Ошибка. Неверный логин или пароль
Авторизация
Авторизован
Личный кабинет
AYOLLAR.UZ
Дунё бўйлаб аёллар тенглиги ҳақида веб-сайти
Главная/Мавзулар/Менинг олисдаги Отам

Менинг олисдаги Отам

Менинг олисдаги Отам
Менинг олисдаги Отам
 
Кичкиналигимдан юрагимда чуқур хотиржамлик билан улғайдимки, орзулашга, хаёлий дўстлар билан суҳбатлашиш, олис юртларга китоб орқали сафарга отланиш каби — ҳозирги замоннинг Z авлоди тасаввурига ҳам сиғмас - болаликнинг бетакрор онларини яшашга муваффақ бўлдим. Сабаби оиламдаги 10 фарзанд учун дунёнинг бутун дардларини ўз елкасига олиб, биз жужукларга беташвиш яшаш завқини тутган азиз инсоним — Отам бор эдилар. Сўз уларни улғайтирган, ўқитган, инсонларнинг шахсий дунёсига ҳурмат билан қарашни уқтирган, қалбимизга яхши инсон бўлиш қоидаларини сингдирган Отам ҳақида. Бундан 1 ой аввал отам — Рустам Раҳмон таваллудининг 100 йиллигини оиламиз даврасида нишонладик.
Шу кун 57 йиллик умрим давомидаги бир ҳақиқатни тушундим: ота-она фарзанди қалбига қатлаган яхши-ёмон ҳар қандай ўгит юрак пойдевори, шаклига айланар экан ва улардан кейин ҳам бу шакл бузилмас, инсонни бир умр юрак деворидаги нақш жимжимасига мувофиқ
 тутиб турар экан у. Ҳаёт ҳам шунга кўра яшалар экан. Отамиз бизларга бировлар ҳақида салбий фикр билдириш, ғийбат қилишга ҳеч қачон изн бермас, биз дастурхон атрофида ҳам фақат ўзимизга тегишли воқеалар, ўқиган китобларимиз ҳақида суҳбатлашардик ва бу қоида ҳозиргача ҳам сақланиб қолган. Отамиз биз учун Дунёнинг устуни эдилар — мен кичкиналигимда энг севган машғулотим — инсонларнинг камчиликларини топиб, уларни хаёлимда найзага айлантириб, юзига отиш ўйинимдан биргина ота-онам омон қолишарди; нега биргинада 2 кишини айтишим сабаби — назаримда, улар бир танадаги 2 чеҳра эдилар, чунки отам нари кетдилар, энди шухлик қиламан деб турганимда улар ўрнида онам пайдо бўларди. Отамиз бизларни меҳнат қилишга ўргатганлар, «инсон фақат меҳнат қилиш орқалигина бошқаларнинг қадрига ета олади» деган фикр тарафдори эдилар. Ёзувчининг фарзандлари бўлсак-да, ўша пайтларда дарсларимиз ва уй ишларидан ташқари барча қатори пахтага чиқар, шоли етиштирар, ипак қурти парваришлардик. Албатта, оиланинг кичиги ўлароқ, мен бу ишларда кўп ҳам иштирок этмасдим, аммо яна-да опаларим қатори жамики иш қўлимиздан келарди. Отамиз бундай пайтлар бизларнинг кайфиятимизни кўтариш учунми «Биз меҳнат-роҳат лагеридамиз» дея ишни ҳам ўйин-кулгига айлантирардилар. Балки шунинг учун биз бахтли болаликни яшагандирмиз...
Сўнгра улғайдим. 
Ҳатто бир куни талабалигимда мени кўргани Тошкентга борган отамни кузатгани чиққанимда, атрофни қоплаган оппок қорни кўриб, «ҳўкиздек» қиз «мени учиринг» дея отамнинг қўлларига осилганман ва бир неча 100 метрдан сўнг қаршимдан чиққан курсдошларимнинг бақрайган юзларига кўзим тушгач, сирпанишни бас қилгандим. Шунда ҳам отам «Кап-каттасан, бўлди» демаганлар... Улардан сўнг ҳаётимда ҳеч ким менга отамнинг олийжанобликларини раво кўрмади...
 
Мен бу ҳақда доимо гапираман: ҳақиқий ҳаёт — қийинчилик ва зўрликка тўла кунлар отам вафотидан сўнг бошимга тушган. Унгача маликалардек яшаган эканман: пул қаердан келади, қаерга кетади, иқтисод ва сарф нима — ҳеч балони билмасдим. Менинг асл қийинчилигим 25 ёшимдан сўнг бошланган..
Отамсиз кечган йилларим сони ортгандан ортди, аммо асло камаймади. Ҳар сафар қабристонга борганимда ҳаётимдаги ҳеч кимга айтмаган сирларимни отам ё онам билан баҳам кўраман. Ўша онлар уларни ёнимда ҳис қиламан ва ўзимни яна аввалгидек бахтли ҳис қила бошлайман, чунки мен уларнинг ўз ота ва онасини юрагида ташиган қизлариман.
Бугун мен фахр билан шуни айта оламан: яхшиямки менинг ота-онам сизлар бўлган экансиз! Мен бундан фахрланаман!
Ётган жойингиз обод бўлсин, менинг олисдаги отам!
Ётган жойингиз обод бўлсин, менинг олисдаги онам!
 
Сабоҳат Раҳмон
Теги рустамрахмон
Қайта чоп этиш, шунингдек ушбу сайтдаги материаллардан фойдаланишга фақат эгасининг розилиги билан рухсат берилади.
Напишите нам
это поле обязательно для заполнения
Ваше имя*
это поле обязательно для заполнения
Телефон:*
это поле обязательно для заполнения
Комментарий*
это поле обязательно для заполнения
Галочка*
Спасибо! Форма отправлена