Ошибка. Неверный логин или пароль
Авторизация
Авторизован
Личный кабинет
AYOLLAR.UZ
Дунё бўйлаб аёллар тенглиги ҳақида веб-сайти
Главная/Дунё

Дунё

Хадаф
Хадаф

 

           Кемада ўтирганча, денгиз мавжларига соллана-соллана эшлик этган ёлғиз чағалайнинг ҳаракатларини кузатаман. Ён-атрофларда ҳам бор чағалайлар, фақат улар жуфт-жуфт ёки бир нечаси бир тўпламда сузмоқдалар. Қанотларини-қанотларига ёндашиб, тумшуқларини-тумшуқларига туташтиришади баъзи-баъзида. Худди бошқаларни ғийбат қилаётгандек, ҳеч бўлмаганда берироқдаги ёлғиз чағалайни майна қилаётгандек.. Жуфтлари эса бир-бирларига сўзсиз боқишади, гўё “ошиқлар кўзлар орқали гаплашишади” деган фикрни тасдиқлаган каби... Бирининг тумшуғи иккинчисининг ўмузида, бошқасининг чап қаноти бирининг боши устида – худди уни шивалаб ёға бошлаган ёмғирдан ҳимоя қилаётгандек... Фақат ёлғиз чағалайгина булардан мустасно – мағрур бошини алплар каби баланд кўтарганча, нигохини денгиз ортидаги чексиз уфқларга тиккан. У ерда нима бор экан, дея мен ҳам чағалай кўзлаган тарафга боқаман. Уфқ томонда худди уч замон – уч қадар – уч ҳаёт яшалаётган каби: шундоққина бошимиз узра сузиб, ёмғир томчилатаётган булут наздида, худди 10-15 қадам (булутга кўра ўлчов) нарироқда кимлардир 18 даражали қуёш тафтида исинаётгандек; ва яна шунча оралиқдан сўнградаги булут остидаги одамлар устидан яна-да қизғинроқ ёмғир ёғаётгани, аммо ниҳоятида, уфққа яқин оралиқдаги булут остидаги кишилар энг бахтли одамлар каби қуёш ботимини томоша қилаётганини – осмон харитасига боқиб англаётганди бу ёлғиз чағалай. Буларни тушуниб етмоқ учун албатта шу миттигина чағалай бўлиб туғилмоқ керакми? 
Худди шу нуқтада мен ўтирган кема шошқинлик билан чағалай ёнидан сузиб ўтди ва тез орада у бутунлай кўздан йўқолди...

IMG_9699


        Ғала-ғовурда нигохимни ташқаридан олиб, кема ичкарисида ўтирган йўлдошларимга қаратдим – тўғрироғи, атрофни тутган мусиқа ичида бироз тўпори, аммо инсон руҳиятини  тўлқинлантирувчи сўзларни ташиган овоз янгради. Қўшиқ куйчисини дарров топа олмадим, чунки бу ернинг одатига кўра, улар ўтирган йўловчилар орасида бўлади. Ниҳоят, бошини бир оз эгиб, қайғули дардларини гўё одамлар учун эмас, ерга сўйлаётгандек тасаввур уйғотувчи -  50 ёшлардаги гўзал аёлни кўрдим. Агар қўлидаги овоз мосламаси бўлмаганда, балки уни ўнлаб йўловчилар орасидан қидираётган хануз қидираётган бўлармидим. Аёлнинг қаршисидан кичик сандиқча жой олган. Унда-мунда кишилар майда чақа ташлаб туришибди. Аммо аёл худди пул ишлаш учун эмас, ўз дардини бу кемага, бу одамларга улоқтиргани келган каби ердан кўзини олмасдан қўшиқ куйлашда давом этади.. “ай, мен ҳеч нарсани унутмадим..”
Кема манзилга етиб келганда ҳам, йўловчилар бирин-кетин уни тарк эта бошлаганда ҳам, ва хатто энг охирда кемадан тушаркан ортимга қараганимда ҳам – аёл ҳамон қўшиқ куйлаётган эди. Бунгача у бир маротаба ҳам на сандиқчага, ва на ундаги сочилиб ётган пулларга қаради. У ҳамон эзилиб-эзилиб қисматини мусиқа ичига яшириб ҳикоя сўйларди...

