Нодира оилали, 3 фарзанднинг онаси. Бундан 20 йилча аввал Тиббиёт институтини тамомлагач, Сирдарёдаги касалхоналардан бирида жарроҳ бўлиб ишлай бошлади.
-Маошлар жуда оз эди. Турмуш ўртоғим ҳам ишлар, аммо уч болага етказолмасдик. 2016 йили хўжайинимнинг ишхонаси томонидан берилган Туркияга оилавий саёҳат йўлланмаси билан Истанбулга келдик. Мен бу шаҳарни жудаям севдим. Эримга “агар иш топсам, шу ерда қолсам майлими? Болаларга сиз қараб турасиз, мен бу ерда ишлаб, пул жўнатиб тураман. Йиғиб-йиғиб, уй оламиз”, - дедим. Ўша пайтлар чиндан ҳам уйимиз йўқ, ижарада яшардик. Болаларимизнинг каттаси 14-15 ёшларда эди. Хўжайиним иш топишимга ишонмади, чоғи, майли деди. Бир хафталик саёҳат ниҳоясига етиб, эртага кетамиз деб турган кунимиз тонг саҳарда денгиз бўйига ёлғиз ўзим айлангани чиқдим, соҳилда ўтирган бир турк аёли билан танишиб қолдим, у ҳомиладор эди. Гапдан-гап чиқиб, “агар иш топсам, мен шу ерда қолмоқчиман”, - дедим, “меникига кел, фарзандим эрта-индин туғилади, унга қарайсан. Эрим ишбилармон, яхши топади. Сенга ойига 1000 доллар маош берамиз”, - деди. Буни эшитиб, дарров рози бўлдим, чунки бу маошни мен Ўзбекистонда бир неча ой ишлаб ҳам тополмасдим. Меҳмонхонага келиб, эримга қароримни айтдим:” Мен қоламан!”
Эрим Ўзбекистонга ёлғиз ўзи қайтди...
Хорижлик уй хизматчиларининг барчаси ҳам бир деб ўйлайдиганлар хато қилади. Уларнинг келган мамлакатига мувофиқ рейтинги бор. Масалан, кўпчилик турклар фарзандлари учун филиппинликларни, сўнгра Африка ва Марказий Осиёнинг айрим давлатларидан келган энагаларни маъқул кўришади, шунинг учун бу рейтингда энг юқори ўринни улар эгаллаган. Ва албатта улар бошқа хизматчиларга қараганда энг юқори ойлик олади. Чунки Филиппин, Эфиопия, Гана, Уганда, Марокаш, Тунис, Индонезия, Непал каби мамлакатлар энагалари инглизча гаплашишади ва бу тилни болага кичкиналигидан ўргатади. Бундан ташқари, улар тартибли ва қаттиққўлликлари туфайли эркатой турк болаларига яхши таъсир кўрсатади, бу аёллар ўқимишли (олий маълумот назарда тутилмаяпти), зукко ва мисли кўрилмаган қизиқарли ўтмишдан бохабар, эртак ва афсоналарга бой тарихни жуда яхши билганликлари учун болаларнинг дунёқарашини шакллантиришда ҳам муҳим рол ўйнар экан. Ўзбекистонлик боқувчилар бу рўйхатдан жой олмаган бўлсалар-да, улар болаларга қарамайди деган хулоса келиб чиқмайди. Ўзбекистонлик аёллар Туркияда кўпроқ хаста ва кекса ёшдагиларнинг боқувчиси сифатида салмоқли ўрин тутишади ва уларни бу ерда қадрлашади. Ахир бизнинг аёллар “йўқ” дейишни билмайдиган, очиқ юзли, меҳнаткаш ва ўз мамлакатида онасининг қўлида “қайнона-қайнотангнинг дуосини ол” деган принцип асосида улғайган итоаткор фарзанддир...
-Сизнинг жарроҳ-доктор эканингизни сиз хизмат қиладиган оиладагилар билишармиди?
-Албатта. Балки шунинг учун ҳам мени ишга олишгандир. Орадан кўп ўтмай, Меҳри (ҳомиладор аёлнинг исми)нинг кўзи ёриди. Қизи жуда ширин эди, мен уни туғилгандан бошлаб, то 8 ёшга киргунча ўз қизим каби парваришладим. Уни жуда яхши кўраман, у ҳам мени севиб “Анне” деб чақиради. Аммо шу йил Меҳри менинг ёрдамимга ортиқ эҳтиёжи қолмаганини айтгач, у ердан кетдим. Ҳозир бошқа оилада ишлаяпман. Аммо изн кунлари (ҳафтада бир кунлик дам олиш) бу оиладан чиқиб, Меҳриникига учиб бораман, унинг қизини – ўзим боққан Пинарни кўрмасдан яшолмайман.
