“Ҳаётим ғам-андухда кечди, ҳозир эса ҳузурим бор..”
Истанбулнинг Фатих тумани ўзбеклар худуди ҳисобланади, дўкон эгаларини ҳисобламаганда, сотувчи ҳам, олувчи ҳам, йўловчи-ю хайдовчи – ҳамма-ҳаммаси ўзбеклар. Ўзингизни худди ўзбек маҳалласида юргандек ҳис қиласиз. Атрофдаги ошхона номлари ҳам ўзбекча: “Қўқон таомлари”, “Жиззах ошхонаси”, “Ўзбек миллий таомлари” ва.х.з. ва х.з. Дилафруз Фатихдаги нон дўконларидан бирида ишлайди.
-Туркияга бундан 2 йил олдин маҳалламдаги Мумтоз опанинг орқасидан келганман. Улар ҳам шу дўкон цехида ишлайди – бу ердаги 18 киши билан бирга 20дан ортиқ турдаги нон махсулотларини пиширишади, мен ва туркманистонлик яна бир аёл уларни шу ернинг ўзида сотамиз, бир қисмини эса ошхона ва кафе, магазинларга сотгани олиб кетишади.
Асли намаганлик бўлган Дилафруз - 55 ёшда. У ўғли, келини ва 2 набираси билан Истанбулдаги ижара уйда яшайди. Айтишича, узоқ ўтмишда эри “ишлаб келаман” дея Россияга кетгани бўйича қайтиб келмаган экан. Кейинроқ билса, ўша ёқларда бошқасига уйланиб олибди...
-“Майли, жони соғ бўлсин”, - деганман. Нима ҳам қилардим. Мажбурлаб бўлмаса кап-катта одамни.. Сўнгра ёлғиз ўғлим билан қолавердик. Ишладим. Ўғлимни катта қилдим. Уйладим. Бирор марта йўқлаб келмади дадаси...
Дилафрузни кўрсангиз, унинг бамаъни, камсуқум, ҳалол аёл эканини дарҳол сезасиз. Беш маҳал намозини канда қилмайди. Дўконга келганларни очиқ чехра билан қарши олади.
-Ўғлим меҳмонхонада ишлайди, келиним 2 боласи билан яқинда келди Истанбулга, шу атрофдаги бир тикув цехига ишга ҳам кирди, ҳозирча 2 набирамдан бирини мен, иккинчисини келиним иш ерига олиб кетиб турибмиз. Ишхонамиздаги “Хўжайин”лар инсофли, бир нарса дейишмаяпти. Турклар болапарвар халқ бўлгани учунми, 5 ва 3 ёшдаги болаларимизни оғир олишгани йўқ ҳозирча. 1-2 ойда уларни боғчага жойлаймиз.
Эри ташлаб кетгач, ёлғиз фарзанди билан қолган Дилафруз бошқа турмуш қурмади. “Нима кераги бор эрни? Биттасини кўрдим – ғам-андухда кечди ҳаётим. Ҳозир эса хузурим бор, ўғлимнинг оиласи билан рохат-фароғатда яшаяпман. Чарчасам - дам оламан, зериксам – ўғлим билан денгизбўйида айланиб келамиз ё истирохат боғларига борамиз. Бундан бошқача ҳаётни орзу ҳам қилолмасдим!”
-Истанбулда ишлаётган бошқа ўзбек аёллари билан мулоқот қилиб турасизми? – дея сўрайман нон сотувчи Дилафруздан.
-Албатта. Фатихда ўзбеклар жуда кўп. Ҳар куни мендан нон олувчи бир қанча ўзбек хотин-қизлар орасида кўзтаниш бўлиб қолганлар ҳам, қадрдондек бўлиб кетганларим ҳам бор. 2 йил ичида юзлаб ҳамюртларим билан танишдим, аммо бирор марта ахлоқсиз, тарбиясиз, ёмон ишлар қилиб юрганларини учратмадим. Бизнинг аёллар меҳнаткашдир, уйим-жойим деб бу ерга келишган. Тиш-тирноғи билан қазиб-кавлаб пул топишади, топишади-ю дарҳол бор пулини Ўзбекистонга – оиласи, болаларига юборишади. Мен ўзим интернетдан фойдаланишни унча яхши билмайман, аммо бу ерга келганлар билан гаплашганимда “Тик-Ток”, Фейсбук” каби ижтимоий тармоқлар орқали Туркияда ишлаётган аёлларни ёмон сўзлар билан, кўпчилик эркаклар томонидан хақорат қилишаётганини айтиб қолишади. Жудаям хафа бўлиб кетаман. Ўзлари пул тополмасдан топганларни кўролмаслик – эркак одамга ярашмайди. Илтимос, шу гапимни етказиб қўйинг! Юртда қолган эркаклар бу ерда ҳалол пул топиб, узоқдаги боласини боқаётган, ўқитаётган, уйли-жойли қилаётган ўзбек аёлларининг шаънини ерга урмасин. Яхшиси, аёлларга тиргак бўлишсин эрлари, акалари, укалари, оталари..
