Ошибка. Неверный логин или пароль
Авторизация
Авторизован
Личный кабинет
AYOLLAR.UZ
Дунё бўйлаб аёллар тенглиги ҳақида веб-сайти
Главная/Мавзулар/МУХОЖИР АЁЛЛАРГА ҚУЧОҒИНГНИ ОЧ, ВАТАН!

МУХОЖИР АЁЛЛАРГА ҚУЧОҒИНГНИ ОЧ, ВАТАН!

МУХОЖИР АЁЛЛАРГА ҚУЧОҒИНГНИ ОЧ, ВАТАН!

         Хоразмлик Малика – меҳнат муҳожири. У 7 йилдан бери Туркияда. Аввалига Измир, Самсун, Бурса вилоятларида ишлади. 3 йил аввал эса Истанбулга кўчиб ўтди. Уни Туркияда илк қабул қилган оила отурма изни (яшаш рухсатномаси) қилдириб берганди. Ҳар йили отурма изни пулини тўлаб, чўздириб юрди. Аммо сўнгги йилларда бир ойлик маошига тенг тўлов унга оғирлик қила бошлади. Натижада ноқонуний ишлаётган муҳожирга айланди. Масалани ҳал этиш учун у интернет орқали бир шахс билан танишди. У Маликанинг яшаш рухсатномасини арзон нархда янгилаб беришини айтди. Малика айтилган пул ва муддати ўтган кимлигини топшиб, бир ҳафта ўтар-ўтмас янги кимлик (отурма изни рухсатномаси)ни қўлига олди. Орадан яна 6 ой ўтгач, қўлидаги янги кимлик билан Ўзбекистонга бориб келмоқчи бўлиб, аэропортга келди. Ҳужжатнинг сохта экани шу ерда маълум бўлди. Маликани 5 йилга депорт қилишди. Аммо у ишлаши лозим. Уйда ишсиз эри ва 3 боласи унинг қўлига қараб ўтирибди. У танишлари орқали Туркиядан бир ширкат топди, 1200 АҚШ доллари эвазига Маликанинг 5 йиллик депортини очиш (жарималарни тўлаш орқали) ва бир ой ичида ишчи виза билан уни Истанбулга чақириб олишларини айтишди. Ҳозирча Малика ширкатга айтилган миқдордаги пулнинг ярмини жўнатди. Қолганини борганда бермоқчи.

-Ишлаб топган пулимнинг бир қисмини иш учун беришга мажбур бўлдим. Наилож. Қолган қисмини Истанбулга борганимда ишлаб тўлайман.

Бугунги кунда Туркияда сертармоқ ширкатлар бўлиб, улар одамлар меҳнати савдоси билан шуғулланишади. Уларнинг бош офиси Истанбул ёки Анқарада жойлашган бўлса, шўъбалари Ўзбекистон, Қирғизистон каби давлатларда ҳам бор. Бир киши учун хизмат нархи 1200-1500 АҚШ долларига тенг. Ишчи Туркиядаги ширкатнинг Ўзбекистондаги шўъбасига оид бўлган “боқимга муҳтож бўлган кекса ва хаста кишиларни парваришлаш” каби ишда ўз мамлакати ҳудудида бир неча ой давомида ишлайди. Сўнгра бош офис уни ишчи виза орқали Истанбул ёки Анқарага чақириб олади, мижоз боқувчилик ишини энди Туркияда давом эттиради.

Истанбуллик Меҳметбейнинг шундай ширкати Кадикўйда ишлаб турибди. Бу каби ширкатлар тўпламидан иборат 4 қаватли бинони Меҳметбей ва у каби бир нечта турк ватандошлари ижарага олишган.

-Биз бу тизимни турмуш ўртоғим билан бирга бошлаганмиз, у ҳам ўзбекистонлик. Бизнинг қилаётган ишимиз фақат пул ишлашдангина иборат эмас. Биз юртингиздан келаётган муҳожирларга ишчи визаси олишлари учун шартномалар тайёрлаяпмиз ва улар эндиликда қонуний йўл билан Туркияда бемалол ишлай олишади. Биласиз, сўнгги 2 йилда Туркия меҳнат муҳожирлари учун отурма изни (яшаш рухсатномаси) бермаяпти, муддати узайтирилаётган визаларнинг бир қисми ҳам турли сабабларга кўра бекор қилинмоқда. Менга Туркияда депортга тушиб, ҳозирда Ўзбекистонда қолаётган ўнлаб ватандошларингиз ёрдам сўраб ҳар куни қўнғироқ қилишади.

