаётирлар. Фильмда-ку 1960 йилларда юз берган воқеалар талқин этилган, бироқ бугунги-21 асрда рўй бераётган ҳақиқатлар қайси ўлчам, қайси меъёрга сиғади?

Болалигимда рўй берган бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Оиламиз катта бўлсада, Онамизнинг рўзғор юритишдаги уқуви туфайли тўқ яшар эдик. Маҳаллимизда бир оила бўларди, оталари эртадан-кечгача далада ишлар, 6 та фарзанднинг онаси эса хаста бўлгани учун ишга чиқолмасди. Онам ҳамиша бир йўлини қилиб бу оилага ёрдам қилиб турар, бироқ ўз номидан эканини уларга асло сездирмасди. Бир сафар қайсидир байрам арафасида Онам ўз қизлари қатори ўша аёлнинг ҳам қизлари учун чиройли матодан кўйлаклар тикди. Бир тугунчага шу кўйлаклар қатори биз ҳеч киймаган 2-3та қалин устки кийимларни ва бирмунча озиқ-овқат ва егулик солиб бир четга қўйдилар. Вақт ярим тунга яқинлашганда онам мени уйғотиб кўчага бошлади. Биз ўша оила уйининг эшиги олдига тугунчани қолдириб энди кетмоқчи бўлиб турганимизда, эшик очилиб, остонада уй бекаси пайдо бўлди. Онам саросимага тушганидан нима дейишни билмай, бир муддат жим қолди, сўнгра “болаларингизга байрам совғаси олиб келгандим”,дея тугунчани ердан олиб аёлга узатди. Касалликдан озиб-тўзиб кетган қўшни аёлнинг сўлғин юзи ҳалиям эсимда. “Совға бўлса нега кечаси олиб келдингиз? Бизни қашшоқ деб ўйлаяпсизми? Олинг нарсангизни, бизга садақа керак эмас”, деб онамнинг юзига эшикни ёпди. Ўшанда Онам иккимиз уйгача йиғлаб кириб келганмиз. Онамнинг йиғиси сабабини билмасам ҳам, улар кўзидаги ёшни кўриб менинг ҳам хўрлигим келганди. Энди биламан. Ўша – камбағал бўлсада мағрур, шу МАҒРУРЛИКни касаллик ва очликдан устун қўйган – қўя олган аёл олдида ундан-да МАҒРУР бўлган ва шу мағрурлиги билан мағрур қўшни-аёлнинг кўнглини синдирганидан йиғлаганди менинг ўта мағрур онам... Сўнгроқ, орадан анча йиллар ўтгач – мустақиллик йиллари даврида - бир қариндошимиз 3 фарзандини опасига қолдириб, Россияга энагаликка кетганини эшитган Онам “шундан кўра томорқасига қараб, мол-ҳол қилиб, болаларини боқса бўларди-ку? “Узоқдаги буғдойдан яқиндаги арпа яхши”. Рўзғорни тежаб-тергаса ҳамма нарсаси бут бўларди. Ўз боласи буёқда қолиб, бировнинг боласига қандай қараркан? Тавба, бировнинг хизматини қилишга орият қилмасмикан”, дегандилар. Ўшанда мен у аёлни ўзимча ҳимоя қилганман, бироқ Онам ҳақ эди.

