Ассалому алайкум!
Сизни сайтимизда кўриб турганимиздан хурсандмиз, хуш келибсиз!
Ҳа, эътибор берганингиздек, бу ерда сиз гендер тенглиги, аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлиги ва бу борада Ўзбекистонда олиб борилаётган ишлар, янгиликлар, ўтказилаётган тадбирлар, лойихалар, келажакда кутилаётган режалар ҳақида сўз юритишга ҳаракат қиламиз. Шунингдек, нафақат юртимиз, жумладан, хорижда бўлаётган воқеалар, уларнинг ривожи, гендер тенглиги борасидаги хабарлар билан ҳам сизларни таништириб борамиз. Турли мамлакатлардаги ижтимоий яшаш тарзи турлича бўлган аёллар тақдиридан ҳикоя қилувчи суҳбатлар, интервью ва лавҳаларимизни алоҳида рукн остида сизнинг эътиборингизга ҳавола этиб борамиз.
Аёллар ҳар бир замонда давралар, оилалар, инсонларнинг қироличаси бўлиб келганлар. Гарчи бирмунча вақтларда бу ҳақиқатни шубҳа остига олиш эҳтимоллари мавжудлиги юз кўрсатган бўлса-да, биз бу эътирофларнинг не қадар тўғри эканлигига ишончимиз комил. Зеро, жаннатнинг аёллар оёқлари остида экани, буюк оналар розилиги – Аллохнинг розилигига қиёс этилгани каби гўзал фикрлар ҳамон яшамоқда.
19-асрнинг хушкалом шоираи зарифалари бўлмиш Жахон Отин Увайсийнинг “Анор” чистонида айтилганидек:
Ул на гумбаздур, эшиг-у туйнугидин йўқ нишон,
Неча гулгунпўш қизлар манзил айлабдур макон?
Синдириб гумбазни, қизлар ҳолидин олсам хабар,
Юзларига парда тортиғлиқ турарлар бағри қон!
Бағри қон, аммо ақллари ила етти иқлим султонларига куч ва ғайрат бера олган, гўзалликлари ва ақллари ила дунёни неча бор фалокатлардан, инсонларни ўлимлардан сақлаган, энг муҳими, жахонга лойиқ буюк подшохлар, саркардалар, олим-у уламолар, гўзал юракли инсонларни ҳадя этганлар ҳам шу оналар – аёллардир. Улар ташқаридан қараганда ўзларини эркаклардан бир поғона пастга қўйган бўлсалар-да, аслида ўз ақллари билан эркакларга дастак, орзу-ҳаёлларига куч, кучларига ишонч, ишларига барор, шахдларига қилич бўлганлар ва дунёлар эркак қўли ва аёл матонати билан забт этилган.
Афсуски, бугунги кунга келиб, аёлларимиздаги бир қатор сифатлар, гўзал кўримлар замон бўронларида, бўхронларида ўз қадрини йўқота бошлади. Гўёки бугунга келиб бу олам ўзгаргандек. Аслида биз, инсонлар ўзгардик. Шундай эмасми? Аммо биз умидимизни йўқотмайлик! Аёлларимиз аввалгидек аёллик тахтига, салтанига қайтсин, эркакларимиз улардан илхом олсинлар, кучларига куч қўшилсин, эндиликда гўзаллик дунёни эмас, дунё гўзалликни қутқарсин!
Келинг, бирлашайлик!
Зеро, Ўзбекистонда 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш лойихасининг бешинчи мақсади гендер тенглигига эришиш масаласига бағишланган ва бу борада талай ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда. Ва биз ҳам бу мавзу доирасида кучимиз, тажрибамизни аямаймиз.
Чуқур эҳтиром ила: Сабоҳат Раҳмон