 

 

 

 

Ўзбек аёлларининг асосий қисми эса чет элда тирикчилик учун хужжатсиз, ҳақ-ҳуқуқсиз, қора ишларда ишламоқда. Ҳар қанча чиранмайлик, бу фактдан кўз юма олмаймиз. Истанбулда эканман, юзлаб эмас, минглаб ўзбек аёлларини кўрдим, ҳатто кўча-кўйда, унда-бунда Ўзбекистондан эканим ҳақидаги эътирофдан сўнгра туркларнинг менга берадиган ягона саволи “Bakıcı mısın?” (“Қарияларга қарайсанми?” демоқчи)дан иборат бўларди. Бирор киши мендан “Саёҳат қиляпсанми, туристмисан?” деб сўрамади. Ўзбекларни кексаларга қаровчи сифатидагина кўряпти Туркия!

Жорий йилнинг 15-май куни Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ҳамкорликка оид 7 та муҳим қонун, битим ва протоколлар қабул қилинган бўлиб, улар орасида “Туркиядаги мигрантлар ва уларнинг оила-аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим” ҳам ўрин олган эди. Бу хабардан руҳланган Туркиядаги меҳнат муҳожирлари умидландилар, қонун доирасида ўзлари учун енгилликлар берилишини интиқлик билан кутдилар. Аммо GÖÇ идоралари (миграция марказлари)даги сўнгги ўзгаришлар Туркияда мигрантларга нисбатан қонунларнинг бирмунча мураккаблашганини кўрсатиб турибди. Авваллари 1 ёки 2 йиллик муддатга бериладиган яшаш рухсатномалари бундан кейин фақат 6 ойга бериладиган бўлди ва рухсатнома эгаси давлат банкларидан бирида ҳисоб очиб, унга Асгари ужрет (Туркиядаги энг кам иш хақи)нинг 1,5 баробари миқдори (25.503 TL – тахминан 10.000.000 сўм)да пул қўйиши ва бу пулдан ўз эҳтиёжлари учун фойдалангани ҳақидаги маълумотлар (чеклар)ни GÖÇ идорасига ҳар ой тақдим этиши шарт қилиб қўйилди (Мен билган меҳнат муҳожирлари ойда бунча пулни ўзлари учун сарф этмайди. Маошларини олишлари билан дарҳол юртга – оиласига жўнатиб, ўзи учун арзимаган чақаларни олиб қоладиганларнинг кўпини кўрдим бу ерда: Муаллиф).

“Туркияда нима бор? Ўз юртингда ишлаб, пул топиб, болаларингга едир, ҳам ёнида бўласан”, - дейди ижтимоий тармоқлар орқали кўпчилик эркаклар ва ҳатто айрим аёллар ҳам. Юртда бирор касб ё ҳунар эгаллай олмаган минглаб аёлларимиз ойига 8-12 млн. сўмлик маош учун қатор-қатор бўлиб Туркияга кетаётганининг сабаби нима, сизнингча? Улар сиз ўйлагандек, фоҳиша эмас, балки ўз боласи, оиласи учун тиш-тирноғи билан тиришиб-тирмашаётган, бировларнинг хизматини қилиб бўлса ҳам, ҳалол пул топаётган жабрдийда аёллардир.

Муҳожир аёлларнинг дардига даво бўла олмаётганимизга яраша, уларга бироз тиргак бўлиб, хотин-қизларимизни бу чорасизликдан қутқара оладиган имконларни яратсак бўлмасмикан? Ахир гулдек ўзбек аёлларимиз қачонгача хорижда хизматкорлик қилади? Дунёни илм-фан, касб-ҳунар орқали забт этиш қачон насиб бўлади миллатимизга? Агар “Никоҳ шартномаси” аёлларимизни ҳимоя қилишга қаратилса, ўзбекойимлар болалари ёнида бўлса, юрт келажаги бўлган авлоднинг қадамлари шаҳдам, мағзи тўқ, юрагида ишонч билан Ватаннинг эртасини фахрга тўлдирарди, эҳтимол.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг “Эр ва хотин мол-мулкининг шартномавий тартиби” деб номланган 6-боби, 29-36-моддаларида “Никоҳ шартномаси” тартиби акс этган. Унга кўра, никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси, деб ҳисобланади.