Яна фильмга қайтсам. Ундаги қаҳрамонлардан бири шундай дейди: “Менинг онам ҳам хизматкор эди, бувим эса қул бўлган”. Бу жумла асло менинг ватандошларим ҳақида эмас. Яқин ўтмишга қадар яшаб ўтган аждодларим ҳақида гапириб ҳам ўтирмайман. Чунки уларнинг жасорати, ғурури, билармонлиги, ақлу заковати мадҳи дунёларга сиғмайди. Сўнгроқ, ўзим қисман билган Шўролар даврида эса ватандошларим Иттифоқ юрт фуқаролари сифатида ўзга давлат томонидан қаттиқ ишлатилган бўлса-да, одамлар тасаввурида ДАВЛАТ деган тушунча ортида шахс турмасди. Улар қаттиқ ишлаганлар, аммо бугунгидек бой шахслар қўлида эмас. Улар ўзлари каби бошқа кишилар олдида ор-номусини, эркини йўқотмаганлар, қулдек ялтоқланмаганлар, болаларини фақат боғчаларга ташлаб ишлаганлар. 70 йил ичида боғчадаги энага ҳам ИНСОН эди..Ў, хато ўйладингиз. Менинг Шўролар ўтмишига муҳаббатим йўқ. Шу билан бирга бу юртнинг келажагига ҳам ишонмайман. Менинг ажойиб болалигим ўтган тузумнинг камчиликлари мавжуд бўлган, албатта. Эндиликда эса мен ғурурсизлик каби “бенуқсон” хислатли хизматкорлар етиштирилаётган мамлакатда яшамоқдаман. Шу кунларга ҳам етиб келдик: аллазамонлардан буён одамийликнинг чўққиси ҳисобланган ҒУРУР, ШАЪН бугунги кунда сариқ чақага ҳам арзимас бир матоҳга айланди. Бугун менинг Ватанимда ғурурни латта-путтага, қоғоз пулларга, данғиллама ҳиссиз уйларга, темир машиналарга алмаштирмоқдалар, сотмоқдалар. Чирқираган оч боласининг қўлчасини силтаб ташлаб, кўзини махкам юмиб, ўзга юртларда қоғоз пул учун энагалик қилмоқдалар, ўз ота-онасини ўз юртида қаровсиз қолдириб, ўзгаларнинг отаси ё онасига чўрилик қилмоқда Ватанимнинг гулдек аёллари. Ўзларини ҳимоя қила олишга қодир на бир қўл, на бир юрак ва на бир елканинг мавжудлигига аллақачон ишонмай қўйган баландпарвоз мамлакатимнинг пешонаси шўр, гўзал аёллари. На оиласига, на эрига ва албатта на Ватанига керак бўлган ўзбегимнинг хизматкор аёллари. Шуларни билиб туриб ҳам ҳануз мағрурликни бошингизга тож қилмаётирсиз, қадрингизни ерга ураётирсиз, ўзингизга “ТЎХТА!” дейолмаётирсиз. Ўз фарзандингизга бўлган соғинч ҳисси кучая-кучая бир кун келиб сўнганда, сиз учун ҳам, олисдаги бўзлаган фарзандингиз учун ҳам фожеа бўхрони содир бўлиш эхтимоли юқори. Шунинг учун ҳозир тўхтанг! Нитше фалсафасига мувофиқ, “қалбимизда ўз-ўзимизга амр этиш хислати тамом бўлган нуқтада бизни бошқалар ўзларига тобе қиладилар”. Қанчалар аянчли! Агар бу аянчли қисмат шу билан тугаса эди. Ахир хизматкорликдаги ватандошим ҳам буларни қай бир даражада тушунади, ҳис этади. Бундай ўйлар оқибатида қалбида йиғилган бўтана нафратни ё “қарамоғида”ги гўдак ё қарияга ёки бўлмаса йилда бир марта келганида ўз фарзандлари, ўз ота-оналарига “сочади” – портлайди бу кўнгил. У қанчалар оғир ва салмоқли.

Эътирозингиз ўринли...эмас.Тирикчилик, дейсиз. Ҳаёт, дейсиз. Ишсизлик, дейсиз. Бироқ бу хатти-ҳаракатлар ўз мақсадини оқламайди. Чўрилик билан топилган пуллар йилда бир, нари борса икки мартагина кўра оладиган фарзандлар учун сарфланишини тушуна оламан, бироқ бу пуллар олисда ишлаётган онасига кўнгли илингани, бироқ ёнида туя олмагани туфайли қадоқларга тўлиб кетган қалбни тузата оладими? Ёнида бирор бир яқини бўлсада руҳан ёлғиз ва шу ёлғизликда яхшини ёмондан ажрата олмайдиган болакайга мадад бера оладими бу қадрсиз қоғозлар?!