IMG_9730


         Мавжлар узра оёқларимни юқоридан олиб сохилга чиқдим. Пўртанадаги денгиз томчилари каби вижирларди бу ерда одамлар. Хатто сохилбўйига қиёслаб, “бир чағалайга минг киши тўғри келади-ёв” десам менимча лоф бўлмас. Юрган йўлингизда ўз қадамларингиз ёки ўз оёқ кийимингизни эмас, бегона қадамлар ва ўзга оёқ кийимлар рўбарў келаверади ва хатто бир зумга “у менинг оёғим-ку!? Ээ, бу менинг кроссовкамми?! Вой, мен қачон олгандим буни, ахир жигарранг оёқ кийимни ёмон кўраман-ку?! Вой, туфлим чанг бўлибди-я!?” каби ўйларимдан чарчаб кетаман ва ғала-ғовур бўлиб турган ўриндиқлардан бирига ўтираман. Йўловчи камроқ бўлган бирор тарафни мўлжаллайман. Шу ондаёқ ёнимга бири келиб ўтиради:
-Мерхабо! – дейди кексалигидан эмас, балки кўринишига жиддийлик бериш учун бўлса керак иягида узун соқол ўстирган нусхалардан бири.
Жавоб бермайман.
-Танишсам бўладими? Мен дўст излаяпман-да...
Ва хоказо, ва хоказо...

                                            IMG_9771

      Йўлда кетаркан, бирор марта ортимга боқмайман. Аслини олиб қарасак, ҳаётда ҳам шундайман – ўтмишимда қолган инсонларга иккинчи имкониятни бермайман. Ҳеч қачон! Дўст изламиш соқолли ҳам ортда – ўша ўриндиқда, айтилмай қолган чала сўзлари билан қолаверди. Инсонлар менинг фақат биттагина умрим борлиги ва у ҳам бўлса уфқларга ёндаша бошлаганини билмайдилар чоғи.. Ниҳоят, ўз пойафзалимни “топиб олдим”. Бу айланма кўчада, ҳар қалай, йўловчилар ўз оёқларини кўра олмоқда. Шукур.
Бу денгиз ўзига ошиқ этмоқ хунарини ҳеч ташламади-я. Унинг атрофида кимсасиз ерни топиш амримахол. Ҳар ерда балиқчилар. Улар орасида бутун умрини шу сохилда балиқ овлаб ўтказганлар анчагина. Анави кекса кишини ҳар сафар бу ерга келганимда кўраман. Ҳеч ким билан иши йўқ, гаплашмайди. Назаримда дунёни унутган. Балки фақатгина денгиз-у тутган балиқлари билан сухбатлашса керак. Ора-сира ёнгинасидаги ўриндиққа яқинлашиб, у ердан тушлик овқатидан тотинган бўлади ёки қоғоз қутига ўроғлиқ ичимлигидан кичиккина пиёлага бир оздан қуйиб, шимириб ичади. Сўнгра яна қармоғини қўлига олади.. У – денгизда кўрганим – чағалайга жуда ўхшайди. У каби кекса, у каби ғариб, у каби ёлғиз... Атрофидагилар балиқчига боқмайди. Ишлари йўқ. Балки танимасалар ҳам керак, гарчи одам йилларини бу сохилда кечирган бўлса-да.. Хатто ундан кейин келишгандир бу ерга бошқа балиқчилар. Ва хатто илк бора бу ерларга кела бошлаган пайтлари қолганлар эндигина туғилган бўлишлари ҳам мумкин.. Негадир бу эски балиқчини бу ернинг сохиби аслида деб тушуна бошладим хатто. Нима бўлибди? Унинг ҳаммадан кўп тажрибаси бор балиқ тутишда. Ажабо, унинг овози қанақа экан? Балки шу пайтгача унинг овозини ҳеч ким эшитмагандир? Балки мен биринчи бўларман?
Яқинлашдим.
-Кечирасиз, сиз балиқчисиз-а?
У қовоғини уйганча мен томонга қаради. “Нима ишинг бор менда?” деган ифода бор эди бу юзда.
-Мен балиқ сотиб олмоқчи эдим-да.. Шунга...
Балиқчи мени эшитмаган каби юзини бурди. Мен гапимни такрорламоқчи эдим, одам нари кетди ва бошидаги қалпоғини пешонасига қаттиқроқ бостирди. 
Тушундим албатта. Бир қадам ортга чекиндим ва йўлимда давом этмоққа чоғландим.
Қаршимда қора соқолини селкиллатганча, ўзига дўст излаган киши турарди. 
-Э, одам сенинг юзингга ҳам боқмади-я! Худди сен менга боқмаганинг каби..
У ростмана кулаётганди устимдан.
Бу сафар дунёни, жамики одамларни денгиздаги ёлғиз ва мағрур чағалайга, ўзимни эса унинг ғийбатчи қўшниларига ўхшатдим.. 
Разиллик!
                                  Сабоҳат Раҳмон

