Ҳаёт – бебаҳо неъмат! Сарвари коинот инсонларга бу неъматни берибгина қолмай, уларни дунё гўзалликларидан баҳраманд бўлмоқ учун кўз, бутун оламни идрок этиш учун онг, тинглаш учун қулоқ ва изҳори дил учун забон билан ҳам сийлаган. “Олдингдан оққан сувнинг - қадри йўқ”, деб бежиз айтилмаган. Бу неъматларнинг қадрига етиш тугул, гоҳо борлигини ҳам унутамиз. Ношукрлик қиламиз, имкониятлардан етарли фойдаланмаймиз. Аммо, сизда бор неъматлар айрим инсонларда йўқлигини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Бузире опа 61 ёшда. 4 фарзанднинг онаси, 16 набиранинг бувиси. Келинларига ёндош, эрига садоқатли умр йўлдош. Асли Қирғизистонлик аёл тақдир тақозоси билан 18 ёшида Андижонга иш излаб келган. Сўнг уста йигит Тоҳиржонни учратди. Ёшлар бир-бирига кўнгил қўйиб, турмуш қурдилар. Мана, 43 йилдирки, жуфтлик тинч-тотув ҳаёт кечириб келмоқда.
Эр-хотин иккиси ҳам туғма кар-соқов. Шукрки, фарзандлари, набираларининг барчаси соғлом туғилган.
-Ота-онам кар-соқовлигимни 3 ёшимгача билишмаган, - ҳикоя қилади Бузире Аҳмаджонова имо-ишора билан тушунтирар экан. - Қийинчиликда катта бўлдим. Ахир, уйимизда ҳеч ким сурдо тилини билмасди. 8 ёшимда мен учун махсус мактаб излай-излай Қорасувдаги кар-соқовлар мактаб-интернатини топишган.
Бузире мактабни битиргач, иш топишга қийналди. “Андижонга бориб, ишлаб чиқаришда ишлайман, чеварчиликда тил керак бўлмайди”, деб туриб олди қиз.
- Гапира оладиган бўлганимда шифокорлик ё ўқитувчилик касбини танлаган бўлардим. Оллоҳнинг иродаси, нимаям қилолардим. Аммо, ҳеч қачон Яратганга исён қилмаганман. Кар-соқов бўлсамда, қўл-оёғим бус-бутун. Тангрим мени кўриш, юриш, ширин неъматларни ея олиш, шунингдек, сева олиш бахти билан сийлади, минг шукр!
Бузире ва Тоҳиржон Аҳмаджоновлар узоқ йиллар Андижон шаҳридаги Карлар жамиятининг Ўқув ишлаб чиқариш корхоналарида меҳнат қилдилар. Ширин турмушлари давомида уч ўғил ва бир қизни тарбиялаб вояга етказдилар.
-Бир ўғлим Польшада, яна бири Германияда ишлайди, кичик ўғлим ўзимизда тадбиркор, қизим эса доктор бўлган. Бизни жуда яхши парвариш қилишади, янги уйлар олиб беришган. Яқинда катта ўғлим келяпти, кейин бирга-бирга Умра сафарига борамиз, - дейди фахр билан Бузире опа.
(Сўнг айёрона кулиб): - Сизга бир сирни айтайми? Одамларнинг лаб ҳаракатларига қараб, нима деяётганини тушуна оламан.
Бузире опа ҳар якшанба Андижон шаҳридаги “Девонабой” жоме масжидида очилган махсус курсга қатнайди. Айтишича, кар-соқовлар учун алоҳида хоналар ажратиб беришган. Ҳозирда сурдотаржимон Ҳилола Раҳмонова ёрдами билан араб алифбосини ўрганмоқда.
- Забонимиз йўқлиги - Қуръон ўқишимизга ҳалақит беролмайди. Зеро, қалб – Аллоҳники. Қалбнинг муножоти учун - тил бўлиши шарт эмас!, - дейди аёл.
Муаззам СОБИРЖОН қизи
P/S: Ўзбекистон Карлар жамиятининг вилоят бўлими маълумотларига кўра, бугунги кунда Андижонда 2282 нафар эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган инсонлар истиқомат қилади.
Бу инсонлар нуқсонли бўлишига қарамасдан, меҳнати ва интилиши билан ҳаётда ўз ўрнини топишга, жамият равнақига муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қилиб келмоқда. Карлар жамияти Андижон бўлими қошидаги ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари (ЎИЧК) да 34 нафар кар-соқовлар иш билан таъминланган.