Албатта, ватандошларимнинг кўпчилиги хизматкор деган сўздан ор қиладилар. Ор қила туриб яна, мажбурликдан, пул учун шу оғир сиртмоқни ўз елкаларига олиб зилдек аравани судрашга чоғланади улар. Бироқ, ишонинг, бу ҳаёт эмас. Ўз қадрини ерга соча туриб топилган пул билан фарзанд келажагини яратиб бўлмайди. Яратишга уринарсиз, уддасидан ҳам чиқарсиз, бироқ бу сизни шод этолмайди. Биламан, айрим аёллар қўлларига бирпасда пул тутишни истайдилар. Бунинг учун бажарилиши керак бўлган иш турининг аҳамияти унчалик муҳим эмас. Бундан 2 йил аввал бир дугонамникида Туркия давлатида ишлайдиган аёл билан танишиб қолдим. Ёши 54-55лар атрофида. Бир оиланинг кекса онасига қарар экан. “Ишонасизми, қўйиб берсам мени балчиққа қориб ташлашга тайёр туришади. Лекин мен йўл бермайман. Ҳафтада олти кун ишлайман. Якшанба куни пулимни олиб эрталабдан кечгача шаҳар айланаман, ейман-ичаман – шу билан бир ҳафталик аламларим чиқиб кетади, пулим ҳам тугайди”, дея ўз ҳикоясини сўзлайди аёл. Шунда сўрадим:” Яшашдан мақсадингиз нима?” У жавоб берди: “Ўғлим мен билан бирга, кафеда хизмат кўрсатади. Шуни уйладим яқинда. Иккаламиз 6 йил ишлаб пул тўпладик ва 3 кунда барча пулларимизни сарфлаб бўлдик. Дахшат тўй қилдик ўзиям, барча расм-русмлар билан. Одамларни оғзи очилиб қолди. Лекин мана, бир хафтадирки, қудамни жўнатаётган мазарлари билан тирикчилик қилиб ўтирибмиз.Яхшиям Туркияга қайтишимизга олдиндан чипта олиб қўйгандик. Энди нимаям қилардик, бориб уччаламиз ҳам ишлаймиз-да. Келиним ҳам боради”.

“Хизматкор” фильми якунида бош қаҳрамонлардан бири – қора танли хизматкор навбатдаги тахқирдан сўнг уй хонимининг юзига тик қараб, “хўрлашдан чарчамадингизми?” дейди ва бу уйдан бутунлай чиқиб кетади. Ғурур ортидан кетади. Унга эргашиб.

Қизиқ, мағрурлик ҳозир урфдан қолмадимикан? Асли у онадан қизга ва бу қиз она бўлгач, у орқали унинг қизига ўтиши керак бўлган меросдир. Мен ушбу ғурур тушунчасига қанчалик инонсам, сизларга ҳам шунчалик ишонгим келади. Оилангизга қайтинг – ўз болаларингизни тарбияланг, уларга меҳр беринг, токи улар ҳам улғайиб хизматкор бўлмасинлар. Сиз каби. Қайтсангиз сизга ҳеч ким пул бермайди, албатта. Мен ҳам беролмайман. Лекин ҳаётингизда нимадир ўзгариши аниқ. Уни амалга ошириш учун сизга янги режа керак. Бундай режалар эса ЭРКИНЛИКДА, болангиз кўзидаги сизга мухтожликни кўра олган пайтингизда ўз-ўзидан келаверади. Муҳими – илк қадам. Ушбу қадамингиз муборак бўлсин!!Ахир биз ҚУЛЛАРНИНГ ФАРЗАНДЛАРИ ЭМАСМИЗ.

                                                                                       САБОҲАТ РАҲМОН

Қайта чоп этиш, шунингдек ушбу сайтдаги материаллардан фойдаланишга фақат эгасининг розилиги билан рухсат берилади.
Напишите нам
это поле обязательно для заполнения
Ваше имя*
это поле обязательно для заполнения
Телефон:*
это поле обязательно для заполнения
Комментарий*
это поле обязательно для заполнения
Галочка*
Спасибо! Форма отправлена