УЗОҚДАГИ БОЛАМ
УЗОҚДАГИ БОЛАМ
Баъзан суратларингга қараб туриб дейман: ”Ростдан ҳам шу менинг боламми?”
Худди йилларни яшамагандекман, у – болаларини опичлаб, авайлаб, тишлаб катта қилган аёл – она мен эмасдек гўё.. Олисдаги болаларим билан мени боғлаган ип қилдан ингичка, кўз илғамас нур каби ҳолга келган гўё. Баъзан уни узиладими деб қўрқаман.. Гўё илдизи йўқ дарахт кабиман – узоқдаги болам эса суратдан менга кулиб қарайди. Одамлар “ҳаёт оқиб кетаяпти, кунлар сув каби” десалар ҳайрон қоламан. Мен учун кунлар – тунда бошланиб, тонгда тугайди – уйқуда. Чунки ундаги тушларда ҳамиша болаларим ёнимда бўлади, сухбатлашамиз, уларни ўпаман, қучоқлайман, асл ҳаётда ёнимда эмасликларини хотирламайман ҳам. Тушлар шундай, инсонга ярали ходисаларни унуттиради – бахтли бўласан. Уларда яшамоқ эса гўзалдир..
Эй, менинг гўзал юзли болажоним! Сенинг борлигинг мен учун тенгсиз бахт. Сизларни ўзим йўлладим бу ҳаётга. Кетмайман, деганингга қўймадим. Менинг тўмтоқ бахтли умрим билан овора бўлиб, ўз ҳаётинг, бахтинг, ҳузурингни бой беришингни истамадим. Сен бахтли бўл, болажоним! Бу умримда сизлардан бошқа бахтни кўрмадим-ки... 
Бир неча кун-ки, ОНАМни соғиниб яшаяпман. Унинг сиймосини, меҳрини беҳудага излаяпман бу дунёдан, одамлардан. Онамнинг қўлларини, улардаги ҳузурни излаяпман. Эскиси каби, тиззасига бошимни қўйиб, ухлагим келяпти, қўллари бошимни силашини жудаям истаяпман, излаяпман. Ҳар куни уйғонганимда, бир ерга кетишим керагу, аммо қаерга эканини унутиб қўйгандекман. Назаримда, мени биров кутаётгандек ва мана ҳозир, шу онда телефон жиринглаб, “нега келмадинг?” дейдигандек. Аммо қаерга кетишим керак эди? Билмайман.
Балки сенинг болалигингга кетишим керакдир, Болажоним! Қанийди шундай бўлса. У ерда адашиб қолсам ҳам розиман. Сенинг ҳаётингда бўлсам – етар. Сени ҳар куни қучсам - аввалгидек – бир йилда бир маротаба эмас. “Сени яхши кўраман” десам – телефонда ёки хабарда эмас - пешонангдан ўпа туриб.. Қўрқаманки, бир кун сенинг ҳидингни ҳам унутаман деб, эй менинг жаннатҳидли Болажоним. Ҳалигача болаликдан улғайгунингизгача бўлган буюмларингизни сақлайман, уларни ташлаб юборишга қўлим бормайди – уларга хиёнат қилолмайман. Ахир ўзим билан сизнинг болалигингизни ташиб юрибман.. 
Менинг бу гапларимга эътибор бермагин. Бу шунчаки, онийлик ожизлигимдир менинг. Биласан, аслида мен кучли ва иродали онаман. Фақатгина онаман бу оламда. Менинг бошқа шарафим, вазифам йўқ. Сизларга она бўлганим, мени бу шарафга лойиқ кўрган Аллохга шукур. Сизларни менга бергани учун ношукурлик қилишга қўрқаман. Аммо туғилганингиздан бошлаб, мен учун, БАХТга айланганингиз, рост. 
Расмингга боқарканман, яна сўраяпман: “Бу менинг болам-ми?” Ҳа, шундай. Менинг самимий, оқкўнгил болам, ақлли болажоним. Сизларни соғиндим. Жудаям. Сизга бўлган меҳрим кўзларимдан дарё каби тошаяпти.. Инсон ҳаётида ҳамиша қарорлар олиб яшайди. Қарор қабул қиларкан, инсоннинг ҳамиша бир тарафи оғрийди – ё ўзининг, ва ё бошқанинг. Менинг қалбим, бир ёним оғрисин! Аммо ҳеч қачон сенинг тарафинг оғримасин, Болажоним! Биламан, сенга ҳам мен етишмайман, аммо бу ришта ҳали бор – узилмади. Шундай экан, сен бахтли бўл, ҳузурли бўл мен учун ҳам. Мен эса тоғдек ортингда турибман, Болажоним!
                                           Сабоҳат Раҳмон
ЧЕЧАК ЮҚҚАН ЮРАКЛАР МАМЛАКАТИ
ЧЕЧАК ЮҚҚАН ЮРАКЛАР МАМЛАКАТИ