 

photo_2023-05-08_17-28-06

 

Бизнинг мамлакатда “Никоҳ шартномаси” ихтиёрийдир. Бу тартиб ҳар бир оила учун мажбур қилиб қўйилсагина, ажрашиб, уйсиз-жойсиз, маблағсиз қолган аёллар муҳожирликка кетмасдан, “Никоҳ шартномаси” талабига кўра, собиқ эри томонидан тақдим этиладиган уй-жойга эга бўлиб, болаларини ёлғиз ўзи боқиш мажбуриятидан ҳам қутуларди, ҳам фарзандларининг ёнида қоларди.

Истанбулга ишлаш учун келаётган муҳожир аёлларимиз бу шаҳарни севади, шу ерда ишлаётганидан фахрланади ҳам. Аммо бу маконни қизғиш-олтингранг тусга чулғаб отгувчи тонгини, соҳилини бижирлаган кўпикларга кўма-кўма пишқиргувчи денгизини, бир-бирига ўхшамас, зариф-у қаландар каби айро кўчаларини томоша қилишга уларнинг фурсатлари-да, имконлари-да йўқ. Чунки бу жабрдийда аёллар азим шаҳарга ишлагани, оиласининг тирикчилигини ўтказиб, рўзғор камчилигини тўлдиришга келишган. Нозик қўлларини, ҳатто ўз болалари ирганадиган кекса ва хаста қарияларнинг нажасига ботириб, ювиб-тараб, оҳорлаб, парваришлайдиган, ҳафтада бир кун ташқарига чиқиб, бир қўлида кулчанон-у иккинчисида чойи билан тоза ҳаводан нафас олиб туриб, ўзини бахтли ҳис этадиган, сўнгра ҳамон Оқсаройга бориб, бирор кишининг номидан (ўзи рухсатномасиз ишлайди) қўлидаги бор пулини унга кўз тикиб турган оиласига – Ўзбекистонга юбориши керак бўлган ўзбекнинг виждонли муҳожир аёли...

Хоразмлик Малика каби Туркиядаги мушфиқ, меҳнаткаш аёлларимиз ўз меҳнатлари, топган пуллари билан юртнинг дардига дармон, белига қувват бўляпти. Давлат келажаги бўлган фарзандларини едириб-ичиряпти, ўқитяпти, кийинтиряпти, контрактини тўлаяпти, уй олаяпти, боласини уйлаб-жойлаяпти. Қайси тарафдан қарасангиз-қаранг, юртга кириб келаётган пуллардан давлатимиз ҳар томонлама манфаат кўряпти. Аммо шунда ҳам бу бели букри, сочи супурги бўлаётган ўзбек аёлларимиз қадрсизлигича қолмоқда, туҳмат ва иғволар эса дўл каби уларнинг бошидан ёғилади. Ёлғиз айби: болаларининг ёнида бўлолмаяпти бу аёллар. Танасини иккига бўлолмаяпти – қанийди, бир қисми Туркияда пул топса-ю, иккинчи қисми боласини қучоқласа...

Ҳеч бўлмаганда, сен уларни қучоғингга ол, Ватан! Малика оиласида қолсин, эри ишласин. Малоҳатлар, сабиналар, раъноларни собиқ эрлари уй-жой билан таъминласин; уларга ва фарзандларига етарли маблағ ажратсин; “онаси ўпмаган”ига уйланиб кетавермасин; эркакларимиз ҳам бироз масъулиятни елкасига олсин!

Буларни ҳукуматга уқтир, Ватан!

#никохшартномаси

#оилакодекси

                                                                           Сабоҳат Раҳмон

Теги оилакодекси никохшартномаси туркиядаги ўзбеклар
Қайта чоп этиш, шунингдек ушбу сайтдаги материаллардан фойдаланишга фақат эгасининг розилиги билан рухсат берилади.
Напишите нам
это поле обязательно для заполнения
Ваше имя*
это поле обязательно для заполнения
Телефон:*
это поле обязательно для заполнения
Комментарий*
это поле обязательно для заполнения
Галочка*
Спасибо! Форма отправлена