-Ахир сизнинг ўз фарзандларингиз ҳам бор-ку? – дея оҳиста сўрайман, - Уларни-чи? Уларни ҳам соғинасизми?
-Албатта соғинаман. Аммо мени бир қиз ва икки ўғлим мендан кўра кўпроқ дадалари билан бўлгани учун хўжайинни яхши кўришади. Мен эса Пинарни...
Туркларнинг ҳар тўрттасидан бири ё фарзанди, ё қари ота-онаси учун ўша уйда қолиб ишлайдиган боқувчи тута олади. Яшаш шароити нисбатан ўрта бўлган оилаларда ҳам хаста ёки ёши ўтган отаси, онаси учун ёллайдиган боқувчига тўланадиган пулни фарзандлар ўртада бўлиб тўлашади. Ўртаҳол туркларнинг ҳар учтадан бири эса хорижлик тозаловчи (фаррош) хизматидан, ҳеч бўлмаганда, ойда 1-2 марта фойдаланади. Туркияда “боқувчи”, “ёрдамчи”, “ошчи”, “тозаловчи” каби атамалар билан уйларида 1, 2 ва ҳатто 3-4 тагача хизматчини ишлатиш табиий ҳол.
-Мен ишлаган пулларни тўпладик, хўжайинникини рўзғорга сарфладик. 4 йил деганда яхши бир уй олдик, сўнгра эримга машина. Болаларимизни ўқитдик, қизимни турмушга узатдик, яқинда катта ўғлимни уйладик. Агар мен Туркияга келиб ишламаганимда, ҳалиям ойликка ишлаб, ижара уйда ўтирган бўлардик. Яхшиям келдим. Бундан ҳеч ҳам афсусда эмасман. Болаларимни яхши едириб-ичирдик, кийдирдик, ҳеч нарсага зориқтирмадик. Тўғри, мен болаларимнинг ёнида бўлолмадим, 1-1,5 йилда бир бориб-келиб юрдим. Қизимга яхши сеп қилдим. Энди яна 2-3 йил ишласам, ўғлимга алоҳида уй оламиз, ана ундан кейин бемалол Ўзбекистонга қайтсам бўлади. Ҳозир 48 ёшдаман. 51-52 ёшгача ишласам етади...
-Меҳрининг уйида нафақат Пинарга, шунингдек, оиладагиларнинг барчасига докторлик қилдим. Бунинг учун ойлик маошимга қўшимча беришмасди, аммо кўпинча чарчаб қолардим. Шунинг учун ҳозирги ишлаётган янги оиламдагилар менинг доктор эканимни билишмайди, айтишга ҳам уяламан.
-Шундай яхши касбингиз бор, Туркияда доктор бўлиб ишлаш ҳақида ҳеч ўйлаб кўрмадингизми?
-Ўйладим, албатта. Фақат бу узоқ давом этадиган жараён. Шунинг учун жиддий киришмадим. Оилам, болаларимни ўйлаб, ўз касбимдан воз кечиб, бегона юртда бировларнинг оиласида хизматкорлик қилдим ва қиляпман. Аммо омадим келиб, яхши одамларга учрадим-ки, улар мени ўз қардоши, опаси, синглиси каби кўрдилар, асло хизматкор сифатида эмас.
Дархақиқат, Туркияда доктор бўлиб ишлаш узоқ вақт оладиган жараён. Бундан ташқари, тиббиётда ўқиган турк ватандошлари учун ҳам иш топиш амримаҳол – касалхона, медпункт, поликлиникалар докторлар билан тўла. Нафақага чиқадиганларни кута-кута йиллар ўтиши мумкин. Шунинг учун ёш кадрларнинг кўпчилиги Европа, АҚШ ва Канада, Австралия каби давлатларга ишлаш учун кетишмоқда. Мен таниган туркиялик тиш докторлари Аҳмет ва Самия турмуш қуришгач, Германияга кетишни мўлжаллашяпти. Сабаби оддий: 6 ойки, Истанбулдан дурустроқ иш тополмадилар, топганлари ҳам 1,5 йилга қадар стажёр бўлиб ишлари лозим эди. Германияда эса уларни тайёр иш, уй ва етарли шарт-шароит, ижтимоий хизматлар тўплами кутмоқда.