 

Агар сени 1-2 киши ёмон кўрса ҳам, сен яхши инсон ҳисобланаверасан, сени 5-10 киши ёмон кўрса ҳам, барибир у қадар ёмон эмассан. Сени юзлаб инсонлар севмасалар, билгинки, унчалик яхши шахс эмассан. Мабодо сендан дунёнинг яртиси нафратланса, тўхта! Демак сен инсон эмассан ортиқ, жохил, қалбсиз, шафқатсиз махлуқсан. Шу ерда сенга нисбатан “инсон” атамаси тугайди.

Дунёни ларзага солган ва солаётган бу уруш - сенинг урушинг, сенинг ўзингга қарши очган урушингдир! Бир неча кун ичида сени ҳурмат қилган ва ҳаттоки сенга сиғинган кўплаб (барчаси эмас) инсонларнинг ҳафсаласини “пир” қилдинг, душманларинг сони янада ортди, балки дўстларинг сони деярли қолмагандир. Нафрат буриштирган (айтишадики, дунёдаги жамики хасталикларнинг аввали хасадгўйлик, ичиқоралик, душманлик каби ботуний хислатларданмиш) қалбинг хасталигини оламга сочдинг – юракларга чечакни юқтира бошладинг. Бу – вабо! Бир қанча йил олдин дунё батамом қутулган касалликни бу сафар сен таналарга эмас, юракларга эмлай бошладинг.

Урушдан сал аввалроқ дўстларим олдида сени ҳимоя қилганим, бу урушга кирмаслигинг, шунчаки пўписа этаётганингни айтганим учун бугун пушаймонман. Мен сенпараст эмасман, шунчаки, дунёдаги бир нечта кучли сиёсатчилар қатори сенга ҳам ҳурматим баланд эди. Энди эса у йўқ. Вайрон бўлган мамлакат, қочоққа айланган миллат, бошпанасиз қолиб, бегона юртларга кетишга мажбур бўлган оналар, болалар.. (улар сендан нафратланади). Кўз олдида хотини ва 2 нафар фарзанди отиб ташланган эркак йиғлаяпти, яраланган оёғини касалхонада кесиб ташлаганлари учун эмас, болалари чинқириғи қулоқлари остида ҳамон жаранглаётгани учун.. “Энди бу дард мен билан бир умр яшайди” дейди у. (у сендан нафратланади)