Водийлик аёллар ўзбекистонлик меҳнат мухожирлари орасида етакчилик қилмоқда. Расмий маълумотларга таянадиган бўлсак, улар сони 150 мингдан зиёд. Аёлларимиз, асосан, Туркия, Россия ва Қозоғистонда ишлаб келишмоқда. Шахсан камина Туркияда ишлаётган юртдошларим билан гаплашганимда, уларнинг кўпчилиги ё андижонлик, ё марғилонлик, қўқонлик, ёки наманганлик эканликларига гувох бўлдим. Самарқанд, Қашқадарё, Тошкентдан келганлар ҳам учраб туради.
Избосканлик Ҳалима Анқарадаги бир оилада хизмат қилади. Келганига 6-7 йил бўлган. Эри ва 3 боласи Ўзбекистонда. Эри ишламайди, хотин юборган пулни чойхонама-чойхона совуриб юради. Камига кариллаб, хотинига: “сен – фохишасан, у ерда нима ишлар қилиб юрганингни биламан. Шукур қил, сени у ерда ишлатиб қўйганимга”,- деб ҳам қўяди. Аёлни 4-5 ойдан бери биламан. Айтишича, Анқара аэропортига келиб қўнгач, танишиникигача борадиган автобус учун ҳам пули бўлмаган. 5 соат ўтирган аэропортда оч-нахор, сувсиз. Бировдан телефон сўраб танишига қўнғи роқ қилай деса туркчани билмайди. Охири йўловчилар унинг оғир аҳволини кўриб ёрдам кўрсатишди: 400 лира (150 минг сўм) пул йиғиб беришди қўлига, бири телефонидан танишига қўнғироқ қилди. Амира опа (таниши) 1 соатларда келиб уни олиб кетди. 3 кундан сўнгра шу оилада хизматчиликни бошлади.
5 кишилик бой оиланинг 3 қаватли уйида кунига 12-14 соатдан ишлайди: овқат қилади, уй тозалайди, кир ювади, дазмол қилади.. Хуллас, ярим тун 3 метрлик ертўла каби хонасига кириб борганида бармоқларини қимирлатгани ҳоли қолмаган бўлади. Ҳафтада бир марта бериладиган дам олиш кунини ҳам ухлаб ўтказади. Шу меҳнатлари орқасидан топган пулига оиласини боқиш билан бирга Ўзбекистондан 3 хонали (аввал ижарада яшар эканлар) уй сотиб олди, уни жихозлади. Ўғлини ўқитди, уйлади. Ўғли институтни битирди ва янги ишга жойлашди. Аёлнинг умиди шу ўғлидан. Энди яна пул тўплаб, ўғлига бошқа уй олишга ёрдам бермоқчи. “Менинг бошқа чорам ҳам, танловим ҳам йўқ. Бу ердан кетсам, оилам оч қолади”,- дейди Ҳалима. Зеро, чора ҳар замон топилади.
ЭСЛАТМА:
Туркияга ишлаш учун келаётганингизда ёнингизда захира маблағингиз бўлсин. Шунда ҳеч кимга сиғинмайсиз, қоладиган жойингиз учун тўлашга лойиқ пулингиз ва муносиб иш топишга етарли вақтингиз бўлади. Дуч келган ишни дархол қабул қилманг, бошқаларини ҳам кўринг, солиштиринг, улар орасидан энг маъқулини тангланг. Ҳеч ким сизни зўрлаб ишлатмайди – буни унутманг. Илк иш кўришмасидаёқ “тамом, менга бўлаверади. Тезроқ пул ишлаб, оиламга жўнатишим керак”,- деб эмас, “Йўқ, бу иш менга тўғри келмайди. Мен бундан кўра яхшироғини топа оламан!,- дея турк иш берувчиларига ўзбек аёллари учун пулдан кўра қадри муҳимлигини кўрсатиб қўйинг.
Дилафруз тандирхонадан чиққан қайноққина нонларни сотибгина қолмасдан, харидорларнинг таъбига кўра, сарёғ, қиём, пишлоқдан чиройли қилиб ёғли кулча ҳам тайёрлаб беради.
Лаззатли нонларни ширин каломи билан мижозларга икром этаётган Дилафруз Ўзбекистонга қайтиш ҳақида ўйламайди. Чунки ватанда уни кутаётганлар йўқ. Балки бордир-ку Дилафруз билмас бу ҳақда? Аммо оиласи, бола-чақасини Ўзбекистонга ташлаб, ўзлари Туркияда ишлаётган шохидалар, ҳалималар, наргизалар учун Она-Ватан ҳамиша азиздир. Чунки бу аёлларнинг омонатлари қолган юртда. Бола-чақаси муштоқ бўлиб кутади оналарини - Ўзбекистонда қолган болалар. Жорий йилнинг 15 май куни Туркия ва Ўзбекистон ўртасида айрим муҳим хамкорликка оид қонунлар, битимлар ва протоколлар қабул қилинганлиги эълон қилинди. Улар орасидан 7508-сонли “меҳнат мухожирлари ва уларнинг оила-аъзоларининг хуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг ҳам ўрин олиши ўзбек мигрантлари учун айни муддао бўлди. Умид қиламизки, Туркияда ҳалол меҳнатлари билан пул топиб, Ўзбекистондаги фарзандларини вояга етказаётган, ўқитаётган, кийинтираётган, едираётган-ичираётган меҳнаткаш аёлларимизнинг ҳақ-хуқуқлари, асосийси, қадр-қиммати тикланишига умид қиламиз.
Сабоҳат Раҳмон