Мен ортиқ ижтимоий инсонга айландим...
Аввалари ўзимни бахтли ҳис этсам, буни барчанинг олдида баралла айтишдан уялмасдим;
-қувончимни дўстларим билан бўлишишни одатий иш каби қабул этардим;
-фарзандларимдан фахрланишим, уларни севишимни бошқаларга сўзлаш – мен учун чикора эди;
-меҳрли оилам, қувончим ҳақида сева-сева ҳикоя қилардим...
Аммо энди....
Мен 2022 йилнинг сўнгги кунларида ўзимни ижтимоий одам сифатида кашф этдим ва бу туйғу менинг сўнгги йилларда нақадар улғайганим, қалбим, юрагим шахсийлик доирасидан чиқиб, умуминсонийлик рамзига айланганини ҳис этдим ва бундан бахтиёр бўлдим.
Бундан сўнгра:
-атрофда ўзларини бахтсиз ҳис этган минглаб одамлар бор экан, ижтимоий тармоқлар орқали мен ўзимни бахтлиман дея эълон қилмайман;
-агар шахсий ҳаётимда қувончларим дунёларга сиғмаса-да, уларни юзлари кулмаётган ўн минглаб ватандошим ҳурматидан сўзламайман, уни, бундан сўнг, фақатгина расмдаги табассумимдан тушунасиз;
-юртимдаги юз минглаб ночор оилалар, улардаги носоғлом муҳит, бахтсиз фарзандлар ва уларнинг чорасиз ота-оналари хақ-ҳурмати – ўз фарзандларимга бўлган чексиз муҳаббатим, фахрим ҳақида сукут сақлайман. Сиз бу ҳақда фақатгина юзимиздаги (мен ва болаларим) ғамгин табассумимиздан сезиб оласиз;
-меҳрли оилам, атрофимдаги дўстларим, ишимдаги муваффақиятлар ҳақида ҳам сўз юритмайман ортиқ, мамлакатимда ҳар куни содир бўлаётган дахшатлар, аёлларга нисбатан зўравонликлар, қийноқлар, маҳаллий хокимият амалдорлари томонидан фуқароларга нисбатан қўлланилаётган ҳақоратлар, тухматлар, қурилаётган тузоқлар, бахтсизликка рўпарў қилинаётган бегунохлар, етим қолаётган болалар, айбсиз кўчага отилаётган оналар, совуқда дилдираб, ёзги шиппакда юрган норасидалар – улар бор экан, бундан сўнг бахтлиман сўзи менинг тилимда айланмас, айланолмас...
Бундан сўнг, мен ижтимоий майдондаман, ўз ватанига қадрсиз бўлган фуқаролар – ўзбекистонликларнинг ақалли биргина табассуми учун курашаман.. Ижтимоий табассум учун..
2022 йил мени том маънода улғайтирди, фақат ёш жихатидан эмас, инсонийлик, умумманфаат тушунчаси ўлароқ, ўзга юраклардаги қайғу, аламзадалик каби туйғуларни тушунишни, англашни ўргатди, бошқаларнинг дардини ўз дардим каби қабул этишни юқтирдим ўзимга..
Истардимки, 2023 йил барча ўзбекистонликлар учун БАХТЛАР йили бўлсин!
P.S:
Бу тилак она-юртимни талаган, хонавайрон қилган, ерости ва ерусти умуммиллий бойликларини халқдан рухсатсиз ўғирлаган ва ўғирлаётган юзсизлар, қотиллар, киссавурларга ҳеч ҳам алоқаси йўқ!
ҲУРЛИК БАРЧАМИЗНИНГ ЮРАКЛАРИМИЗГА КИРИБ КЕЛСИН!
Сабоҳат Раҳмон