Сен бутун дунёни қайғуга солдинг. Миллиардлар юрагига дарди бедаво чечакни юқтирдинг. Дунё мамлакатларининг иқтисодиёти, бугуни, келажагини барбод қилдинг, осмонни урушнинг қора тутунига тўлдирдинг, миллиардлар қўлидан сўнгги умиди, истиқболини тортиб олдинг. Гарчи булар айнан сенинг қўлинг билан бу ҳолга келмаган бўлсада, айбдорлар рўйхатининг энг бошида сенинг отинг бор. Албатта, сен билан жанг қилаётган ҳам жохилдир. Унинг ҳам қўллари қон – ахир сенинг аскарларингни қириб ташламоқда, бу жангчиларнинг бегунох ота-онаси, рафиқаси, гунохсиз фарзандлариниг уволи шаксиз унинг бўйнида. Аммо сен янада айбдорсан. Ахир вайронагарчилик билан ғолиб бўлолмайсан, балки қонхўр деган ном билан тарихда қоласан. Сен ва сенинг рақибинг. Дунёдан яна нима истаяпсан?

Мамлакатларни майда парчаларга бўлиб ташладинг, интернет тармоқларига кириб бўлмай қолди – у ерда ҳам уруш кетмоқда, мафкуравий уруш. Фикрлардан қулоқлар шанғиллайди, Сенинг урушинг ҳақида ёзган ҳам ёзяпти, ёзмаган ҳам. Бетарафлар – урушдан нафратланган кишилар ҳам бу олатўполоннинг ичкарисида қолиб кетмоқда. Бу ерда 2 та фронт бор: “путинпарастлар” ва “америкапарастлар” ва улар бир-бирларини у қадар ғажимоқдаларки, қўрқиб кетасан киши. Кўрдингми, асл дунёни барбод қила туриб, инсонларнинг ботуний оламини ҳам хароб қилганингни! Сен ҳар икки дунё юрагига чечакни юқтирдинг, хаста этдинг - бедаво этдинг.

Уруш ҳеч қачон ўзини оқламайди. Гарчи у зарурият юзасидан амалга оширилган ва миллатни, динни, чегараларни ва ниҳоят тинчликни (қандай бемаънилик!) кўзлаган бўлсада! Инсон бошига келиб тушган снаряд зарбаси инқилоб эмас, таназзул дебочасидир. Бундан буён сен дунё пойида тиз чўкиб узр сўрасанг ҳам авф этилмайсан. Инсонга тасалли берадиган биргина умид бор, у ҳам бўлса сенинг кўзларинг тўядиган кун. Балки англарсан ва балки йўқ!

                                                                        Сабоҳат Раҳмон

Пугачев уй-музейи
Пугачев уй-музейи

Ғарбий Қозоғистон вилоятининг Уральск шаҳрида жойлашган Пугачев уй-музейи

 

Ҳозирги ёшларнинг кўпчилиги Пугачев ҳақида билмасликлари тайин. Аммо 40 ёшдан юқори бўлган ўзбекистонликлар уни яхши билишади. Бор-йўғи 33 йил умр кечирган Пугачев (1742-1775) фирибгарликда айбланган бўлсада, ўзини ёлғондан Пётр III деб эълон қилгани ортидан асрлар оша тарихда қолди. Донлик казак оиласида туғилган Пугачев 18 ёшида Софья исмли бой қизга уйланади. 