-Севган касбингизни ташлаб, бу ерларда хизматчилик қилганингиздан афсусландингизми? Бирор марта бўлса-да...
-Афсусланган пайтларим бўлади. Туркиядаги 1000 долларлик иш бу – 24 соат танангни сиқиб турган корсет тақиб юришдек бир гап. Айтилган ишларнинг ҳеч бирини унутмасдан, оёқ учида юриб сассизча ўрни-ўрнида бажариш, юзингга отилган кир кийимларни йиғиб олиб ювиш, дазмоллаш, баъзан кечалари ётган жойингдан туриб, уй эгаларининг истакларига кўра, бирор ичимлик олиб бориб бериш ёки касал бўлса унга қараш, тонгга яқин бир оз мизғиб олгач, яна ишга тушиб кетиш... Баъзан ўз шаҳримдаги касалхонада қандай қилиб жаррохлик амалиётларини ўтказганларимни эслайман ва ҳатто ўзимни ҳақиқий операцияда каби ҳис қила бошлайман.. Аммо мен аллақачон ўз танловимни қилиб бўлганман. Ҳозир Истанбулдаман.
Баъзан ғалати фикрлар келади ақлимга. Гўё мен икки ҳаётни яшагандекман. Бу ерга келсам, Ўзбекистондаги оилам мендан узоқлашади. Ўзбекистонга борсам, бу ерни унутгандек, худди Туркияда ҳеч ҳам яшамагандек бўламан... Ҳар гал Ўзбекистонга борганимда, фарзандларим анча улғайиб қолган бўлади, гўё ўз болаларим ўрнига бировнинг болаларини келтириб қўйишгандек туюлади. Ўнғайсизланаман. Уларга фақат Пинарим ҳақида гапираман. Бир куни катта ўғлим: “Ойи, ростини айтинг, Пинар бизнинг синглимизми?” – деди. Қотиб қолдим.
-Пинар ҳақида гапирганингиз каби менинг ўқишим, ҳаётим ҳақида сўрасангиз, хурсанд бўлардим, ойи, сиз мен ҳақимда ҳеч нарса билмайсиз-ку? Илтимос, янаги сафар келганингизда Пинарни ўша ерга “ташлаб” келинг!
Ўғлим билан бўлган ўша кунги суҳбат мен учун ҳаётимдаги энг катта дарс бўлди. Шунча пул топдим, болалар қийналмасин дедим, уларнинг истаганини сотиб олдим, ўқитдим, кийдирдим, едирдим, аммо буларнинг ҳеч бири болаларим учун муҳим бўлмаган экан, фарзандингиз улар билан бирга кечирадиган вақтнигина қадрлар экан, холос.
Суҳбатимиз шу ерга келганда, Нодира кетишга чоғланди.
-Уйга тезроқ етиб олайин. Бироздан бу ерларда полис назорати бошланади. Яшаш рухсатномамнинг муддати тугаган, ҳалигача чўздирганим йўқ. Ушлаб олишса, депорт марказига жўнатиб юборишади. Бу ерда ишлаш қийин бўлиб қолди, қонунлар ўзгарди. Балки тез орада уйга қайтишимга тўғри келиб қолар. Ким билади дейсиз.
Нодира шошганча мен билан хайрлашди ва бир маротаба ҳам ортига ўгирилиб қарамасдан тор кўчалардан бирида кўздан йўқолди.
Ватанда туриб муҳожирлик қисматини тасаввур қилиш қийин. Баъзан интернетда айрим қусурсиз эркакларимизнинг муҳожир-аёллар ҳақидаги истеҳзоли постларини ўқиб қоламан. Ўз халқи аёли, Онасига берилган баҳо каби туюлади улар менга. Ҳар ким ўз бошига тушганларни ўзи тортади, бошқалар бу юкнинг не қадар оғир эканини ҳис қилолмайдилар. Туркияда ишлаб юрган ўзбекистонлик аёлларнинг ҳам бошларидаги юк – оила, фарзандлар масъулияти жуда ҳам оғир. Бу юкни баъзан ҳаттоки ўша – муҳожир-аёллар ҳақида пост қўяётган айрим эркаклар ҳам кўтара олмаслиги мумкин.
Сабоҳат Раҳмон