IMG_3635

Орадан бир ҳафта ўтиб, казаклар сафида урушга – Пруссияга жўнатилади. 1756-1763 йиллар орасида давом этган Етти йиллик урушда иштирок этади. 1963 йили Пётр III нинг ўлими орқасидан Россияга қайтади. 1769 йили Пугачев рус-турк урушида қатнашди. Аммо 2 йил сўнгра қаттиқ касал бўлиб, тузалиш эхтимоли чўзилиб кетади. Сўнгра бир қатор саргузаштлардан сўнг у синглисининг уйига келади, синглиси, куёви ва куёвининг бир нечта дўсти  урушдан қочмоқчи эканини эшитгач, уларга ёрдам бериш учун Дон дарёси орқали қайиқда олиб ўтади (бу ерларда казаклар йўқлигини Пугачев биларди). Хавфли ерлардан ўтиб олган қочоқлар барибир қўлга тушади ва сўроқ пайти “бизни Пугачев қочирди, дарёдан ҳам бизни у олиб ўтди” дея гувохлик берадилар.  У вақтларда урушдан қочган киши ўлимга хукм этиларди.

IMG_3634

Екатерина II га қадар Урал дарёси Яик деб аталарди ва казаклар унинг атрофида ўтроқлашган, балиқчилик билан шуғулланишарди. Пётр I даврида дарёга эгалик қилишдан маҳрум қилиниб, қисувга олинган казаклар, ундан сўнг тахтга ўтирган Ёкатерина Iiдан умид қилишганди, аммо умидлари пучга чиққач, уларнинг қўзғолон учун қулай вазиятни кутиб, узлатга чекинишдан бошқа чоралари қолмаганди. Айнан шу даврда даврага қўрс, ҳеч нарсадан қўрқмас Емельян Пугачев кириб келади. Гарчи у казакларни турк султони олдига қочишга даъват этиб, чегарада уларга катта пул ва ёрдам берилишини айтса-да, казаклар юртни ташлаб кетишга рози бўлишмайди.

IMG_3587

Қамоқдан чиққан Емельян Пугачевни казаклар ўзларига бошчи қилиб олишади. Ниҳоят, Екатерина IIга қарши Пугачев бошчилигидаги қўзғолон бошланиб кетади. Одамлар орасида “Петр III тирик экан” деган миш-мишлар тарқайди. Сохта-шох тарафига ўтмаганлар ўлдирилди. Пугачевни фақат казакларгина эмас, шунингдек, татарлар, қалмиқлар ва бошкирдлар ҳам қўллай бошлади. 2 ҳафтада катта қўшин тўплаган Пугачев Оренбург томонга юриш бошлайди..

IMG_3629

Қўзғолон 2 йил давом этди. Бу даврда Пугачев буйруғи билан танга пул ва қўзғолон қахрамонлари учун махсус орден ҳам ясалган эди (уларнинг айримлари Уральскдаги Пугачев уй-музейида сақланмоқда). Бу даврда, гарчи Пугачевнинг хотини ва 3 нафар фарзанди бўлса-да, казаклар уни – подшох Петр III сифатида (сохта-подшо) Петр Кузнецовнинг қизи 16 ёшли Устина Кузнецовага уйлантиришади. Пугачев уй-музейи жойлашган бино айнан Устинага тегишли эди. Улар 2,5 ой бирга яшашади, холос.

IMG_3574

Қўзғолон 1775 йили Екатерина II томонидан тор-мор қилингач, казаклар Пугачевни тутиб беришади, у қатл этилиб, ўлиги бурда-бурда қилинади. Пугачевнинг ҳар икки хотини – Софья ва Устина ҳамда Емельяннинг 3 нафар фарзанди эса зиндонга ташланади ва улар ўша ерда халок бўлишади. Икки кундош, ҳаётининг сўнгги кунларини биргаликда ўтказганликлари, сохта-подшо – Пугачевнинг фарзандларига охиригача ғамхўрлик қилганликлари ҳақидаги ҳикоя узоқ йиллар тилларда достон бўлди.

 

 

Қайта чоп этиш, шунингдек ушбу сайтдаги материаллардан фойдаланишга фақат эгасининг розилиги билан рухсат берилади.
Напишите нам
это поле обязательно для заполнения
Ваше имя*
это поле обязательно для заполнения
Телефон:*
это поле обязательно для заполнения
Комментарий*
это поле обязательно для заполнения
Галочка*
Спасибо! Форма отправлена